Кишини ҳайратга соладиган бинолар фақат ўтмишда қурилган деб ўйласангиз, янглишасиз. Бунёд этилганига кўп бўлмаган ва ноодатий кўринишга эга бўлган иншоотларнинг қуйида келтирилган суратлари бунинг яққол мисоли.

«Харпа» концерт зали (Рейкявик, Исландия. 2011 йил)

Фото: Lifehacker

Дизайнери рассом Олафур Элиссон бўлган концерт залини ташкил қилиш учун 164 миллион евро сарфланган. Умумий майдони 28 000 квадрат метрни ташкил қиладиган хол (ҳалл), тўртта зал, гул салони, китоб дўкони, бутик кафе ва ресторанларни ўз ичига олади.

Бурж-Халифа (Дубай, БАА, 2010 йил)

Фото: Lifehacker

Баландлиги 828 метрни ташкил қиладиган осмонўпар бино 162 қаватдан иборат. Сталагмит шаклини эсга соладиган

Бурж-Халифада меҳмонхона, хонадонлар, офис ва савдо марказлари бор. 2004 йилда қуриш ишлари бошланган бинонинг очилиши 2010 йилда бўлиб ўтган

Кўрфаздаги боғлар (Сингапур, 2012)

Фото: Lifehacker

Сингапурда жойлашган мазкур боғда қирққулоқ, узум, орхидея ва бошқа ўсимликларнинг кўплаб турини учратиш мумкин. Фотоэлектр элементлари билан таъминланган иншоот қуёш нуридан энергия ишлаб чиқаради. Бундан ташқари боғда иссиқхона комплекси, гуллардан иборат гумбазни ҳамда лифтда кўтарилиш мумкин бўлган «булутли тоғ» — тоғ ўсимликлари учун иссиқхонани учратиш мумкин.

Парасол метрополи (Севилья, Испания 2011)

Фото: Lifehacker

Немис архитектори Юрген Майер томонидан лойиҳалаштирилган бино дунёдаги энг катта ёғоч иншоот ҳисобланади. Баҳайбат қўзиқорин шаклидаги олтита соябоннинг биринчи ташқи қаватида бозор, юқоридаги террасада эса ресторан ҳамда музей жойлашган.

Аbsolutе World (Миссиссога, Канада, 2012 йил)

Фото: Lifehacker

Аbsolutе World комплекси балкон ва қаватлари буткул бир-бирига ўхшамайдиган иккита кўп қаватли уйлардан иборат. Биринчи Аbsolutе Towers Миссиссауга биносининг баландлиги 170 метр (56 қават), иккинчисиники — 150 метр (50 қават)ни ташкил этади. Худди ўз ўқи атрофида айланаётгандек кўринишга эгалиги унинг ўзига хослиги саналади.

Гуанчжоудаги опера театри (Гуанчжоу, Хитой, 2010 йил)

Фото: Lifehacker

Гуанчжоуда жойлашган опера театри ноодатий архитектураси билан шаҳар меҳмонларини ўзига ром этади. Ҳайбатли шиша панеллари билан қопланган бино иккита зални ўз ичига олади. Каттасида 1800, кичкинасида эса 400 кишилик ўриндиқ бор.

Лотос ибодатхонаси (Нью Дели, Ҳиндистон, 1986)

Фото: Lifehacker

Баҳаиларнинг ибодатхонаси ҳисобланган мазкур бино Грециянинг Пентел тоғларидан келтирилган мармартошдан қурилган. Архитектор Фариборз Схба уни қуришда Сидней опера театридан илҳомланган. 10 гектар боғ билан ўралган бино ёнида маҳаллий ўсимлик турларини ўз ичига оладиган иссиқхона ҳам бор.

Аtomium (Брюссель, Бельгия, 1958)

Фото: Lifehacker

Зангламайдиган пўлатдан ясалган атом кўринишидаги бинони кўпчилик декорация деб ўйлайди. Аслида эса ушбу иншоот ресторан, музей ва кўргазма залларини ўз ичига олади.

Sagrada Familia ибодатхонаси (Барселона, Испания, 2010 йил)

Фото: Lifehacker

Барселонадаги мазкур ибодатхона қурилиши учун энг кўп вақт кетган бинолардан саналади. 1888 йилда қурилиш ишлари бошланган бино 2010 йилда расман очилган.

Linked Hybrid (Пекин, Хитой, 2009 йил)

Фото: Lifehacker

Linked Hybrid турар жой комплекси кўприклар билан уланган бир неча кўп қаватли бино ҳисобланади. Унда хонадонлардан ташқари, савдо майдони, кинотеатр, меҳмонхона, автотураргоҳ, боғча ва мактаб бор. Лойиҳа унда яшовчиларнинг ташқарига чиқишига деярли ҳожат қолмаслигини кўзда тутган.

Маrina Bay Sands (Сингапур, 2010)

Фото: Lifehacker

Архитектор Моше Сафди томонидан лойиҳалаштирилган учта бино тепасидаги террасада бассейн ва боғ бор. Маrina Bay Sands’да меҳмонхона, казино ва кўргазма марказидан ташқари иккита театр, еттита ресторан ва музей ҳам мавжуд.

Вертикал ўрмон (Милан, Италия, 2014 йил)

Фото: Lifehacker                                            

Bosco Verticale номли архитектура комплекси баландлиги 111 ва 76 метрли иккита осмонўпар бинодан ташкил топган. Бино террасасига 900 та дарахт, 5000 та бута ва 11 минг кўп йиллик ўсимликлардан иборат клумба (гулзор) экилган. Бино шаҳарни безаш билан бирга, ҳавони карбонат ангидрид газидан фильтрлашда ҳам муҳим роль ўйнайди. Комплекс электр қувватини қуёш батареяларидан олади