Россия Федерал божхона хизмати Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасига XIII–XIX асрларга оид 29 та китоб ва 16 та сопол буюмни топширди. Бу ҳақда Россия Федерал божхона хизмати хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, маросим 21 июнь куни Москвада ноқонуний олиб кирилган маданий бойликларни аниқлаш ва қайтариш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ бўлиб ўтди.
Қимматбаҳо буюмларни Ўзбекистондан Россияга олиб кириш Қрим божхонаси ходимлари ва Россия хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан тўхтатилган. Жиноят Қримда яшовчи шахс томонидан содир этилган. У икки йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Қўлёзма китоблар, араб, форс ва туркий тиллардаги диний матнлар тўплами, шунингдек, форс ҳамда туркий тиллардаги шеърлар XIX аср Ўрта Осиё ёзма маданияти учун хосдир.
Керамика буюмлари – кўзалар, коса, хумлар эса Ўрта асрлардаги Самарқанд кулолчилик устахоналари маҳсулотидир.
Бундан аввал Тошкентда Николай II даврига тегишли тангаларнинг олиб чиқиб кетилишининг олди олингани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)