Ижтимоий тармоқларда 20 май куни бир гуруҳ фуқаролар велосипедларда М-39 халқаро автомобиль йўлида машиналар қатновини тўсиб ҳаракатлангани акс этган видео тарқалди.
Лавҳада фуқаролардан бири «Индорама» кластерининг ишчи-деҳқонлари иш ташлаётганлигини айтган. Сардоба туман ҳокимлиги ҳам йўлни ёпганлар «Индорама агро» кластери ишчилари эканини тасдиқлаган.
«Ойлик бермагани учун (йўлни тўсдик), ойлик кам беряпти. 1,5 миллион сўм қопламаяпти ҳеч нарсани. Ўша ойликни ҳам ‘обём’ қилмоқчи бўляпти. Биз сувчилармиз, сув қуямиз, шунга ҳақ тўлайди булар. Ойликни камайтирмоқчи», — дейди велосипеддаги ишчилардан бири.
Шу сабабли амалдорлар келмаётганини ва уларни чақириш мақсадида халқаро йўл тўсиб қўйилганини айтган.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг «Gazeta.uz» нашрига маълум қилишича, «бу хорижий компания, ички ишларига ҳокимлик умуман аралашмайди».
Раҳбарлар шунчаки фуқароларни тинчлантириш учун бораётгани ва ўрганиш натижалари бўйича баёнот берилиши айтилди.
Бундан аввал Чироқчида бир гуруҳ аёлларнинг автомобиль йўлини тўсишига сабаб бўлган муаммо Сенат назоратига олингани, Қўқонда бозордаги тўловлар оширилганидан норози аёллар автомобиль йўлини тўсиб қўйгани ҳамда Пахтачида электр йўқлигидан норози маҳалла аҳолиси катта йўлни тўсиб қўйгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)