24 май куни Элвис Преслининг юрагини забт этган ва унинг ягона рафиқаси бўлган аёл – Присцилла Боле таваллуд айёмини нишонлади. Рок-н-ролл қироли қандай қилиб 14 ёшли қизни севиб қолгани, унинг ота-онасига муносиб куёвлигини йиллар давомида исботлаганлиги ва у билан турмуш қуриш учун уни 8 йил кутганини биласизми?
Фақат олти йил турмуш қурганига қарамай, Элвис ва Присцилла Голливуд тарихидаги энг ёрқин ва чиройли жуфтликлардан бири унвонига сазовор бўлган. Уларнинг севги ҳикоялари ҳаётда камдан-кам учрайдиган ажойиб эртакка ўхшар эди. Албатта, унда кутилмаган лаҳзалар ҳам бўлган. Аммо бугунги кунда ҳам рок-н-ролл қироли вафотидан бир неча ўн йиллар ўтгач, Присцилла Пресли севгилисини ажойиб илиқлик ва меҳр билан эслайди: «Мен ҳали ҳам унинг мавжудлигини ҳис қиламан, – деган эди у 2017 йилда. – Уйимиздагина у ўзини хотиржам ҳис қилар, ўзлигича намоён бўлар эди. Унинг зинадан пастга тушишини ҳали ҳам тасаввур қиламан. Ҳар куни эрталаб отхонага бориб, шунчаки суҳбатлашар эдик. Менимча, бу менинг севимли хотираларимдан биригина, холос».
Элвис ва Присцилла биринчи марта 1959 йилда Германияда учрашган. 24 ёшли мусиқачи ҳарбий тайёргарликни тугатгандан сўнг у Ғарбий Германияда жойлашган базага юборилган. У ердаги қисмларнинг бирида у АҚШ ҳаво кучлари зобитининг Присцилла исмли 14 яшар қизи билан учрашади. Ҳатто ўша пайтда ҳам қиз ажойиб гўзаллик билан ажралиб турарди – қуюқ қалин сочлар, тоза кўк кўзлар ва бежирим бурун. У ўшанда жозибадор ёзги денгизчи либосини кийиб олганди. Пресли эса бир қарашда қизнинг асири бўлди-қолди. Қиз дарҳол мусиқачига 9-синфда ўқиётганини маълум қилади, аммо бу унга халақит бермади. «Мен Элвиснинг эътиборимни жалб қилмоқчи бўлганини кўрдим, – деб эслайди Присцилла табассум билан. – Қанчалик кам қизиқиш билдирган бўлсам, у шунчалик қатъиятли эди. У менга қўшиқлар куйларди. Элвис Преслининг мени ёқтириб қолишимни жуда хоҳлаганига ҳатто ишонгим ҳам келмасди!». Шунга қарамай, улар яқиндан танишиб олади. Хайрлашиш вақтида Элвис Присцилланинг телефон рақамини сўрайди. Аммо қиз унинг қўнғироқ қилмаслигига кўпроқ ишонар эди. Бир неча кундан кейин унинг уйида қўнғироқ чалинади. Гўшакнинг иккинчи томонида рок-н-ролл қиролининг овози эшитилар эди.
Присцилла доимий равишда мусиқачи ҳақида ўйлар, дарсларга диққатини жамлай олмас эди. Ва шу билан бирга, бир мунча вақт у ҳеч кимга бундай таниқли одам унга меҳр кўрсатаётганини айта олмади. Бунга тенгдошлари шунчаки ишонмас ва уни масхара қилиши турган гап эди. Бироқ, тез орада Элвис Преслининг – ХХ асрнинг энг келишган эркакларидан бири, Голливуднинг юлдузида жиддий режалар борлиги аниқ бўлади. У доимий равишда чиройли мактаб ўқувчисини учрашувларга таклиф қилар ва унга пластинкаларини берарди. Улар Европа кўчаларида сайр қилар, суратга тушар ва суҳбат қурар эди. Элвис ўзининг Присцилласига ғамхўрлик қилди, доимо севгисини тан олди. Унинг жиддий ниятларини тасдиқлаш учун ҳатто ота-онаси билан учрашишгача борган. Присцилла бироз қўрқди ҳам, чунки у кичик қиз машҳур мусиқачи билан учрашганига ота-онаси қандай муносабатда бўлишини билмас эди. Чиндан ҳам кўп ўтмай қизнинг қўрқуви ўз тасдиғини топди. «Отам, албатта, йўқ, деди онам эса, агар Элвис Пресли кўчанинг нариги томонида бўлса ҳам, рози эмаслигини айтди, – деди Присцилла. – Мен ҳақиқий жангга дуч келаётганимизни билардим». Яхшиямки, бу жангда ёш севишганлар ғалаба қозонди: Элвис ота-онаси билан учрашувга ҳарбий кийимда келади, албатта, Присцилланинг отаси буни қадрлади ва ўзини жуда босиқ, мулойим тутди. Эркаклар узоқ вақт давомида бу нарсани муҳокама қилди ва қайтиб келгач, қизнинг отаси бироз юмшаган эди. Она ҳам мусиқачини ҳайратда қолдирди. Шунинг учун, ота-оналар ниҳоят бу муносабатларга ўзларининг розилигини билдирди. Аммо улар Элвисга Присцилла мактабни тугатиши кераклигини эслатиб ўтган эди.
Қизнинг жуда ёшлиги у ва Элвис биргаликда жамоат олдида кўринмасликларини англатарди. Аммо улар учун сирли саналар етарли эди. Хонанда ҳаттоки севгилисининг жуда ёш ва тажрибасизлигини ёқтирарди. «У мени тарбиялаши учун етарлича ёшлигимни айтди, – деди ва катта бўлганида, албатта, мукаммал аёлга айланишига ишонганини эслади Присцилла. – Менга у ўзининг хаёлидаги ‘мукаммал аёл’ образини тасвирлаб берди ва бунга жуда мос келишимга ишонтирди». У кўк кўзли камтарин қорамағизларни ёқтирарди. «Ва албатта, унга садоқат жуда муҳим эди, айниқса, аёл томонидан», – дейди Присцилла.
1960 йилда Элвиснинг хизмати тугади ва у Америкага қайтишига тўғри келди. Присцилла уни аэропортга кузатиб қўйди. Ўша куни папараццилар хайрлашиш пайтида уларнинг бир нечта таъсирчан расмларни олишга муваффақ бўлди, кейинчалик улар «Lifе» томонидан нашр этилди. Масофа уларнинг муносабатларига тўсқинлик қилмади: Элвис доимий равишда севикли инсонига қўнғироқ қилиб, илиқ мактублар юборди. Ватанига қайтганидан уч ҳафта ўтгач, унинг Нэнси Синатра билан учрашгани ҳақида миш-мишлар матбуотда тарқалди. Присцилла хавотирдан ўзига жой тополмади. Аммо тез орада у Элвиснинг ўзидан унинг ҳаётидаги ягона муҳаббат эканлигига ишонч ҳосил қилган сокин овозини эшитди. Ва қиз унга ишонди. Кейинги бир неча йил ичида у севгилисининг навбатдаги романтикаси ҳақида ҳайқирган турли нашрлардаги мақолаларга дош беришни ўрганиши керак эди. Элвис Пресли каби катта ҳамда юлдуз билан алоқада бўлиш осон бўлмаган. Аммо Присцилла уларнинг бахтли келажаги учун имконият борлигига ишонган. Ва мусиқачи унинг умидларини пучга чиқармаган.
Элвис Присциллани 1962 йил март ойида Лос-Анжелесга таклиф қилади. Қиз бахт билан еттинчи осмонда ва аллақачон узоқ кутилган учрашувгача кунларни санашга киришган эди. Аммо ота-оналар севимли қизларини дунёнинг нариги четига бутунлай ёлғиз қўйиб юборишга тайёр эканликларига шубҳа қила бошлади. Ва кейин Элвис яна ўзини ҳақиқий жаноб каби тутди. У қизнинг ота-онасига Присциллани ҳимоя қилишини, унинг биринчи даражали чипталарини икки йўналишда сотиб олишини ва у ҳамма жойда соқчилар билан бирга бўлишига амин бўлишини ваъда қилди. Бундан ташқари, улар Присцилла ҳар куни ота-онасига хат ёзишини, улар у билан ҳаммаси яхши эканлигини билишларини келишиб олди. Фақатгина шундай шароитларда қизнинг учиб кетишга рухсат берилган эди.
Июнь ойида Присцилла «Фаришталар шаҳри»га етиб келди. Эртаси куни Элвис кичик саёҳатга боришни таклиф қилди ва шаҳарга тун тушганида, улар аллақачон ҳашаматли машинада ўтирган эди, уларни чироқлар ва кўнгил очар марказлар билан тўлдирилган Лас-Вегас томон олиб кетишди. Мусиқачи ўзининг «кичкина малика»сини қимматбаҳо дўконларга олиб кирди. Қизнинг ташқи кўринишидаги ўзгаришлар нафақат мусиқачини, балки Присциллани ҳам мамнун қилганди. У ўзини ниҳоят ота-она қарамоғидан халос бўлган катта ёшли қиз каби ҳис қилди.
Присцилланинг Америкадаги таътили тугагач, у яна уйига қайтди. Аммо бу сафар у тез орада Элвис билан яна кўришишга амин эди. Дарҳақиқат, 1962 йил октябр ойида қиз Мемфисга – мусиқачининг қариндошларига тегишли бўлган уйга кўчиб ўтди. Айни пайтда, Элвиснинг карьераси юқорига кўтарилди, у доимий суратга олиш майдонида эди, шунинг учун Присцилла уни жуда соғинарди. Бунга қўшимча равишда унинг менежери ўзини ёқтирмаслигини тушунди: У Элвиснинг севгилиси борлигини ҳамма билишини истамасди, чунки бу ҳолда мухлислар ундан юз ўгириши мумкин эди. Ва бу, албатта, унинг машҳурлиги ва даромадига таъсир қиларди. Аммо Присцилла шоу-бизнес олами нақадар шафқатсизлигини аллақачон англаган ва менежердан ғазабланмади ҳам. «У меҳрибон эди, – деди у юмшоқ оҳангда. – У шунчаки мухлислар мени Элвис учун ягона эканлигимни билишларини истамади».
Аммо мусиқачи учун муҳаббат барибир муҳимроқ эди. Ва биринчи учрашувдан деярли саккиз йил ўтгач, Элвис Присциллага уч каратли олмос узукни совға қилди. Албатта, қиз унинг рафиқаси бўлишга рози бўлди. Улар 1967- йил 1 майда Лас-Вегасда турмуш қурди. Бахтли куёв классик ипак смокингда, келин эса тошлар ва марваридлар билан бежирим безатилган оппоқ либосда пайдо бўлди. Расмий маросимдан сўнг Аладдин меҳмонхонасида 100 кишилик тўй маросими бўлиб ўтди, натижада янги турмуш қурганлар Элвиснинг машҳур «Love me tender» қўшиғига рақсга тушди. Улар асал ойини Калифорнияда ўтказди, шу вақт ичида Лас-Вегасдаги тўй маросимига бора олмаган дўстлари ва оила аъзолари учун яна бир зиёфат уюштирди.
Элвис ва Присцилла тўйидан тўққиз ой ўтгач, уларнинг қизи туғилди. Чақалоққа Лиза-Мари исмини беришга қарор қилинди. Присцилла Элвис унга ҳеч қачон фарзанд парваришида ёрдам бермаган бўлса ҳам, «ажойиб ота» эканлигини айтди. Бунинг ўрнига Элвис ўзининг иккинчи «кичкина маликаси» ҳеч нарсага муҳтож бўлмаслиги учун жуда кўп ҳаракатларни амалга оширган. «У чиндан ҳам чақалоғи учун ҳеч қачон пулини аямаган, уни заргарлик буюмлари ва совғаларга кўмиб ташлаган. Бир куни Лиза-Мари қорбўрон ўйнашни хоҳлади, кейин эса Элвис уни қорли жойга олиб борадиган шахсий самолётига миндирди. Ва унинг туғилган кунларидан бирида у бутун ўйингоҳни ижарага олган».
Бироқ Присцилла ва Элвис ўртасидаги муносабатларда келишмовчиликлар пайдо бўлди, ҳаттоки фарзанд ҳам уларни бирлаштиришга ёрдам бера олмади. «Элвис ҳаётини уйдан ташқарида давом эттирарди», – дейди Присцилла. У рафиқасига қизиқишни йўқотишни бошлади, дўстлари ва янги қиз дўстлари билан кўпроқ вақт ўтказди. Присцилла узоқ вақт давомида эрининг саргузаштларига кўзларини юмди. «Мен баъзи фитналар бўлиши мумкинлигини билардим, аммо уларнинг барчаси аҳамиятсиз эди», – деб тан олди у. Ва шунга қарамай, 1972 йилга келиб унинг сабр-тоқати тугади ва у Элвисга ажрашиш учун ариза ёзаётганини айтди. «Менинг ҳаётим бутунлай унга тегишли эди, – дейди кейинчалик Присцилла. – Асосийси, у бахтли бўлиши керак. Менинг муаммоларим иккинчи даражали эди. Аммо мен ўсишни хоҳлардим. Нимадир қилишим керак эди». Элвис ўзини муносиб тутди ва Присцилла билан ажрашишга рози бўлди. Уларнинг ажрими 1973 йил 9-октябрда якунланди. Улар биргаликда қўл ушлашганча суд залидан чиқиб кетди.
Элвис ва Присцилла дўст бўлиб қолди. Мусиқачи тез-тез у билан шахсий нарсаларни бўлишиш ёки маслаҳат сўраш учун Присциллага қўнғироқ қилар эди. Присцилла ҳар доим унинг жавоб берарди – куннинг қай вақтидан қатъи назар. Аммо уларнинг ҳаёти турли йўналишларда ҳаракатлана бошлади: Присцилла янада гуллаб-яшнаган ва актрисалик касбидаги биринчи қадамларини қўйганида, Элвис молиявий қийинчиликларга дуч келган эди. Присцилла унга ғамхўрлик қилди, аммо барибир уни фожиали ўлимдан қутқара олмади. 1977 йил 16 августда Присциллага қўнғироқ қилиниб, Элвиснинг ўлиги топилганлиги айтилганида, у жуда хафа бўлди. У шунчаки унинг энди йўқлигига ишонмасди. Присцилла буларнинг барчасини Элвиснинг жамоатчилик эътиборидан, шон-шуҳратдан яширинишга уриниши йўлидаги ҳийласи бўлиб чиқишини жуда хоҳлаган эди. Аммо, афсуски, тез орада ҳақиқат аён бўлди.
Элвиснинг вафотидан сўнг, Присцилла кино карьерасини, сўнгра тадбиркорликни бошлади. У бошқа турмушга чиқмади. Ҳозирга қадар Присцилла рок-н-ролл қироли ишлари билан шуғулланади: у ўзининг собиқ уйини Америкадаги энг машҳур музейлардан бирига айлантирган ва собиқ турмуш ўртоғига бағишланган ўнлаб лойиҳаларни амалга оширган. Унинг ёрдами билан Элвис Преслининг улкан мусиқий мероси сақлаб қолинди. Присцилла бугунги кунда ҳам унга ўлими ҳақида ўйлаш қийин эканлигини тан олди. «У ҳаётимнинг жуда муҳим қисми эди, – дея афсус билан эслайди у. – У мен учун ҳамма нарса эди: руҳимга яқиним, турмуш ўртоғим, ва борлиғим».
Изоҳ (0)