Коронавирусга қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссияси қарори билан 28 июндан Тошкент шаҳрига вилоятлардан автотранспорт (автобус, автомобиль) воситалари орқали ўта зарурат бўлмаган ҳолларда кириш бўйича чекловлар ўрнатилиши белгиланган эди. Бироқ душанба куни амалда шаҳарга деярли чекловларсиз (айрим постлар ёпилгани ҳисобга олинмаса) кириш мумкин бўлди.
Муаллифлари расмий доираларга яқин деб тахмин қилинадиган «Нигоҳ» Telegram каналининг ёзишича, «пойтахтга кираётган барча транспорт воситалари ҳайдовчиларига 28 июнь куни тушунтириш ишлари олиб борилган. 29 июндан эса Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан автотранспорт воситалари орқали ўта зарурат бўлмаган ҳолларда кириш бўйича чекловлар ўрнатилади».
Аввалроқ Тошкент шаҳрига вилоятлардан кириш бўйича ўрнатилган чеклов тез орада ўзгартирилиши (эҳтимол, бекор қилиниши) мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Ўз навбатида, ИИВ матбуот хизмати бу борадаги ўзгаришлар фақат расмий манбалар орқали эълон қилинишини эслатиб ўтган. 28 июнь соат 21:45 ҳолатига кўра ўзгаришлар ҳақида расман эълон қилингани йўқ.
Маълумот учун, чекловлар сабаб пойтахтдан Тошкент вилояти ҳудудига чиқувчи автобуслар ҳаракати ЙПХ пост масканигача ташкил қилинади.
Изоҳ (0)