Қашқадарё вилояти махсус комиссиясининг 28 июнь куни ўтказилган йиғилишида воҳадаги коронавирус билан боғлиқ вазият ва Республика махсус комиссиясининг қабул қилинган қарорини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Фото: Қашқадарё вилоят ҳокимлиги

Хабарга кўра, муҳокамада 26 июнь куни вилоят раҳбарининг воҳа аҳлига йўллаган мурожаати юзасидан аҳоли томонидан қолдирилган изоҳларга ҳам эътибор қаратилди.

«300 нафардан зиёд фуқароларимиз мурожаатим юзасидан таклифлар билан чиқди. Одамларимиз тўйлар ҳали ҳам 300-400 кишилик ўтаётганидан хавотирда. Шунингдек, вилоятдаги иқлимни ҳисобга олиб, овқатланиш объектларининг иш вақтини соат 22:00-23:00 га қадар узайтириш таклифи ҳам кўп тушди. Воҳадошларимиз таклифларини инобатга олиб, умумий овқатланиш объектлари — кафе, ошхона, чойхоналарнинг ишлашига соат 08:00 дан 22:00 гача рухсат берилишини таклиф қиламан», — деган Зоир Мирзаев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 28 июндан кўнгилочар ва овқатланиш объектлари фаолиятига чекловлар ўрнатилди. Унга кўра, Республика бўйлаб кўнгилочар объектлар — ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, билярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари — кафе, ошхона, чойхоналарнинг ишлашига соат 08:00 дан 20:00 гача рухсат берилди.

Шунингдек, кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектларида ташриф буюрувчиларга ушбу муассасалар умумий сиғимининг 50 фоизидан қатъий оширмаган ҳолда хизмат кўрсатиш белгиланди.