Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида Тошкент молия институти 14 кунга, Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқув йили охиригача масофавий таълимга ўтказилади.
Тошкент молия институтида ўқув жараёни 6 майдан 20 майгача босқичма-босқич масофавий шаклда ташкил этилади. Институт матбуот хизматининг маълум қилишича, икки ҳафта муддатли масофавий таълим талабалар учун белгиланмоқда. Барча ходимлар, профессор-ўқитувчилар карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ўз вазифаларини бажаради.
Ушбу ОТМда дарслар 26 мартдан 8 апрелгача ҳам (14 кун) масофавий шаклда олиб борилганди.
Самарқанд давлат чет тиллар институти эса ўқув йили сўнгига қадар масофавий таълим тизимига ўтди. Институт матбуот хизматининг қайд этишича, институтда 1, 2, 3-босқич бакалаврлар (кечки ҳам, кундузги ҳам) ва 1-босқич магистрантлар учун ўқув жараёнлари онлайн шаклда давом эттирилади ҳамда улар учун 2020/2021-ўқув йили онлайн шаклда якунланади. 4-босқич бакалаврлар ва 2-босқич магистрантлар бундан мустасно.
Шунингдек, 4-босқич бакалаврлар битирув малакавий иши ҳимояси учун ва Якуний давлат аттестациясига, жумладан, 2-босқич магистрантлари эса магистрлик диссертацияси ҳимояларига санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда тайёргарлик кўради ва ўтказади.
Эпидемиологик вазият барқарорлашиб, ҳолат ижобий томонга ўзгарса, ўқув жараёнлари анъанавий шаклда давом эттирилиши билдирилган.
Аввалроқ ушбу ОТМда дарслар 22 апрелдан 14 кунлик онлайн шаклга ўтказилганди.