Бухоро вилояти Ромитан туманида ички ишлар ходимларининг хизмат формасини кийиб олиб, кўчада «хурмача қилиқларни» амалга оширган ва бунинг видеосини TikTok’ка жойлаштирган йигитлар жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тиктокерлар ички ишлар ходимларининг формасида турли ноўрин хатти-ҳаракатлари тасвирланган видеороликларни ижтимоий тармоқда тарқатган.
Бухоро вилояти ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув ишлари давомида ушбу фуқаролар шахсига аниқлик киритилган ва уларнинг иши Ромитан тумани судида кўриб чиқилган.
Йигитлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 209-1-моддасида (вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш) назарда тутилган қоидабузарлик содир этганликда айбли деб топилиб, уларга БҲМнинг 5 баравари миқдорида жарима тайинланган.
Аввалроқ Тошкентда ички ишлар ходими кийимини кийиб, машина капоти устида видеога тушган йигит ва унинг шериги 5 суткага, Сирдарёда эса ички ишлар ходими кийимида рақсга тушган йигит 8 суткага қамалгани тўғрисида хабар берилди.
Изоҳ (0)