Наманганда 2020 йил 16 декабрь куни 6 кишининг умрига зомин бўлган автоҳалокатни содир этган ҳайдовчи 10 йилга қамалди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Шу куни Наманган шаҳридаги Ислом Каримов ва Истиқлол кўчалари чорраҳасида MAN юк машинаси ва Nexia иштирокида ЙТҲ содир бўлганди. 1974 йилда туғилган ҳайдовчи А.А. MAN русумли юк автомашинасида ҳаракатланаётиб, чорраҳадан ўтаётган ҳайдовчи Н.М. бошқарувидаги Nexia автомобили билан тўқнашганди.
Тўқнашув оқибатида ёнғин содир бўлиб, Nexia салонида бўлган 42 ёшли ҳайдовчи, ҳайдовчининг рафиқаси, 13 ёшли ва 10 ёшли фарзандлари ҳамда 34 яшар ва 7 ёшли йўловчи, жами 6 киши ҳодиса жойида ёниб кетиб, ҳалок бўлганди.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Наманган вилояти ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Жорий йил 4 май куни жиноят ишлари бўйича Косонсой туман судининг сайёр суди мажлисида мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. Суд раиси Самаджон Қодиров раислигида ўтган мажлисда Намангандаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирида ҳайдовчи бўлиб ишлаб келган А.А. ўз айбига иқрорлигини билдирди. Унга нисбатан узил-кесил 10 йил қамоқ жазоси тайинланди.
Шунингдек, судланувчидан жабрланувчиларнинг қонуний вакили фойдасига қарийб 60 миллион сўм, иш жойи бўлган МЧЖ фойдасига эса 266 миллион сўм ундирилиши белгиланди.
Маълумот учун, ушбу суд жараёнида ҳайдовчи А.А муқаддам қўл урган бошқа бир оғир жинояти учун 1996 йили 20 йил қамоқ жазосига ҳукм қилингани ва жазони тўлиқ ўтагани маълум бўлди.