Айни дамдаги Италия терма жамоасининг асосий юлдузларидан бири, сўзсиз, Лоренцо Инсиньедир. Қуйида Неапол ўғлонининг катта футболга кириб келиши, фаолиятидаги қийинчиликлар ҳақидаги ҳикояси тақдим этилади.
8 ёшимда мен гуноҳ ишга қўл урдим. Балки кўпчилик буни гуноҳ деб ҳисобламас, лекин сен Неаполда яшасанг ва кичкина бола бўлсанг — бу сўзсиз гуноҳ. Эндигина маҳаллий мактаб жамоасига қабул қилингандим ва менга бутси жуда зарур эди. Афсуски, улар менда йўқ эди. Мактаб учун ўйнайман деб ўйламагандим. Жуда ёш ва кичкина эдим.
Ҳа, мен пакана эдим!
Аммо менга фарқи йўқ эди. Ҳар қанақа вазиятда футбол ўйнашни истардим. Бир куни катта акам ўзи билан футбол мактабига олиб борди ва мен унинг футбол ўйнаётганини томоша қилишим керак эди. Лекин менда бошқа режа пайдо бўлди. Майдонга тушишга рухсат бермагунларича йиғлай бошладим. Бу бутун бошли драмага ўхшаганди. Мен худди жон таслим қилаётгандек майдонга ётиб олгандим. Ниҳоят, мураббийлардан бири: «Яхши! Яхши! Майли, болакай бир неча дақиқа ўйнасин», — деди.
Улар шунчаки мени жим қилиш учун рухсат беришганди, лекин мен уларга футболни яхши ўйнашимни исботладим. Шу тариқа катта болалар жамоасига қабул қилиндим. Жуда бахтли эдим, аммо бутсиларим йўқ эди. Ҳар куни дадамдан бутси олиб беришини илтимос қилардим, лекин иккита муаммо қаршисида ожиз эдик.
Биринчидан, биз жуда ночор ҳаёт кечирардик. Мен туғилиб ўсган жой — Фраттамажореда аҳвол жуда оғир эди. У ерда деярли ҳеч нарса бўлмасди. Бирор яхшироқ иш ҳам топилмасди. Яшаш учун пул зўрға етарди, шунинг учун биз бутси олишга пул ажрата олмасдик.
Иккинчидан, мен махсус бутсиларни истардим. Феномен Роналдонинг бутсиси — R9 ни хоҳлаганман. Шунақасини эслайсизми? Кумушранг, кўк ва сариқ. Бу афсонавий бутси эди. Роналдо 1998 йилги мундиалда шу бутси билан ўйнаган.
«Дада, илтимос, илтимос, илтимос, менга Роналдонинг бутсисидан олиб беринг».
Ҳар куни. Ҳар куни.
«Илтимос, дада, бутси!».
Менимча, дадам ўшанда мени ўлдириб қўйишни хоҳлаган, чунки у битта футболчини тан оларди — Марадонани. Мен буюк Диего ҳақидаги ҳикояларни эшитиб катта бўлганман, ўшанда дунёда битта у афсонадек туюларди.
У Неапол учун ким эди? Дон Диего жуда буюк инсон бўлган. Дадам худди Марадона ўйнаган қора бутсиларда тўп суришимни хоҳларди. Лекин мен ҳам сўзимдан қайтмасдим: «Йўқ, сиз тушунмаяпсиз. Роналдо — қойилмақом футболчи».
Кечиринг, дада! Кечиринг, Диего!
Дадам «Наполи»нинг ашаддий мухлиси бўлган, Роналдо эса ўша вақтларда «Интер»да тўп сурарди, табиийки, «неразуррилар» «Наполи»нинг — ашаддий рақиби. Аммо мен бола эдим ва бутси олиш учун тихирлик қилаверардим. Бир куни дадам мени ҳайратга солиб: «Тайёрлан. Дўконга борамиз» — деди.
«Нега?», — деб сўрадим. Дадам эса «Сенга бутси харид қилишга», — деди.
Дадамда ортиқча пул йўқ эди. Лекин мен учун қаердандир топибди. Ўша куни бутси харид қилиш учун дўконларни айланиб юрганимдаги ҳиссиётларимни сўз билан ифодалаб бера олмайман.
Биринчи дўконга кирдик, лекин у ерда мен излаган бутси топилмади. Иккинчи дўконда ҳам йўқ эди. Учинчи дўконда эса бор экан, аммо менинг ҳажмимдаги бутси эмасди. Бутун шаҳарни кезиб чиқдик. Тўртинчи, бешинчи дўконга ҳам бордик, йўқ. Қоронғи тушаётганди, мен умидимни узгандим. Ниҳоят, тунда дўконлар ёпилаётганда, охирги кирган дўконимиздан менинг ҳажмимдаги R9 бутсиси топилди.
Бутун ҳаётим давомида ёдимдан чиқмайдиган хотира бор: дадам сотувчи билан ҳисоб-китоб қилди ва менга қутини берди. Бу мен олган энг яхши совға эди.
Биласизми, бу жуда қизиқ. Ҳозир профессионал футболчи сифатида мен жуда кўп бутсиларни текинга оламан ва улар қанчадир вақтдан сўнг кераксиз буюмга айланиб қолади. Улардан муҳим нарсани тополмайсиз.
Лекин ўша бутсилар… Ҳар сафар уларни кийганимда бошқача ҳис мени қамраб оларди. Хаёлимда турли хил ўйлар кезиб юрарди: «Мен бой бўлмаган оиладанман, лекин афсонавий Роналдо киядиган бутсини кийиб юрибман, бир куни худди унга ўхшаш футболчи бўламан».
Мен бутсиларни ҳар куни тозалардим, ҳазиллашмаяпман. Майсали майдонлардан кўра тошли жойларда кўпроқ футбол ўйнардик. Уйга келишим билан бутсиларимни тозалашга тушардим, чунки дадам бунга қанча пул сарфлаганини билардим. У бутсиларни жуда узоқ вақт кийдим, ҳаттоки дўконларда бу турдаги бутсиларни сотиш тўхтатилганда ҳам оёғимда R9 бутсилари бор эди. Бутсиларим кийишга яроқсиз ҳолга келиб қолганда эса роса йиғлагандим. Улар мен учун жудаям қадрли бўлган.
Ким билади, балки, ақлдан озгандирман. Лекин ҳар доим шунақа эдим. Онам менга ёшлигимдаги бир воқеани айтиб берганди. Бир куни мени боғчадан олишга келганида, болалар ўйинчоқлардан уй ва қасрлар қураётган бир вақтда мен бошқа хонада ўзим билан ўзим футбол ўйнаётган эканман. Ўшанда ҳам хаёлимда фақат футбол бўлган экан.
«Сан Паоло» стадионида «Наполи» либосида майдонга тушиш доимий орзум эди. Бундан катта орзум бўлмаган. Мен бошқа бирорта спорт тури билан шуғулланмаганман. Футболдан бошқа нарса ҳақида ўйлашни истамасдим. Катта бўлгач, «Интер», «Торино», «Наполи»нинг ёшлар жамоасида ўзимни синаб кўра бошладим. Скаутлар доим бир нарсани таъкидлар, улар бу гапни менга эмас, дадамга айтарди. Бу эса менгача етиб келарди:
«Унинг ўйини бизга ёқди, лекин у пакана».
Уларнинг барчаси бўйим сабаб мендан воз кечарди. 14 ёшимда «Торино» мени рад этганидан сўнг футбол ўйнаш истагим йўқолди. Ота-онамга бу иш энди бефойда эканлигини айтдим. Жуда кичкина, пакана эдим. Техника, тезлик — буларнинг барчасини машғулотлар давомида ривожлантирса бўлади. Бўйни-чи? Ҳар кун эрталаб уйғонганимда озгина бўлса ҳам бўйим ўсишини умид қилишдан бошқа чорам йўқ эди. Дадамга энди бунинг иложи йўқлиги, чарчаганимни айтдим.
«Яхши, футбол билан шуғулланмасанг, энди нима қилмоқчисан?», — дерди дадам. Мен эса ўйланиб қолдим: «Ҳақиқатдан ҳам, энди нима билан шуғулланаман?!».
«Наполи» менга иккинчи имкониятни бермагунча, маҳаллий мактабда тўп тепиб юравердим. Ўшанда 15 ёшда эдим. Кўрикда жуда кўп болалар навбатда тургани ёдимда. Лекин негадир скаут мени танлади. Академияга қабул қилинганимда, жуда ҳайратга тушгандим. Оилам «Наполи»нинг ашаддий мухлиси эди. Энди мен «Наполи»нинг барча ўйинларида майдон четида тўп етказиб туриш вазифасини бажарардим.
Сени стадион ичида неаполча энергия қамраб олишини тасаввур қилишнинг ўзи ёқимли. Ҳиссиётларни таърифлашга сўз ожиз. Ўзимга ўзим: «Агар шу стадионда «Наполи» футболкасида битта ўйинда майдонга тушсам ҳам армоним қолмаган бўларди», – деган эдим.
«Наполи» сафидаги биринчи ўйиним «Ливорно»га қарши меҳмондаги баҳсга тўғри келган. Оиламдагилар учун бу жуда катта воқеа бўлган. Фраттамажорелик болакай «Наполи» футболкасида майдонга тушяпти — бу фахр эди.
Тунда ўйиндан сўнг Неаполга қайтганимизда дадам мени аэропортдан олиб кетишга келганини эслайман. Йўлда эса «мени уйда кутишяптими», – деб сўраганман.
Дадам эса: «О, йўқ, йўқ. Жуда кеч бўлди. Ҳамма сендан фахрланади, лекин энди жуда кеч бўлди, ҳамма аллақачон ухлаб қолган», – деди.
«Наҳотки!», – ҳайрон бўлдим мен.
«Йўқ, ростдан ҳам. Кечир, сени хафа қилмоқчи эмасман, лекин сени ҳеч ким кутмаяпти».
Уйга борганимизда эса ҳамма мени кутаётган экан. Кўчада мухлислар қўшиқ куйларди, ҳаттоки, мен учун махсус торт тайёрлашган экан. Ақл бовар қилмас ҳодиса эди. Онамнинг юзида акс этган бахтни кўриш, ўша кечадаги энг ёқимли лаҳза эди. Ҳозир эса уйга қайтсам, онам телевизорда «Наполи»нинг охирги ўйинини кўриб ўтиради. «Она, ахир бу ўйин аллақачон тугаб бўлган-ку!».
«Наполи» бизнинг қонимизда. Ҳозирги кунгача нимага эришган бўлсам, шу клуб ёрдами билан эришдим, ахир оғир пайтларда у менга ишонди ва қўллаб-қувватлади. 2010 йилда асосий таркибда дебют қилганимдан сўнг, икки йил давомида Б ва C Серия вакиллари «Фоджа» ва «Пескара» жамоаларида ижара асосида ўйнадим.
«Фоджа»да ўзига хос характер эгаси бўлган мураббий қўл остида ўйнашга тўғри келди. Зденек Земан талабчан ва қаттиққўл мураббий эди, у қайсидир жиҳатдан классик кино қаҳрамонларига ўшаб кетарди.
У футболчилардан ҳар куни эрталаб унинг офисига ташриф буюришни талаб қилиши мумкин эди. У ерда эса тарозида оғирлигимизни ўлчардик. Лекин унинг хонасига бориб, эшигини очишинг билан оппоқ тутун ҳаммаёқни қоплаб олганини кўриш мумкин. У жуда кўп чекарди.
Бир куни унинг хонасига кирдим ва унга қараб: «Жаноб, балки биз келишимиздан аввал чекмай турсангиз бўлар», – дедим. У бир сония ўйлаб туриб, хотиржамлик билан жавоб қайтарди: «Ундай бўлса, бу ердан қорангизни ўчиринг».
Мураббий билан муносабатларимиз яхши эди. Земан менга ишонарди. Ўша мавсумда 18 та гол урдим, жаноб Зденек эса «Пескара» жамоасига ўтиб кетди. «Наполи» мени ҳам унинг ортидан жўнатди. Бу жуда муҳим палла эди. Айнан ўша йили турмуш ўртоғим Женнини учратгандим.
Женни билан унинг амакиваччаси орқали танишганман. Мен Женнидан 250 километр узоқда яшардим. Унга мен билан бирга кетишни таклиф қилдим.
Агар сиз Жанубий Италия ҳақида нимадир билсангиз, Женнининг ўрнига унинг ота-онаси менга жавоб қайтарганини топа оласиз. Улар Женнининг мен билан кетишига рухсат бермади. Ўша пайт мотивациям икки ҳисса ошиб кетди: орзумдаги жамоада ўйнаш ва Женнига эришиш. Қўлимдан келган ҳамма нарсани қилардим.
Ўша мавсумда мени тўхтатиб бўлмасди. Мен 19 та гол урдим ва мавсум якунлангач, «Наполи» мураббийи жаноб Валтер Маццари билан учрашдим. «Агар қолишни хоҳласанг, бунга ҳақли бўлишинг керак», – деди мураббий. Мен эса: «Муаммо йўқ. Менга ҳеч ким, ҳеч қачон бирор нарсани шунчаки текинга бермаган», — деб жавоб қайтардим.
Ҳақиқатдан ҳам ҳеч нарса мени тўхтатиб қололмасди. «Наполи»да қолиш ҳуқуқини қўлга киритдим. Янги мавсумда эса «Сан Паоло» стадионида «Парма» жамоасига ўзимнинг биринчи голимни урдим. Ўша куни мени яна бир янгилик кутиб турарди: Женни хомиладор эди.
У пайтдаги ҳиссиётларни таърифлаб бера олмайман. Бунинг учун уни бошдан кечириш ва юрак билан ҳис этиш керак.
Ҳар сафар «Наполи» сафида гол урсам, ўша ҳиссиётларни туяман. Бу шаҳарни ва жамоани бир қисми эканлигимдан фахрланаман.
Одамларнинг Неапол ҳақида ёмон гаплар гапирганини эшитсам, хафа бўламан, чунки улар бу шаҳар ҳақида ҳеч нарса билмайди. Бу мен учун дунёдаги энг зўр шаҳар. Агар ишонмасангиз, жамоадошларимга қаранг. Жуда кўпчилиги машҳурроқ жамоаларга ўтмасдан, шу ерда қолишни маъқул кўради. Кимдир бу ерда учинчи ёки тўртинчи йилини ўтказяпти, лекин ҳеч қаерга кетгиси йўқ.
Бу шаҳарни танқид қилаётганлар, кўзларини очиб олса яхши бўларди. Ҳаттоки Марадона ҳам бу шаҳарни жуда яхши кўрарди.
Менинг бугунги кундаги мақсадим — Скудеттони қўлга киритиш. Шу нарсага бор диққатимни қаратганман. Бу нарсани шаҳрим учун, дўстларим, оилам ва фарзандларим учун амалга оширишим керак.
Ҳар сафар «Сан Паоло» майдонига чиқар эканман, мени ҳаяжон қамраб олади. Чунки бу оилам учун қанчалар муҳим эканлигини, дадам мен чекинмаслигим учун нималарни қурбон қилганлигини ҳис қиламан. Ўша бутсилар учун дадам қаердан пул топганини билмайман, лекин бунга қийинчилик билан эришганини сезиб тураман. Ўша лаҳзада орзуларим бошланган. Энди эса ҳар сафар майдонга тушганимда бу стадионда буюк футболчилар, жумладан, Марадона тўп сурганини ёдга оламан.
Роналдога ҳурмат сақлаган ҳолда айтаманки, Марадона мен кўрган футболчилар ичида энг буюги эди. Жаноб Роналдо, сизнинг бутсиларингиз ажойиб эди. Сиз феномен эдингиз. Сизнинг ўйинингиз мени доим руҳлантирарди. Лекин мен неаполликман, шунинг учун мен битта қиролни тан олишга мажбурман. У ҳам бўлса — Диего.
Изоҳ (0)