Тошкент вилояти, Чиноз туманида Damas ЙПХ инспекторининг радар ўрнатилган Nexia’сига бориб урилди. Бу ҳақда ЙҲХББ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: ЙҲХББ матбуот хизмати

Воқеа 2 май куни соат 13:15 ларда Чиноз туманидан ўтган М-39 автомобиль йўлининг 862-километрида юз берган. Damas’ни бошқариб кетаётган 40 ёшли ҳайдовчи Р.А. йўлнинг ўнг томонида, йўл ёқасида тўхтаб турган Тошкент вилояти Қибрай тумани ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспекторига бириктирилган, тезликни ўлчовчи мосламалар билан жиҳозланган Nexia-3’нинг орқа томонига бориб урилган.

Фото: ЙҲХББ матбуот хизмати

Оқибатда Damas ҳайдовчиси тан жароҳатлари билан шифохонага олиб кетилган.

ЙТҲ юзасидан Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида рақамларини беркитиб дрифт-шоу уюштирган ҳайдовчилар жазолангани ҳақида хабар берилган эди.