Андижон вилояти Бўстон туманидаги 25-сонли умумтаълим мактабида текширувлар учун 100 доллардан пул йиғилгани ҳақида аудиоёзув ижтимоий тармоқларда тарқалганди. Мазкур ҳолатни атрофлича ўрганиш мақсадида вилоят Халқ таълими бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилганди. 4 июль куни бошқарма ўрганишлар натижалари бўйича батафсил маълумот берди.
Маълум қилинишича, мактаб маъмурияти, педагог жамоаси ва аудиоёзувга алоқадор шахслар билан ўтказилган суҳбат давомида аудиоёзувлардаги ҳолат Бўстон тумани 25-умумтаълим мактабида 2019 йил май ойида умумтаълим мактаби директори Д.А. бошчилигидаги йиғилиш жараёнидан ёзиб олинганлиги аниқланган.
Унда мактаб раҳбари томонидан мактабда ўтказилган бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан назорат тадбирида аниқланган камомадларни ёпишни тўй баҳонасида пул маблағларини ушлаб қолиш бўйича кўрсатма берилган.
Мазкур ҳолат ўша вақтнинг ўзида аниқланиб, 2019 йил сентябрь ойида бош бухгалтер ва касаба уюшмаси вакили иштирокида мазкур маблағлар нақд пул кўринишида ўқитувчиларга қайтариб берилган ва буни мактаб педагогик жамоаси ҳам тасдиқлаган (тўлов ведемостлари мавжуд).
Мактаб директорига нисбатан эса интизомий жазо чораси кўрилган. Бироқ Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси мазкур ҳолат бўйича мактаб директорига кўрилган чорага қаноатланмай, мактаб раҳбарини лавозимидан олишга қарор қилган ва мазкур чора эртага расмийлаштирилади.
«Мана шундай қонун бузилиши ҳолатлари, ноқонуний пул йиғимлари ҳолатларига дуч келсангиз, @Talim_inspektori_bot платформасига ёки вилоят Халқ таълими бошқармасига мурожаат этишларингиз сўралади», — дейилади Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати хабарида.
Изоҳ (0)