Қадимги Рим олимлари ҳар бир инсонда уни ёмонликлардан ҳимоя қиладиган, унга яхшиликларни кафолатлайдиган, унинг уйини ҳимоя қиладиган «даҳо» — қўриқчи фариштаси бўлади деб айтган. Бу сўзнинг замонавий маъноси ўзгарган. Энди биз бошқаларнинг ақлини шошириб қўядиган инсонларни даҳо деб атаймиз. «Реал» ярим ҳимоячиси Фернандо Редондони шу тоифага киритишимиз мумкин. Қуйида Редондонинг футболдаги йўли ҳикоя қилинади.
Фернандо Карлос Редондо 1969 йил Буэнос-Айрес яқинидаги Адроге шаҳарчасида таваллуд топган. Унинг ота-онаси ўрта қатлам вакиллари бўлиб, Редондонинг болалиги оддий болаларники каби ўтган.
Ёш Фернандо келажаги учун истаган касбини танлаши мумкин эди, лекин у футболда тўхтади. Унинг отаси ҳам футболчи бўлиб, ярим ҳимоя чизиғида ҳаракат қиларди. Шунингдек, «Индепенденте» жамоасининг ашаддий мухлиси ҳам эди. Барча оила аъзолари бир жойга йиғилиб, футбол томоша қилиш оилавий анъанага айланган. Экранда ўз даврининг қаҳрамонлари — Рикардо Бочини ва Даниэль Бертониларнинг ўйини намойиш этиларди. Улар Либертадорес Кубогини кетма-кет қўлга киритарди. Фернандо ўз кумирларидан руҳланиб, уларга тақлид қилишга уринарди. Футбол тугагач болакай акаси Лео билан боғ томонга тўп тепгани кетарди.
Тез орада у ёшлар даражасида футбол ўйнай бошлади. Скаутлар уни кузатиб борарди. Жумладан, «Архентинос Хуниорс» скаути Оскар Рефохос ҳам. У 11 ёшли футболчининг уйига ташриф буюриб, Хосе Пекерман ва Диэго Марадоналарни ўстирган жамоада тез орада машғулот ўташи мумкинлигини айтган. Бу жиддий ва масъулиятли вазифа эди. Яхшиямки, Фернандонинг отаси бу масъулиятни ҳис қилган. Уни ўғлининг машғулотларга бориши учун соатлаб йўл босиши хавотирга солмаган, болакай черковдан чиқиши билан жамоаси билан футбол ўйнагани югурарди.
«Хуниорс» мураббийи Фернандо Корнехо ёш истеъдодлар билан ишлашни биларди. Айнан у ўз вақтида 8 ёшли Марадонага эътиборини қаратган эди. Аммо Редондонинг ўйин услуби Корнехода саволлар туғдирди: «Сен жуда кўп нарса намойиш қилиб юборасан, финтлар ва трюкларга кўп эътибор бериб қўясан», — деди ёш Фернандога қараб. «Мен ростдан ҳам гамбета услубни яхши кўрардим, аммо мураббий бу керакли вазиятларда қўлланиши лозим бўлган қурол эканлигини таъкидлади».
Клуб миқёсида профессионал дебютидан 5 ой аввал халқаро мусобақада соврин ютган футболчининг истеъдоди ҳақида гапира бошлашди. 1985 йилда Жанубий Америка ёшлар кубогини боши узра кўтарган футболчи Аргентинанинг энг яхши футболчисига айланди. «Хосе Амалфитани» трибунасида 40 минг мухлис кўз олдида Редондо Уго Марадонадан (кимнинг укаси эканлигини биласиз) устун келди ва жамоасига Бразилияни 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратишида ёрдам берди. Мухбирлар дарҳол ёш футболчига диққатини қаратди.
Шундан сўнг мураббий Хосе Юдика иқтидорини намойиш этаётган ёш даҳони асосий таркибга қўша бошлади. Фернандо 1988 йил, Серхио Батиста «Ривер Плейт»га ўтганидан кейин асосий таркиб футболчисига айланди.
Журналист Данел Балмаседа Редондодан «идеал аргентиналик футболчи»ни таърифлаб беришини сўраганда у «ақлли ва ўйинни ўқий оладиган характерга эга, талантли ва техник жиҳатдан кучли бўлиш керак», — дейди. Атайинми ёки йўқ, у ўзининг кучли томонларини таърифлаб берган эди. Айнан шу жиҳатлари Европа скаутларини эътиборини тортганди ва улар футболчини ўзлари билан олиб кетишга тайёр туришарди.
Шуни таъкидлаб ўтиш керак, «Архентинос» ўз футболчиларига мавсум сўнгида янги шартнома таклиф қилишни негадир ёддан чиқариб қўйди. Бундай эътиборсизлик туфайли бутун жамоа ишсиз қолди. Тўғри, барча индамасдан ортга қайтди. Фақат бир кишидан ташқари.
Тезкор Хорхе Солари («Реал» юлдузи Сантьяго Соларининг амакиси) Редондога биринчи бўлиб шартнома таклиф қилди. У эндигина Ла Лигада зўрға жон сақлаб қолган «Тенерифе» жамоаси мураббийига айланган эди. Жамоа Еврокубокларга йўлланма берадиган ўринлар учун курашиш мақсадида кўплаб футболчиларни сотиб ола бошлади. Масалан, ёш Алберт Феррер ижарага олинди, истеъдодли футболчи Херардо Мартино харид қилинди. Аммо бугунги қаҳрамонимиз жамоага қўшилишидан аввал клубнинг муваффақиятига ҳамма шубҳа билан қарарди.
Ёш ярим ҳимоячи ўзига эътибор жалб қилмасдан қўймасди. Кенг елкалар, аргентиналикларга хос техника ва турлича услубларнинг ноёб аралашмаси — барчаси унда мужассам эди. Редондо жамоадошларидан ажралиб турарди. Ундан ташқари майдонда агрессив ва ғолиблик руҳияти билан ҳаракатланарди. «Осасуна»га қарши ўйинда рақибига ташланиб, уни ерга йиқитади ва майсани унинг оғзига олиб бориб: «е, эшак!», — деб бақиради.
«Тенерифе» қанчалик бўйнидан баланд сакрамасин, мусобақа жадвалида юқорига чиқиш насиб этмади. Ўша йилги мавсум фақатгина «Реал» устидан қозонилган ғалаба билангина ёдда қолди. Сўнгги турда «Тенерифе» «Реал»ни мағлуб этиб, мадридликларни чемпионликдан мосуво қилганди. У вақтда эса Солари жамоани тарк этган, унинг ўрнини эса Хорхе Валдано эгаллаб улгурганди.
36 ёшли аргентиналик мутахассис эндигина футболчилик фаолиятини якунлаганди, унга мураббийлик вазифасини таклиф этилди. Валдано танлови тўғри бўлиб чиқди: аввалига «Тенерифе» мусобақада қолиш учун ҳаракат қилган бўлса, кейин бешинчи ўринга чиқиб олди ва УЕФА Кубогига йўлланмани қўлга киритди. Редондо эса ўша таркибнинг алмаштириб бўлмас футболчиси эди. «У ҳақида нимадир гапириш керак бўлса, шуни айта оламан: у хаёлига нима келса, оёғи билан ўша нарсани қилиб кетаверадиган кам сонли футболчилардан бири. Фернандо — жамоам учун муҳим бўлган футболчи» — деб тан олганди Валдано.
Хорхе Валдано «Реал»га чақирилгач, ўзи билан футболчини ҳам олиб кетди. 1994 йилда мадридликлар сафида янги 6-рақамли футболчи пайдо бўлди. Мухлислар дарҳол уни ёқтириб қолди, гўёки у шу клуб учун яратилгандек. Фернандо «қироллик клуби»га хос ҳаракат қиларди. Унга голливудча ташқи кўринишни ҳам қўшсак, унинг терма жамоадаги шериги Диэго Симеоне нега Редондони «шаҳзода» деб аташини тушунишимиз мумкин.
Валданонинг ғалабали юришлари давом этарди, «Реал» у билан жуда тез равишда совринга эга чиқди. «Реал» жамоаси шунчаки ғалаба қозонмади, буни жуда чиройли ўйин намойиш этган ҳолда амалга оширди. Редондо билан биргаликда Иван Саморано ва Микаэл Лаудруплар ҳам соврин ютди. «Мен у ерда тўп суришни ёқтирардим, — тан олади Фернандо Диэго Берлински билан бўлган интервьюда. – Бу позиция майдонни тўлиқ кўра олишим ва ўйинни ўқишим учун қулай».
Чемпионлик – албатта, яхши. Лекин Мадридда ҳамманинг ўйи бошқа нарса билан банд. «Реал» 30 йилдан буён Чемпионлар Лигасини қўлга кирита олмаётганди. Ички чемпионатда барчаси жойида, аммо Еврокубоклардаги омадсизлиги сабаб мавсум ўртасида Валдано жамоадан кетди. Унинг ўрнини Фабио Капелло эгаллади. Италиялик мутахассис ҳам Испания чемпионлигини қўлга кирита олди, холос. Лекин жамоа Чемпионлар Лигасида навбатдаги омадсиз мавсумини ўтказди. Қандай қилиб жамоа шундай жамоа Еврокубокни қўлга кирита олмаётганини мухлислар тушунмасди.
Редондо ҳам шу ҳақида ўйларди. Футболчи уни «тактик жиҳатдан идеал» деб атайдиган Капелло жамоасининг асосий таркибида майдонга тушарди. «Реал» «Милан» фонида кучсизроқ жамоа бўлиб кўринаётганди. Силвио Берлускони жамоасида 5 та «шалпангқулоқ» соврин мавжуд эди. «Қаймоқранглилар»да эса бу соврин 6 та. Яқин орада Италия жамоаси «Мадрид»ни ортда қолдириши ҳеч гап эмасди.
Омадсиз тамғани олиб ташлаш вазифаси Юпп Ҳайнкесга топширилди. «Қироллик клуби»нинг қаршисида Италиянинг бошқа бир жамоаси — «Ювентус» турганди. Туринликлар ўша мавсум жуда кучли эди ва Чемпионлар Лигаси финалида ҳам осон ғалаба қозониши тахмин қилинганди. Мадридликларнинг хавотирини тушуниш мумкин эди: ўйиндан олдин ухлай олишмади, туни билан ўзларида жасорат пайдо қилишга уринарди.
1998 йилги финал «Реал» тарихидаги энг муҳим ўйинлардан бири эди. Бизнинг иштаҳамиз ҳам бўғилганди – футболчилар ва мухлислар ўша кунни интизорлик билан кутишарди.Редондо учун ҳам ўша финал муҳим аҳамият касб этарди. У ўз даврининг энг кучли футболчиларидан бири Зинедин Зиданга қарши майдонга тушаётганди. Қайсидир маънода майдон марказида французни «бўғиб» қўйди ҳам. Ўйиннинг 67-дақиқасида Предраг Миятовичнинг урган голи мадридликларга узоқ кутилган совринни олиб келди. Мадрид кўчаларига миллионлаб мухлислар чиқди, президент Лоренцо Санс эса ниҳоят эркин нафас ола бошлади. У Чемпионлар Лигасини ваъда қилган эди, унинг устидан чиқди. Роберто Карлос, Кларенс Зеедорф ва Давор Шукерларга сарфланган миллионлар ўзини оқлади.Мануэль Санчис, «Реал» сардори
Ишидан қониққан Ҳайнкес жамоадан кетди, унинг ўрнини Хосе Антонио Камачо эгаллади. У эса президент билан тортишиб қолди ва жамоада узоқ қолмади. Янги мураббий Гус Ҳиддинк келганида эса «Реал» формада эмасди. Ҳаттоки нидерландиялик мутахассис ҳам футболчиларга чемпионлик руҳиятини қайтариб бера олмади ва 1999 йил февраль ойида истеъфога чиқди. Унинг ўрнини эса Жон Тошак эгаллади.
«Мен февраль ойида жамоада келганимда аҳвол жудаям оғир эди. Футболчиларда иштиёқ йўқ эди. Бутун бошли жамоага бир нечта футболчилар ёмон таъсир ўтказарди. Баъзи футболчилар машғулотларга юзаки қарарди» – деб ёзади Жон Тошак ўз автобиографиясида.
Тошак юлдузлик касалига чалинган футболчилар билан жиддий шуғуллана бошлади. У жамоани ўзига келтира олди. Мавсум якунида «Реал» иккинчи ўринни эгаллади. Ҳаммаси яхшилигига қарамасдан, бу мураббий ҳам раҳбарият билан мунозаралардан сўнг жамоани тарк этишга қарор қилди. «Қаймоқранглилар»нинг янги устози Висенте дел Боске ўзининг юмшоқ характери билан футболчилар ва президент Санснинг ҳурматига сазовор бўлди.
Редондо ҳам янги мураббий билан тез тил топишди. Уларнинг темпераментлари ўхшаш эди. Ярим ҳимоячи мутахассис билан дўст тутинди. Мураббий ҳам шогирдини таркибнинг муҳим футболчиси деб атарди.
Ҳаттоки уйғунлик ҳам «Реал»га ғалабаларни кафолатламади. Кийим алмаштириш хонасида сокинлик ҳукм сурарди, майдонда эса ишлар юришмасди. Жамоа ўзгаришларга муҳтож эди. Ёзда жамоага Николя Анелка, Мичел Салгадо ва Иван Элгера каби футболчилар олиб келинди. «Ливерпуль» футболчиси Стив Макманаман жамоага текинга тушган.
Happy Birthday Fernando Redondo!pic.twitter.com/Gmhi2o7sQE
— 90s Football (@90sfootball) June 6, 2021
Бу ҳам жамоага ёрдам бера олмади. «Реал» янги йил олди «Валенсия» ва азалий рақиби «Атлетико»га имкониятни бой берди. Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи эса «Бавария»га учралган икки мағлубият билан ёдда қолди. Чорак финалда эса «Манчестер Юнайтед» рақиб бўлишини эшитган мухлислар шармандали мағлубиятга тайёрланишарди. Уйдаги нурсиз дуранг уларни хавотирини салгина боса олди, холос.
Барчамиз билганимиздек, жуда эрта ваҳима қилинди. Балки, испанларга қарши амалдаги чемпион ҳаракат қилаётгандир, лекин таркибда исталган ўйин тақдири ҳал қила оладиган Редондо бор эди. Фернандонинг «Манчестер Юнайтед»га қарши финти барчанинг ёдида.
Fernando Redondo, Champions League, Old Trafford, y una jugada de ensueño #GolesQueNoTePuedenFaltar pic.twitter.com/I7nJvFEde6
— VarskySports (@VarskySports) June 6, 2021
«Қизил иблислар» мағлубиятга учратилди. «Реал» эркин нафас олишига ҳали эрта эди. Кейинги босқичда уларни «Бавария» кутиб турарди.
Айнан шу учрашувда дел Боскенинг ишларига баҳо бериш мумкин эди. Доим ҳам фаворит ҳисобланмаса, жанговар жамоани шакллантира олди. Унинг «Реал»ида Редондо 11 сардорнинг бири эди. Ҳар бир футболчи охиригача кураш олиб борарди. Олдинда 1998 йилдан буён илк финал турганди.
Редондо ўша вақтда 30 ёшни қаршилаганди. Финаллар у учун янгилик эмасди, лекин жамоадошларига ўргатадиган нарсалар бор эди. «Валенсия» кучли эди. Аммо Фернандо Морентеснинг голи уларнинг мотивациясини сўндирди. Финалда ғалаба.
Шу билан «Реал Мадрид» президенти Санснинг даври ўз ниҳоясига етди. Унинг ўрнига келган Флорентино Перес клубдаги ҳамма нарсани ўзгартириб юборди. Шу жумладан, Редондо ҳам Мадридни тарк этиши лозим эди. Президент буни футболчининг ўзига айтмади, учинчи одам орқали етказди. «Қаймоқранглилар» шарафини муносиб ҳимоя қилган футболчи бундай муомаладан ранжиди.
«Реал» – менинг уйим ва менга бошқа ҳеч нарса керакмас. Агар мен рўйхатга тушган бўлсам, менинг кетишим учун клуб қўлидан келган ҳамма нарсани қилади.«Қаймоқранглилар» кетиш қарори Редондонинг ўзига тегишли эканини айтди, аммо бунга ҳеч ким ишонмади. Мухлислар барчасини тушуниб турган эди. Севимли жамоасининг яна бир буюк футболчиси жамоани тарк этяпти. У жамоадан кетган бўлса ҳам, Мадридда намойиш этган ўйинлари ҳали-ҳамон мухлислар ёдида.
Изоҳ (0)