Ўзбекистоннинг жануби-шарқий қисми 24 май куни баланд циклон таъсири остида бўлади. Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида ва тоғолди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин, деб хабар бермоқда «Ўзгидромет».
Қайд этилишича, момақалдироқ пайтида шамол 17-22 метр/секундгача кучайиши мумкин. Кундузги ҳаво ҳарорати 29-34 даража атрофида бўлади.
25 майда баланд циклон таъсири фақат республиканинг энг шарқий ҳудудларида сақланиб туради. Фарғона водийси вилоятларида, тоғолди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, шамол 17-22 метр/секундгача кучайиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
26 майдан Ўзбекистон ҳудудига Эрон ҳудудларидан жуда илиқ ҳаво массалари кириб келиши бошланади. Кундузги ҳаво ҳарорати 34-37 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда 38-40 даражагача кўтарилади, бу ўртача кўпйиллик қийматлардан 5-8 даражага кўп.
Хабарда алоҳида қайд этилишича, 24—27 май кунлари кутилаётган маҳаллий ёмғирлар ҳисобига республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел келиш хавфи бор.
Изоҳ (0)