Бухоро вилояти Когон шаҳрида инсон саломатлигига зарарли бўлган ёғ сотаётган шахс ушланди, дея хабар бермоқда вилоят ИИБ.
Қайд этилишича, Бухоро вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг навбатдаги тезкор тадбири давомида Когон шаҳар «Соҳибкор деҳқон бозори» МЧЖ автотураргоҳида Когон шаҳар «Адолат» маҳалласида яшовчи, 1968 йилда туғилган З.Ҳ. исмли шахс ўзга бир шахсга қўлбола усулда чигитдан олинган ҳар бир литр ёғни 30 000 сўмдан сотишга келишиб, 120 литр ёғни 3 550 000 сўмга сотаётгани аниқланган.
З.Ҳ.дан тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган 120 литр жувоз ёғи Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати хулосасига кўра инсон ҳаёти ҳамда соғлиғига хавф солувчи, шунингдек, истеъмолга яроқсиз экани аниқланган. Ушбу ёғ маҳсулоти истеъмол қилинганида ошқозон ва жигар аъзоларига салбий таъсир этиб, ўткир ҳамда сурункали заҳарланиш ҳолатларини келтириб чиқариши мумкинлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан З.Ҳ.га нисбатан Жиноят кодексининг 186-2-моддаси 1-қисми (чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал Қашқадарёда қўлбола ёғ ишлаб чиқараётган фуқаро аниқлангани, Тошкентда сотилаётган «Андижон музқаймоқлари»да ичак касалликларини қўзғовчи бактериялар аниқлангани ҳамда Қашқадарёда 600 кг истеъмолга яроқсиз гўшт йўқ қилингани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)