Коронавирус пандемияси бошланганига бир йилдан ортиқ вақт бўлди, аммо унинг якуни кўринаётгани йўқ. Сўнгги пайтларда бутун жаҳонда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам вирус юқтириб олганлар сони ошиб бормоқда. COVID-19’га қарши курашда энг катта юк шифокорлар зиммасига тушади.

«Дарё» мухбирлари Зангиота туманидаги 2-сон юқумли касалликлар шифохонасида бўлиб, коронавирусга қарши курашаётган шифокорлар билан вирусга қарши кураш, касаллик билан боғлиқ аввалги ва ҳозирги вазият фарқи, йўқотган беморлари, ҳамкасблари ҳамда уларнинг кечинмалари ҳақида суҳбат уюштирди.

Зангиотадаги 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Барно Мусаева, 50 ёшда. Педиатрия бўлими бошлиғи

Зангиотадаги 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси педиатрия бўлими бошлиғи Барно Мусаева.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Урушга ҳеч кимни сўраб жўнатишмайди

Бу ерга келишим жуда қизиқ бўлган. 2020 йил 10 август куни ишда ўтирганимда телефон қилиб, «Зангиота-2 га болалар тушибди. Ходимлар қийналаётган экан, коронавирусни ўтказган педиатрни тезда юборинглар» деб қолишди.

22 июлда вируснинг ўрта оғир формасини ўтказгандим. Ўша пайт мен бўлиб ўтдим, дедим. Раҳбаримиз унда ҳозироқ нарсаларингизни йиғиштиринг, «Зангиота»га ишлагани кетасиз, деб айтганларида шокка тушиб қолдим.

Тўғри, иш мобайнида коронавирус билан таниш эдик. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг қабул бўлимида ишлаганим учун ўқитилгандик. Қолаверса, беморларни ўзимиз қабул қилардик. Бевосита контактда бўлганимиз учун махсус формаларни кийиб ишлардик. Лекин ковид-марказда ишлайман деган фикр сира хаёлимга келмаганди.

Биринчи бўлиб турмуш ўртоғимга телефон қилиб айтдим. Хўжайиним «Майли, керак экансиз боринг, бу ҳам битта уруш. Урушга ҳеч кимни сўраб жўнатишмаган» дедилар. Оиламизда барча олий маълумотли бўлгани учун ҳеч ким қаршилик билдирмади.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

У пайтда ҳозиргидек қатнаб ишлаш йўқ эди. 10 августда келган бўлсам, 10 сентябргача қолдик. Ҳатто уйдагилар келганда ҳам кўришишга рухсат беришмасди. Телефонда гаплашардик, холос.

5 сентябрдан уйга боришга рухсат берилди. Шундаям ҳафтада бир марта бориб келардик. Ҳозир ҳам деярли шундай. Чунки айни пайтда бемор болалар жуда кўпайиб кетган.

Келганимда 3-4 нафар бола бор эди. Шуларга қараб, тузатиб берсангиз, кетасиз, дейишганди. Болажонлар соғайишди. Лекин орадан бир ҳафта ўтиб, яна иккита бола тушиб қолди, кейин 10-12 та бўлиб кетди.

Бир куни директоримиз Дониёр Ботирович чақириб, касал болаларимиз кўпаймоқда, энди шу ерда қолиб ишланг, деди.

Ўзим ҳам COVID-19 билан оғриган болаларни даволашга ўрганиб қолганим ва уйга қатнаб ишлашга рухсат беришгани учун рози бўлдим.

Коронавирусга чалинган 25 кунлик чақалоқ

Авваллари шифохонамизга 2-3 ёшдан катта болалар келар эди. Куни кеча 25 кунлик ва 2-3 ойлик чақалоқларни қабул қилдик.

Зангиотадаги 2-сон юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган 25 кунлик чақалоқ.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Биласизми, улар жудаям кичкина. Раҳмингиз келади. Ўзим ҳам коронавирус бўлганим учун болажонларнинг ҳолатини тушунаман. Суякларим увишиб, таъм сезмай, овқат едимми, кесак едимми билмаган пайтларим, суюқлик ичиб қусганларим ҳалигача эсимдан чиққани йўқ. Улар ҳам ёш жуссасига шу оғриқларни ҳис қиляпти.

Чақалоқларнинг аҳволи ҳозир ўрта оғир даражада. Тумов белгилари, иситма, иштаҳасизлик бор. Айниқса, 25 кунлик чақалоқ бурни битиб қолгани учун эмишда қийналяпти. Бурнини тозалаб, онасини эмишига ёрдам беряпмиз. Ҳозир уларни чақалоқлар учун мўлжалланган дориларнинг суюқ шаклларини пипиткада томизиб даволаяпмиз. Кечагидан аҳволи анча яхши.

Бир неча кун олдин бўлимга 6,5 ёшли Солиҳахон деган бир ширин қизни олиб келишди. Ёлғиз ўзини олиб қолишга тўғри келди. Сабаби онаси соғлом, уйда яна укалари бор. Онани боланинг ёнига ётқизиб қўйсам, уйдаги болаларга ким қарайди?

Уйга олиб кетиб даволанг, десам, укалари билан контактда бўлади. Юқтириб қўяди. Ота-онаси билан гаплашиб, ўзини олиб қолдим. Уйдагилари билан телефонда гаплашиб турибди.

Болалар билан ишлаганингиздан кейин ўзингиз ҳам бола бўлиб қоласиз. Улар билан бирга ўтираман, расм чизаман. Бирга мультфильм кўрамиз. Баъзида ўйинга ҳам тушиб бераман.

Зангиотадаги 2-сон юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган 2 ойлик чақалоқ.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Хурсанд қиладиган жойи, болалар катталарга нисбатан тез тузаляпти. Организм ёш, курашувчанлик қобилияти яхши.

Ҳеч эсимдан чиқмайди: 17 ноябрь куни 3,5 яшар қизчани оғир кома ҳолатида олиб келишган эди. Шу болачамиз жонлантириш бўлимида тўрт ой ётиб, кейин вафот этди. Бироқ ҳозир болалар ўзимизда оғирлашиб, реанимацияга ўтказилган ҳолатлар кузатилмаяпти.

Изоҳ: «Дарё» педиатр Барно Мусаева тилга олган 3,5 ёшли қизча ҳақида маълумот олиш учун ССВ билан боғланди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаевнинг «Дарё»га маълум қилишича, қизчанинг ўлимига коронавирус сабаб бўлмаган. Қизалоқ ўпка пневмонияси билан Зангиотадаги шифохонага келтирилган, бошқа касалликлари ривожланиб, вафот этган. Янада аниқроқ маълумот олиш учун Фурқат Санаев Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Дониёр Миразимовнинг телефон рақамини берди, бироқ директор «Дарё» мухбирларининг қўнғироқларига ва ёзган хабарларига жавоб бермади. Расмий жавоб олишга бўлган уринишлар туфайли мақола чоп этилиши бир ҳафтадан ортиқроқ муддатга чўзилиб кетди.

Вакцина олганимдан кейин 5-6 кун танамда оғриқ ҳис қилдим

1 апрель куни Зангиота-2 шифохонаси ходимлари биринчи бўлиб эмланди. Раҳбаримиз бошчилигида ҳаммага ўрнак бўлиш мақсадида ўзимиз бориб вакцина олдик.

Халқ орасида вакцина ҳақида кўп миш-мишлар тарқалди. Кўпчилик қўрқди. Мен умуман қўрқмадим. Чунки педиатрман. Аслида, энг кўп болалар эмланади. Агар организмда антитана ҳосил бўлса, реакция беради.

Олганимдан сўнг 4-5 кун давомида организмимда реакция бўлди. Ҳароратим 37,5 гача кўтарилди.

Бошимда, оёғимда, бутун танамда оғриқни ҳис қилдим. Инжиқ бўлиб қолдим. Лекин ҳечам қўрқувга тушмадим. Ёшим катта бўлса ҳам, «прививка»га организмим антитана ҳосил қилди, демак ҳали қаримабман деб кулдим. Беш кундан кейин ҳаммаси ўтиб кетди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Юрагимизни бериб ишладик

Сентябрь ойида бўлим бошлиғи бўлдим. Ўша пайтда касаллар кўп, жонлантириш бўлимларимизда жой йўқ эди. Ўпкаси 50-60 фоиз зарарланганларни ҳам бўлимимизга ётқизиб, аппаратга улаб ишладик. Ҳақиқатан ҳам жуда оғир пайтлар эди.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, ўша куни реанимация бўлими бошлиғи коридордан зўрға юриб келаётганди. Аҳволини кўриб, қўрқиб кетдик. «Нима бўлди, Бегали Бобоқулович?» десам, у «Шундай яхши тузалиб келаётган касалим ўтиб қолди», деб йиғлаб юборди.

Ўша ерда бўлим бошлиқлари тургандик. Ҳаммамиз қўшилишиб йиғладик.

Халқимиз орасида «Зангиота ундоқ, Зангиота бундоқ» деб гапиришса, қаттиқ хафа бўлиб кетаман. Чунки бизга осон бўлмади. Юрагимизни бериб ишладик. Улар оғирлашса, биз ҳам оғирлашдик. Улар бир марта ўлса, биз 10 марта ўлдик. Ҳар бир ўтган бемор учун йиғладик, куйдик, овқат емадик.

Оиламиздан, ҳаётимиздан кечиб, халқ учун ишладик. Тўғри, давлатимиз бизга яхши ҳақ тўлаяпти, лекин... Бир куни кичик қизим мени кўришга келди. Дарвозанинг нариги томонида кўриниб турибди, ойижон деб йиғларди.

Эшик олдида турган Миллий гвардия ходимларига «Ойимни бир марта қучоқлай» деб ялинди, лекин улар рухсат бермади. 21 яшар қизим йиғлаб уйга қайтиб кетди. Ўз фарзандимни бир ой бағримга босолмадим. Бу она учун осонмас.

Ҳамкасбларимизни йўқотган ҳолатларимиз бўлди. Ворисбек исмли курсдошим бор эди. У «Ўзэкспомарказ»даги тақсимлаш марказида ишлаган экан.

Ковид билан ишлаб отаси ҳам, онаси ҳам, ўзи ҳам раҳматли бўлди. Лекин 9 ой мобайнида шифохонамизда бундай ҳолат кузатилмади.

Ҳозир ҳамма беморлар асабийлашган. Тушкунликка тушиб қолган. Вирус асабни еяпти. Агар уларнинг асабини даволамасак, дориларимиз таъсир қилмайди. Иш вақтимиз саккиз соат бўлса-да, ҳеч қайси ходим шу вақт ичида чиқиб кетолмайди. Беморга қарайди, дорисини беради.

Халққа гапириш осон, лекин бу ерга келиб ишлаб кўриш...

Соғайган беморларнинг ҳаммаси биздан рози бўлиб, раҳмат, барака топинглар, деб чиқиб кетади. Бироқ халқ орасида ҳар хил салбий гаплар қаердан тарқалади, тушунмайман.

Отабек Мўминов, 38 ёшда. Клиник-диагностика лаборатория бўлими бошлиғи

Зангиотадаги 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси клиник-диагностика лаборатория бўлими бошлиғи Отабек Мўминов.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Бошида таъминот ва ходимлар масаласи муаммо бўлган

Шифохонага 2020 йил июль ойида келганман. «Зангиота» янги ташкил қилинган касалхона бўлгани сабабли бошида диагностика учун керакли ускуналар таъминоти муаммо бўлган. Қолаверса, бирданига касалланганлар сони ошиб, шифохонага келувчилар кўпайгани ҳисобига ходимлар масаласи 10-15 кун давомида қийнаган.

Ўша пайтлари ушбу ковид-марказда 14 кунлик иш режимида шифохонада қолиб ишлардик. Икки ҳафтадан сўнг уйга кетишга рухсат бўларди.

Очиғини айтсам, бошида жуда қўрққанман. 4 нафар фарзандим бор. Вирус ташувчи бўлиб қолмаслик учун уйга бормаганман. Кетишга рухсат берилган пайтлари ижарага квартира олиб, ўша ерда яшардим.

Шундай қилиб, икки ой оилам, болаларим билан кўришмаганман. Фақат телефонда гаплашганмиз, холос.

Бироқ вирус мени четлаб ўтмади. Август ойида юқтириб олдим. Лекин касаллик менда енгил ўтди. Саккиз кун давомида шу ерда ётиб даволандим.

Кейинроқ карантин қоидалари юмшаб, аҳвол анча яхшиланганидан сўнг уйга борадиган бўлдим. Яқинда муассасада ишлайдиган барча ходимлар ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасини олдик. Ҳозир уйга бемалол бориб келяпман.

Фото: «Дарё»

Диляйра Тошпўлатова, 31 ёшда. Эндокринолог шифокор

Зангиотадаги 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси эндокринологи Диляйра Тошпўлатова. Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Худди қандли диабетнинг пандемияси бўлганга ўхшарди

Асли бухороликман. Икки ўғил, бир қизим бор. Болаларим ҳали кичкина, мактабга боради. Турмуш ўртоғимнинг ўзи ҳам шу соҳа вакили бўлгани учун «Зангиота»да ишлашимга қаршилик билдирмаган. Тўғри тушуниб, мени қўллаб-қувватлаган.

2020 йил июлдан бери Зангиота шифохонасида ишлаб келяпман.

Шу вақт мобайнида жуда кўп касалларни кўрдик. Коронавирусга чалинган касалларнинг ярмидан кўпида, деярли 70-80 фоизида қанд касаллиги кузатилди. Худди қандли диабетнинг пандемияси бўлганга ўхшади.

Қанд касаллигидан вафот этган 3 ёшли қизалоқ

Биз бу касалликни наслга боғлиқ, семизликка мойилларда бўлади, деймиз.

Ўзим кузатиб, ўрганиб чиққанимда қандли диабет юқоридаги факторларга боғлиқ бўлиб чиқмади. Аксинча, озғин одамларда кўп кузатилди. Худога шукр, кўп касалларимиз даволанди. Ўлим юқори бўлмади.

Бир нарсани айтиб ўтишим керак, бизда даволаниб кетган беморлар билан доимий алоқада бўлиб турдик. Маълум бир қисмида қандли диабети йўқ бўлиб кетди.

Биламизки, «сахар» бир марта пайдо бўлганидан кейин одам умрининг охиригача қоладиган касаллик ҳисобланарди. Коронавирус туфайли келиб чиққан қандли диабет кўпчиликда йўқ бўлиб кетди. Лекин наслий мойиллиги борларда қолди.

Биз ҳар куни ишлаймиз. Ҳатто якшанбада ҳам. Бир куннинг ўзида 64-67 та касал кўрамиз.

Одатда бизнинг бўлимда ўрта ёшли одамлар даволанади. Энг ёши, адашмасам, 3 ёшли қизалоқ эди. «Сахар» аниқланди. Ҳатто комагача тушиб қолди. Қўшимча касалликлари ҳам ривожланиб кетиб, охир-оқибат вафот этди.

Изоҳ: «Дарё» эндокринолог Диляйра Тошпўлатова ва педиатр Барно Мусаева тилга олган, комага тушиб вафот этган қизалоқ ҳақида маълумот олиш учун ССВ билан боғланди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаевнинг «Дарё»га маълум қилишича, икки шифокор айнан бир қиз ҳақида айтган, чунки «Зангиота-2» шифохонасида фақат бир нафар 3 ёшли қизчанинг ўлими қайд этилган. «Зангиота-1»да эса бундай ҳолат кузатилмаган. Унинг сўзларига кўра, қизчанинг ўлимига коронавирус сабаб бўлмаган, қизалоқ ўпка пневмонияси билан Зангиотадаги шифохонага келтирилган, бошқа касалликлари ривожланиб, вафот этган. Янада аниқроқ маълумот олиш учун Фурқат Санаев Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Дониёр Миразимовнинг телефон рақамини берди, бироқ директор «Дарё» мухбирларининг қўнғироқларига ва ёзган хабарларига жавоб бермади. Расмий жавоб олишга бўлган уринишлар туфайли мақола чоп этилиши бир ҳафтадан ортиқроқ муддатга чўзилиб кетди.

Коронавирус юқтириб олган ҳамкасбларимизнинг айримлари шу ерда даволанди, июль—август ойларида ишдан кетганлари ҳам бўлди. Бироқ иш оғирлигидан кетиб қолганлари бўлмади. Ўзим эса вирусга чалинмадим.

Маъруфжон Салоҳиддинов, 30 ёшда. Радиология бўлими бошлиғи

Зангиотадаги 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси радиология бўлими бошлиғи Маъруфжон Салоҳиддинов.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Бу ерда ишлаётганимни ота-онамга айтмаганман

Тошкент тиббиёт академиясини битириб, 2018—2019 йиллари Буюк Британияда магистратурада таҳсил олганман.

Бу ерга келгунимга қадар Тошкент тиббиёт академиясида радиолог ассистент бўлиб ишлардим.

Мазкур шифохонада ишлаётганимга ҳам мана тўққиз ой бўлди. Тўғриси, бу ерга ишга келишимни ота-онамга айтмаганман. Тошкентда ўзим яшаётганим учун улар сезмаганлар ҳам. Хабарингиз бор, ўшанда вирус айни «пик»ка чиққан пайт эди. Касалликни юқтириб олишдан ҳамма қўрқарди. Ота-онамни хавотирга қўймаслик учун уларга билдирмаганман.

Август ойида коронавирусга чалиндим. Шу ернинг ўзида ётиб даволандим. Тузалганимдан кейин орадан 1-2 ой ўтиб, уйдагиларга бу ерда ишлаётганимни айтдим. Унгача уйга бормадим.

«Зангиота»да ишлаётганим учун бир муддат уйланмай турдим. Ноябрь ойида карантин қоидалари юмшатилганидан сўнг оила қурдим.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

У ҳали ёш эди

Июль ойида келганимда мен билан олдин ишлаган бир ҳамкасбим бор эди. 38 ёшда эди. Бир куни қарасам йўқ. Орада 2-3 кун кўринмади. Уйга кетган бўлса керак, деб ўйладим. Ўша пайтлари мен ультратовуш текширувида ишлаб юрардим. Ичкарига кирсам, у реанимацияда ётибди. 2-3 кун оғир ҳолатда ётди, кейин вафот этди. У ҳали ёш эди.

Шифокорларнинг ҳурмати бироз бўлса-да кўтарилди

Пандемия инсонларнинг ҳаётини ўзгартирди. Бошида одамларда тиббий тушунча йўқ эди. ОАВларда чиққан турли мақолалар сабаб кўпчилик ваҳимага тушиб қолганди. Ҳаттоки шифокорлар ҳам. Бироқ ҳозир ҳаммаси ўзгарган.

Назаримда, мана шу ўтган бир йилда одамлар соғлиғи нақадар муҳимлигини тушунди.

Бошқа тарафдан олиб қараганда, шу пайтгача шифокорларнинг ҳурмати баланд эмасди. Коронавирус сабаб жуда сезиларли даражада бўлмаса ҳам, аста-секинлик билан уларнинг қадри ошиб боряпти.

Севара Солиҳова, 43 ёшда. Терапия бўлими бошлиғи

Зангиотадаги 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси терапия бўлими бошлиғи Севара Солиҳова.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Уйга фақат ухлагани борамиз

Мутахассислигим бўйича онколог-жарроҳман. Тошкент 2-тиббиёт институтини тамомлаганимдан сўнг 2007—2014 йилларда Москвада жойлашган Н.Н.Блохин номидаги онкология институтида таҳсил олганман. 2020 йил ноябрь ойидан бери 2-сонли Зангиота ихтисослаштирилган шифохонасида ишлаб келяпман.

Ковидолог сифатидаги фаолиятим ўтган йили июлда Гимнастика саройида ташкил этилган вақтинчалик COVID марказида бошланган. 6 ёшли фарзандим борлиги учун бошида ишлаш қийин бўлган. Чунки 14 кунлаб уйга келмасдан ишлардик.

Сентябрь ойида карантин чоралари юмшатилиб, уйга бориб-келишга рухсат берилганидан кейин бу ерга ишга келдим. Лекин очиғини айтсам, уйга фақат ухлагани бораман.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Аёл, она сифатида боламга вақт ажратишим керак, аммо...

Ҳар куни соат 08:00 дан ишга киришамиз, 5 дақиқалик йиғинда раҳбарият билан у ёки бу масалаларни муҳокама қилиб оламиз. Кейин «қизил ҳудуд»га кириб, ҳар бир беморни шахсан ўзим кўздан кечираман: ҳолатини сўрайман, анализларини кўраман. Соат 14:00 да «қизил ҳудуд»дан чиқаман. Тушликдан сўнг «яшил ҳудуд»да ҳужжатлар билан ишлашни бошлайман.

Бўлимимизда ҳозир ўрта оғир даражадаги беморлар даволанмоқда. Ҳар бир бўлимда 80-81 та койка ўринлари бор. Бўлим раҳбари бўлганим учун бошқаларга қараганда беморлар учун масъулиятни кўпроқ ҳис этаман. Албатта, аёл ва она сифатида боламга ҳам вақт ажратишим керак. Аммо ҳозирги вазиятда ўзимизни буткул ишга бағишлашимиз зарур.

Онколог сифатида оғир беморлар билан ҳам ишлаганман, бироқ COVID беморлари билан ишлаш бироз мушкул. Психологик жиҳатдан беморнинг кўнглига қараш лозим. Ҳар бир бемор ўзига хос. Биз уларни бошдан оёқ, барча касалликларигача билишимиз, беморга тўғри даволаш тактикасини танлашимиз зарур.

Лекин уйга келиб, соғ-саломат кулиб турган фарзандимни кўрганимда кайфиятим ўз-ўзидан кўтарилади. Касбимни севаман, болалигимдан шу соҳада ишлашни орзу қилганман. Тўғри, оғир, аммо менга мана шундай тарзда ишлаш ёқади.

Бегали Ҳакимов. Иккинчи реанимация бўлими бошлиғи

Зангиотадаги 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси иккинчи реанимация бўлими бошлиғи Бегали Ҳакимов.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Моддий эҳтиёж сабаб ишга келганман

Асли қашқадарёликман. Аввал Республика нейрохирургия илмий текширув марказининг реанимация бўлимида ишлардим. Ўша пайтлари ковид-марказларда соҳам бўйича мутахассислар кам эди. Қолаверса, очиғини айтишим керак, шифохонада шифокорларга яхши ҳақ тўланарди. Яширишимнинг кераги йўқ, дастлаб моддий эҳтиёж сабаб ишга келганман.

2020 йил июль ойида ишга келган бўлсам, ўшанда коронавирус нималигини, асоратларини ҳеч ким тўлиқ билмасди.

Ўша пайтларда шифохонага келган касалларнинг аксариятининг аҳволи жуда оғир, реанимацияда ўлим ҳолатлари кўп кузатиларди. Даволаш борасида аниқ йўналиш бўлмаганидан кейин таъминот масаласи ҳам муаммо эди.

Энг ёмони, бирданига 20-25 нафаргача оғир аҳволдаги касаллар тушиб қолган. Қай бирига биринчи ёрдам беришни билмай қийналганман.

Энди тузаляпти деган беморингиз, эртасига оғирлашиб қолса, нима қилишни билмай қоласиз. Аввало касал, унинг қариндошлари, раҳбарият, энг муҳими, Аллоҳнинг олдида нима деб жавоб бераман, деган саволлар қийнайди.

Бундан ташқари, ходимлар янги, кимдир яхши билади, кимдир эса йўқ. Уларни бир йўналишга солиш қийинчилик туғдирган.

Санитарлар беморларнинг оёғигача ювади

Мазкур шифохонадаги барча ходимлар ҳар куни 8 соатдан ишлайди. Мана, саккиз ойдан бери дам олганимиз йўқ.

Икки марта коронавирусга чалиндим. Биринчи марта энди иш бошлаган вақтим юқтирдим. Иккинчи марта октябрь ойида бўлдим. Буниси оғирроқ кечди. 30 фоизгача зарарланиш билан шифохонанинг ўзида реанимацияда ётиб даволандим.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Менимча, ишимизда энг кўп дуо оладигани, раҳмат эшитадигани санитар ходимлар бўлса керак.

Сабаби улар беморнинг оёғини ювади, чойини дамлайди, керак бўлса, тагини ҳам тозалайди. Ҳамширалар эса «укол»ини қилади, дорисини беради. Уларсиз шифокор шифокор эмас.

Оилам менинг бу ҳаётимга кўниккан

Аввалги ҳаётим билан ҳозиргиси орасида деярли ўзгариш йўқ. Чунки ўзи азалдан «дежур»да турганман, қаттиқ ишлаганман. Учта ўғлим, аёлим ҳам менинг бу ҳаётимга кўниккан.

Олдин шифохонада қолиб ишлардик. Ҳозир ҳам доим уйга боравермайман. Чунки касал кўп. Баъзида ўзимда ҳолсизлик, касалликка оид қандайдир симптомни сезганимда қўрқаман. Ота-онам, аёлим, болаларимга юқтириб қўймай деб, яхшиси, телефонда гаплашиб қўя қоламиз.

Ҳозир эртага қаерда навбатчиликда турсам экан, деган хавотир йўқ

20 йилдан бери шу соҳада бўлсам, аввалгидан кўра ҳозир ишга чуқурроқ киришдик деб ҳисоблайман. Биринчидан, давлатимиз томонидан шифокорларга берилаётган моддий таъминотнинг етарли бўлгани боис эртага нима қиламан, қаердан навбатчилик оламан деган ўй, хавотир йўқ. Бор вақтингизни, хаёлингизни беморни тузатишга қаратасиз.

Иккинчидан, рақобат кучайди. Ўз устида ишлайдиган яхши шифокор ҳаммага керак бўлишини ҳис қилдик. Янада кўпроқ изланишни бошладик.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Реанимацияда ҳаммани тирик сақлаб қолишнинг иложи йўқ

Бир марта 65 ёшлардаги ўпкасининг 90 фоизи зарарланган бемор келган. Мутахассислар компьютер томографиясини кўриб, буёғини вақт кўрсатади дейишган. Лекин ана шу бемор ҳам тузалиб, ўз оёғи билан чиқиб кетди. Орада яна икки марта биздан хабар ҳам олиб кетди.

Фаолиятим давомида реанимацияда 9 кунлик чақалоқдан тортиб 92 ёшли беморгача даволадик.

Бироқ, тўғрисини айтиш керак, реанимация шароитида ҳаммани тирик сақлаб қолиб бўлмайди. Ўта оғир аҳволда келган беморларимизнинг ҳар тўрттасидан бирини сақлаб қололганимиз ҳам катта гап.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Коронавирус юрак хуружидан ҳам хавфли

Кўпчилик юртдошларимиз бееътибор бўляпти. Бу касаллик оддий грипп эмас, ҳатто юрак хуружидан ҳам оғирроқ ҳолат. Бу касалликни менсимасангиз, у сизни ёшмисиз, қаримисиз, аяб ўтирмайди. Кимдир иммунитетим кучли ёки пулим бор, даволаниб оламан деб бефарқ бўлади. Йўқ, ундай эмас. Биринчи тўлқинда қариялар бўлганди. Ҳозир эса иммунитети бақувват ёшларда кузатиляпти. Агар оғир турини юқтирсангиз, на пулингиз, на ёшлигингиз аҳамиятли.

Ҳатто энг ривожланган мамлакатлар — Германияда ҳам, Исроилда ҳам одамлар ўлиб кетяпти. Шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам.

Қўшимча касалликлари бор юртдошларимиз доимо ўзларини текшириб юришсин, эҳтиёт бўлишсин. Ҳозир ҳазиллашиб ўтирадиган пайт эмас.

Суҳбатлашди: Хонзодабегим Аъзамова ва Мадина Нурман

Фотомухбир: Мадина Нурман

Муҳаррир: Дилшод Шарипов