АҚШда Ойга қўнишни амалга оширган инсоният тарихидаги биринчи миссия иштирокчиси астронавт Майкл Коллинз вафот этди. Бу ҳақда The Washington Post хабар берди.
Коллинз тўқсон ёшни қаршилаган эди. Унинг оиласи собиқ астронавтнинг саратондан вафот этганини маълум қилди.
Майкл Коллинз 1969 йилнинг июль ойида «Апполон-11» экипажи таркибида Ойга учган. Нил Армстронг ва Базз Олдрин Ер сайёрасининг йўлдоши — Ой юзасига қўнганида, у Ой орбитасида буйруқ модулини бошқарган.
Коллинзнинг ўзи Ой юзасида бўлмаган ва шу парвоздан кейин астронавтлик карьерасини тугатган (лекин у инсониятнинг Ойга охирги қўнишини амалга оширган «Апполон-17» миссиясида иштирок этишга даъвогарлик қилиши мумкин эди). Кейинчалик Коллинз Оқ уй ва АҚШнинг Смицон институтида фаолият юритган.
Аввалроқ АҚШ собиқ вице-президенти (1977–1981) Уолтер Мондейл 93 ёшида вафот этгани ҳақида хабар берилди. Сиёсатчи 19 апрель куни Миннеаполисдаги уйида вафот этди. Ўлим сабаби маълум қилинмаган.
Шунингдек, 9 апрель куни қиролича Елизавета II нинг турмуш ўртоғи шаҳзода Филипп 99 ёшида оламдан ўтди. 18 апрель куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг отаси Маликгули Бердимуҳамедов 89 ёшида вафот этди. Шунингдек, америкалик тадбиркор, Adobe асосчиларидан бири 81 ёшли Чарльз Гешке 16 апрель куни вафот этди.
Изоҳ (0)