Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган йиғилишда давлат раҳбари Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузурида махсус жамғарма ташкил этилишини қайд этди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
«Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузурида уйларни таъмирлашни молиялаштириш бўйича махсус жамғарма ташкил этилади. Жамғарма маблағлари тенг улушларда республика ва маҳаллий бюджет ҳисобидан шакллантирилади.
Бунда кўп қаватли уйларни таъмирлаш харажатларининг 30 фоизи мулкдорлар томонидан, қолган 70 фоизи эса жамғарма маблағларидан амалга оширилади. Таъмирлаш ишлари ва сифат устидан назорат Уй-жой инспекциясига юклатилади.
Мазкур мақсадларга жорий йилда республика ва маҳаллий бюджетлардан 110 миллиард сўмдан, жами 220 миллиард сўм маблағ ажратилади. Қолган 100 миллиард сўмга аҳоли маблағлари жалб қилинади», – деди Президент.
Бундан аввал Шавкат Мирзиёев «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ижросини танқид қилгани, Президент «Шаффоф қурилиш» тизими орқали бир ойда қанча маблағ иқтисод қилинганини айтгани ҳамда Шавкат Мирзиёев «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга оширишда қолоқликлар мавжуд ҳудудларга Президент Администрацияси ва ҳукумат вакилларини бириктиргани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)