Шимолий Корея АҚШ билан ҳам мулоқотга, ҳам қарама-қаршиликка тайёр туриши керак. Бу ҳақда КХДР етакчиси Ким Чен Ин Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитасининг ялпи мажлисида айтиб ўтди, деб ёзади «РБК».

Фото: Getty Images

Сиёсатчи КХДРнинг «қадр-қиммати ва манфаатларини» ҳимоя қилиш, шунингдек, «осойишталик ва мамлакат хавфсизлигининг ишончли кафолати»ни таъминлаш мақсадида, хусусан, АҚШ билан тўқнашувга тайёр бўлиш лозимлигини таъкидлади.

Январь ойи бошида Ким Чен Ин Шимолий Корея Меҳнат партиясининг VIII съездида АҚШ КХДРнинг асосий душмани бўлиб қолишини маълум қилган. «Бизнинг ташқи сиёсий фаолиятимиз келажакда инқилобий ривожланишимиз йўлидаги асосий тўсиқ ва энг катта душман бўлган АҚШни йўқ қилиш ва бўйсундиришга қаратилиши керак», — деган эди у. Шу билан бирга, агар Оқ уй ўзининг душманларча сиёсатидан воз кечса, Пхенян Вашингтон билан муносабатларни нормаллаштиришга тайёр.

Март ойида эса АҚШ қарийб бир ойдан буён Шимолий Корея билан турли дипломатик каналлар орқали боғлана олмаётгани ҳақида хабар берилган. Таъкидланишича, АҚШ ва Шимолий Корея ўртасида фаол мулоқот олиб борилмаётганига бир йилдан ошган.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден КХДР етакчиси Ким Чен Ин билан муайян шартлар асосида учрашиб, суҳбатлашиб олишга тайёрлигини билдирган эди.