Саудия Арабистони 6 май куни Ўзбекистондаги «Вақф» фондига 20 минг нусхада Қуръони карим ҳадя қилди. Бу ҳақда фонд матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Видеодан кадр / «Вақф»

Маълум қилинишича, шу куни Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ҳамда «Вақф» хайрия жамоат фонди раҳбари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашув Тошкентдаги «Ҳазрати Имом» мажмуасидаги «Мўйи муборак» музейида ташкил этилди. Дастлаб меҳмонлар музейда жойлашган «Ҳазрати Усмон мусхафи»ни зиёрат қилди.

Фото: «Вақф» хайрия жамоат фонди матбуот хизмати

Шундан сўнг томонлар ўзаро ҳамкорлик ва бирдамликда қилинаётган хайрия тадбирлари ҳақида сўз юритди.

Тадбир давомида элчихона вакиллари Саудия Арабистонида чоп этилган Қуръони каримнинг 20 минг нусхасини «Вақф» хайрия жамоат фондига беғараз тақдим этди.

Эслатиб ўтамиз, март ойининг охирларида Саудия Арабистони Рамазон ойи муносабати билан Ўзбекистонга 50 тонна хурмо совға қилганди. Ушбу хурмолар республика бўйлаб муҳтожларга беғараз хайрия қилинган.