Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Жо Байденнинг учрашуви ёз фаслида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковга таяниб, «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: Reuters

«Ҳақиқатан ҳам маълум таклифлар билдирилди, учрашувнинг аниқ санасини ҳали тасдиқлай олмайман. Ҳозирча саналар бўйича келишув мавжуд эмас. Лекин гап ёз ойлари ҳақида кетмоқда. Якуний келишувга эришиш учун яна кўплаб турли хил омилларни таҳлил қилиш керак», — дея Песков ва учрашув қайси мамлакатда ўтказилиши ҳам ноаниқ эканини қўшимча қилди.

Шунингдек, Песков президентларнинг учрашуви Байденнинг июнь ойида бўлиб ўтадиган НАТО саммити муносабати билан Европага сафари чоғида ўтказилиши эҳтимоли ҳақида изоҳ бермади.

13 апрель куни телефон орқали суҳбатда Байден Путинга нейтрал ҳудуд сифатида «учинчи мамлакатда» учрашишни таклиф қилди. Оқ уй учрашув ёзда бўлиб ўтиши мумкин, деб тахмин қилди, аммо Кремль маълум бир жой ва вақт ҳақида гапириш ҳали эрталигини айтди.

Аввалроқ Байденнинг президент сифатида илк хорижий сафари июнь ойида Буюк Британия ва Бельгияга уюштирилиши ҳақида хабар берилганди. Хабарга кўра, Байден 11—13 июнь кунлари Британиянинг Корнуолл графлигида бўлиб ўтадиган G7 давлатлар саммитида иштирок этади. Шундан сўнг Байден 14 июнь куни бўлиб ўтадиган НАТО саммитида иштирок этиш учун Бельгияга йўл олади.