Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида 4 май куни ниқобсиз юрган 210 киши жаримага тортилди, деб хабар бермоқда вилоят ИИБ матбуот хизмати.
Қайд этилишича, профилактика инспекторлари томонидан карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланмоқда. 4 май куни биргина Гулистон шаҳрида 210 киши жамоат жойларида тиббий ниқобсиз юргани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.
Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига асосан эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланган.
Унга кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача (1 миллион 225 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ўзбекистонда жамоат жойларида ниқобсиз юриш 2020 йилнинг 25 мартидан буён тақиқланган. 2021 йилинг апрелида ИИВ матбуот хизмати шу кунгача ички ишлар органлари ходимлари карантин қоидаларини бузган фуқароларга нисбатан асосан огоҳлантириш билан чекланиб келганини, бундан буён қоидабузарларга нисбатан қонуний ва қатъий чоралар кўрилишини қайд этганди.
Изоҳ (0)