Тошкентда Mercedes-Benz йўловчи автобуси бекатда 2 та пиёдани уриб юборди. ЙТҲдан кейинги ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Ҳолат юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» томонидан тезкор суриштирув тадбирлари ўтказилган. Аниқланишича, воқеа 28 апрель куни соат 13:45 атрофида юз берган. 86-сонли йўналишда ҳаракатланувчи ҳайдовчи автобусни ТҲАЙ кўчаси бўйлаб бошқариб бораётган вақтда юрак-қон томир жарроҳлик клиникаси бекатида унга нисбатан олдинда кетаётган транспорт воситаси кескин тўхташи натижасида автобусни ўнгга бурган ва бекат ёнида турган 2 та пиёдани уриб юборган.
Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланувчи пиёдалар Н.Д ва О.Л.га йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида енгил тан жароҳати етган ва 16-тез тиббий ёрдам кўрсатиш шифохонасига етказилган. Айни пайтда жабрланувчи пиёдаларнинг аҳволи яхши эканлиги айтилмоқда.
Ҳозирда автобус ҳайдовчиси М.А.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 133-моддаси (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши) аломатлари мавжудлигини инобатга олиб, маъмурий иш қўзғатилган ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда автобус йўл четида турган пиёдани уриб кетгани, ҳайдовчига нисбатан жиноий иш очилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани, пойтахтнинг Юнусобод туманида 82-автобус ва Nexia-3 тўқнашгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)