Молия вазири Тимур Ишметов 24 май, душанба куни «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» ёшлар фестивали доирасидаги учрашувда давлат банкларининг хусусийлаштирилиши масаласида берилган саволга жавоб қайтарди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
«Президент қарори билан кейинги беш йилда хусусийлаштириладиган ва хусусийлаштирилмайдиган банклар рўйхати дастур асосида аниқлаб олинган. Хусусийлаштирилиши кўзда тутилган банкларда бунга тайёргарлик кўриш мақсадида консултантлар ёлланган. Уларни хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш, эпақага келтириш, сотса бўладиган тижорат маҳсулотига айлантириш керак бўлади. Бу бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда.
Куни кеча 20 май куни Давлат активларини бошқариш агентлиги «Пойтахт банк» ва «Ўзагроэкспорт» банклари сотувга қўйилганини эълон қилди. Булар жуда кичкина банк бўлгани учун сотув жараёнларига тайёрлаш унча кўп вақт олмасди, шунинг учун тезда сотувга чиқарилди. Лекин йил охиригача жуда катта йирик банклардан бирини хусусийлаштириш режалаштирилган. Ҳозир айнан қайси банклигини айта олмайман. Лекин режа бўйича ишлар амалга оширилмоқда», — деди Ишметов.
Изоҳ (0)