Чет эл ҳарбийларининг Афғонистондан олиб чиқилиши муносабати билан Австралия мамлакатдаги ўз элчихонасининг фаолиятини тўхтатади. Бу ҳақда «Afghanistan.ru» хабар берди.
Австралия бош вазири Скотт Моррисон элчихонанинг 28 май куни ёпилишини маълум қилди. Шунингдек, у бошқа давлатлардаги Австралия Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг Афғонистонга мунтазам ташриф буюриб туришини ва бу чоралар вақтинча эканини қўшимча қилди.
«Австралия ушбу чораларнинг вақтинча эканига умид қилмоқда. Шароит бўлиши билан биз Кобулда доимий фаолиятимизни йўлга қўямиз», — деб таъкидлади Австралия бош вазири.
Моррисоннинг қайд этишича, Афғонистондан чет эл ҳарбийларининг чиқарилиши хавфсизлик масалаларига салбий таъсир қилди, энди Австралия доимий дипломатик иштирокини сақлаб қолиш учун хавфсизлик чораларини таъминлай олмайди.
Бугунги кунда Афғонистонда америкаликлар билан бирга мамлакатни тарк этиши режалаштирилаётган 80 нафар австралиялик ҳарбий хизматчи фаолият кўрсатмоқда.
Шунингдек, Афғонистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Кобул охириги 20 йилда кўрсатган ёрдами ва қўллаб-қувватлаши учун Канберрадан миннатдор эканини ва келажакда мамлакатда доимий дипломатик фаолиятини тиклашга умид қилаётганини билдирди.
Маълумот учун, АҚШ ва унинг иттифоқчиси НАТО ҳарбий кучлари Афғонистонни тарк эта бошлади. Бу жараён 2021 йилнинг 11 сентябрь куни якунланиши режалаштирилган.
АҚШнинг аввалги маъмурияти ўз қўшинларини Афғонистондан 2021 йилнинг 1 май санасига қадар олиб чиқишни режалаштирган эди.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)