Унинг экспансионистик сиёсати Иккинчи Жаҳон уруши бошланишининг асосий сабабларидан бири бўлди. Унинг номи фашистлар режими томонидан Германиянинг ўзида ҳам, у эгаллаб олган ҳудудларда ҳам содир этилган инсониятга қарши кўплаб жиноятлар (балки хиёнатлар) билан боғлиқ эди. Халқаро ҳарбий трибунал у ва нацистлар партияси раҳбарияти томонидан ташкил этилган кўпгина ташкилотларни жиноий табиатга эга дея тан олди. Бугун «Дарё» немис сиёсатчиси, исми дунёнинг энг таниқли номларидан бири бўлган шахс – Адолф Гитлер ҳаётидан ҳикоя қилади.
Ёш Гитлернинг ҳаёти
Бўлажак сиёсатчи 1889 йил 20 апрелда Австрияда, Браунау-ам-Инн шаҳрида туғилган. У бу ерда уч ёшигача яшаган. 1892 йил Гитлернинг отаси янги лавозимга кўтарилади ва оила Пассуа шаҳрига кўчиб ўтди.1900 йил сентябрь ойида ёш Адолф Линздаги давлат мактабининг биринчи синфига ўқишга кирди. Ўша вақтдан бошлаб у фақат ўзига ёқадиган фанларни ўрганишни бошлади. Бўлажак «доҳий» тарих, география ва айниқса рассомчиликка қизиққан. Ҳаттоки бошқа фанларга бўлган ножиддий муносабат унинг бир неча бор синфдан синфга қолиб кетишига ҳам сабаб бўлган. Гитлер 13 ёшда эканлигида (эндигина иккинчи синфда ўқиётганда) – 1903 йил 3 январь куни тўсатдан отаси вафот этди. Гитлер 15 ёшидан песалар, шеърлар ва ҳикоялар ёза бошлаган, шунингдек, у Виланд афсонаси ва Вагнер операси учун либретто яратди.
Гитлер француз тилини ёқтирмас эди. Ўша пайтда Адолфга француз тилидан дарс берган устози Гемер 1924 йилги Гитлер устидан суд жараёнида шундай деган эди: «Гитлер, шубҳасиз, бир томонлама бўлса ҳам, иқтидорли эди. У ўзини қандай тутишни деярли билмас, ўжар, ўзбошимча, бепарво ва тез феълли эди». Кўпгина гувоҳликларга кўра, биз Гитлер ёшлигидаёқ ўзида психопатик хусусиятларни намоён этган, деган хулосага келишимиз мумкин.
Гитлернинг ёшлигидаги дўсти Кубицек у доим ҳамма билан қирпичоқ бўлиб юрганлигини, уни ўраб турган ҳамма нарсадан нафратланганини эслайди. Гитлер биографияси билан шуғулланувчи немис тарихчиси Йоахим Фест антисемитизм ва яҳудийларга нафрат Гитлернинг йиллар давомида авж олган ва ўз ўлжасини топа олмаган нафратининг нишони эди дея таъкидлайди. 1913 йил май ойида Гитлер Венадан Мюнхенга кўчиб ўтди ва бу ерда у Биринчи Жаҳон уруши бошлангунига қадар рассом бўлиб ишлади.
Гитлер илк жаҳон урушида
Биринчи жаҳон урушининг дастлабки ойида Гитлер ўз хоҳиши билан немис армиясига ёзилади. Франция ва Бельгияда аввал оддий аскар сифатида, сўнг ефрейтор бўлиб хизмат қилади. Ўн олтинчи Бавария штаби сафида жанг операцияларида иштирок этади. 8 октябрда у Бавария қироли Людвиг III ва император Франц Жозефга содиқлик ҳақида қасамёд қилди. 1914 йил октябрда Гитлер Ғарбий фронтга жўнатилди ва 29 октябрда Изер жангида ва 30 октябрдан 24 ноябргача Ипр жангида қатнашди. 25 ноябрдан 13 декабргача Фландриядаги позицион урушда иштирокчи бўлди. 1914 йил 2 декабрда у 2-даражали темир хоч билан тақдирланди.1915 йилда у Ню Шапел, Ла Бассе ва Аррас жангларида, 1916 йилда Сомме жангида қатнашди. Сомменинг биринчи жангида у граната тегиб чап сонидан яраланди ва Поцдам яқинидаги Қизил Хоч касалхонасида ётди. Касалхонадан чиқиб кетгач, 1917 йил март ойида 1-захира баталёнининг 2-рота таркибидаги полкка қайтди. 1918 йилда Гитлер Францияда баҳорги ҳужумларда, Эврос ва Мондиде жангларида қатнашган. Кўплаб гувоҳликларга кўра, у жасур ва ажойиб аскар эди. Гитлернинг 16-Бавария пиёда полкидаги ҳамкасби Адолф Меер ўз хотираларида Гитлерни «яхши аскар ва бенуқсон ўртоқ» сифатида тавсифлаган. Унинг яна бир ҳамкасби Шлеҳубернинг сўзларига кўра, Гитлер ҳеч қачон хавфдан қочмаган ва сафдоши у ҳақида ҳеч қандай салбий нарса эшитмаган.
1919 йил июнь ойида ҳукумат уни фронтдан қайтаётган аскарлар орасида болшевикларга қарши тушунтириш ишлари олиб бориши керак бўлган агитаторлар тайёрлаш курсларига юборди. Маърузачилар орасида NSDAPнинг келажакдаги иқтисодий назариётчиси Готтфрид Федер ҳам бор эди.
Гитлернинг ҳаётидаги ҳал қилувчи лаҳза унинг антисемитизм тарафдорлари томонидан тан олиниши эди. 1919-1921 йилларда Гитлер Фридрих Кон кутубхонасидаги китобларни астойдил ўқий бошлади. Ундаги китоблар мазмуни жиҳатидан антисемитизмга асосланган бўлиб, Гитлернинг эътиқодида чуқур из қолдирди. Ўша пайтгача шаклланган Гитлернинг асосий ғоялари NSDAP дастурида ўз аксини топади. Гитлер ғояларининг аксарияти унинг автобиографик китоби – «Менинг курашим»да баён этилган.
«Пиво исёни»
1920 йилларнинг бошларида NSDAP Бавариянинг энг таниқли ташкилотларидан бирига айланди. Эрнст Роҳм ҳужум отрядлари бошида турарди. Гитлер тез орада Баварияда ўз ўрнига эга бўлган сиёсий шахсга айланди.
1923 йил январда Франциянинг Рурни босиб олиши фонида Германияда инқироз бошланди. 1923 йил 26 сентябрда рейхканцлер Густав Штреземан бошчилигидаги янги ҳукумат Франциянинг барча талабларини қабул қилишга мажбур бўлди ва ҳам ўнгчилар, ҳам коммунистлар ҳужумига учради. Консерватив Бавария вазирлар маҳкамаси 26 сентябрь куни штат ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилишини эълон қилди ва ўнг қанот монархист Густав фон Карга диктаторлик ваколатларини бериб, Бавария штати комиссари этиб тайинлади. Кар Германияда президент томонидан жорий қилинган фавқулодда вазиятнинг Бавария билан боғлиқлигини тан олишдан бош тортди ва Берлиннинг бир қатор буйруқларини, жумладан, NSDAP органини ёпишни бажармади.
Гитлер Муссолинининг Римга юриши мисолидан илҳомланиб, Берлинга юриш уюштиришга қарор қилди. 1923 йил 8 ноябрь куни Мюнхеннинг Бюргербройкеллер пивохонасида Кар, Лоссов ва Сейссер иштирокида митинг бўлиб ўтди. Гитлер «Берлинда хоинлар ҳукумати ағдарилганлигини» эълон қилди. Фон Кар бошчилигидаги Бавариянинг юқори даражали амалдорлари бу эълонни қўллаб-қувватлади. Тунда NSDAP отрядлари Мюнхеннинг маъмурий биноларини эгаллаб ола бошлади. Аммо орадан кўп вақт ўтмай фон Кар ва унинг тарафдорлари марказ билан компромиссга келишга қарор қилади. 9 ноябрда Гитлер ўз тарафдорларини марказий майдонга олиб чиқиб, «Фелдгеренхале»га йўл олганда ҳукумат ҳарбий қисмлари уларга қарши ўқ очишади. Германия тарихида бу ҳодисалар «Пиво исёни» номи билан қолди.
1924 йилнинг февраль март ойларида қўзғолон бошчилари устидан суд жараёни бошланади. Суд Гитлерни 5 йиллик қамоққа маҳкум қилади, аммо 9 ойдан сўнг, 1924 йил 20 декабрда, уни озодликка чиқариб юборишди.
Ҳокимият томон йўл
Гитлер йўқлигида у тузган партия тарқаб кетди. Гитлер деярли ҳамма нарсани нолдан бошлаши керак эди. NSDAPни қайта тиклашда ҳал қилувчи ролни шимолий ва шимоли-ғарбий Германиядаги ўнг қанот экстремистик ҳаракатларнинг раҳбари Грегор Штрассер ўйнади. У ўз тарафдорларини NSDAP сафига қўшиб, партиянинг умуммиллий сиёсий кучга айланишига ёрдам берди.1925 йил апрелда Гитлер Австрия фуқаролигидан воз кечди. 1932 йил февралгача амалда у ҳеч қайси давлат фуқароси эмасди. 1926 йилда у САнинг юқори раҳбарияти «Гитлерюген»га асос солди.
1930 ва 1932 йилларда бўлиб ўтган парламент сайловларида нацистларнинг юқори кўрсаткичлари мамлакатнинг ҳукмрон доираларини NSDAPга ҳукуматда жой ажратиш масалаларини жиддий кўриб чиқишга мажбур қилди. Улар Гитлерни партия раҳбарлигидан четлатишга ва Штрассерга ишонч билдиришга қарор қилди. Бироқ Гитлер тез орада шеригини партиядаги барча таъсиридан маҳрум қилишга эришди. Охир-оқибат, Германия раҳбарияти Гитлерга маъмурий ва сиёсий лавозим беришга қарор қилди.
1932 йил февралда Гитлер Германия Президенти сайловига номзод сифатида қатнашишга қарор қилди. 25 февралда мамлакат ички ишлар вазири уни Брауншвайгда атташе лавозимига тайинлади. Бу лавозим амалда Гитлерга ҳеч қандай расмий вазифа юкламаса-да, автоматик равишда Германия фуқаролигини ва сайловларда қатнашиш имконини берарди. Гитлер опера хонандаси Паул Дефринтдан нотиқлик ва актёрлик бўйича сабоқ олди ва нацистлар улкан ташвиқот кампаниясини уюштирдилар. Гитлер сайлов кампанияларида самолётда саёҳат қилган биринчи немис сиёсатчиси бўлди. 13 март куни бўлиб ўтган биринчи босқич сайловларда Гитлер 30,1% овоз билан иккинчи ўринни эгаллади. 10 апрель куни такрорий овоз беришда Гинденбург 53%, Гитлер эса 36,8% овоз олди.
1932 йил 4 июнда Рейхстаг тарқатиб юборилди. 7 июлда бўлиб ўтган сайловларда NSDAP 37,8% овоз билан катта ғалабани қўлга киритди ва Рейхстагда қўшимча 230 ўринни қўлга киритди. 1932 йил 6 ноябрда Рейхстагга яна сайловлар бўлиб ўтди. Бу сафар NSDAP 33,1% овозга эга бўлиб, 196 ўрин билан кифояланди. 1932 йил 3 декабрда Курт фон Шлейхер канцлер этиб тайинланди.
1933 йил 4 январда Гитлернинг банкир Шредернинг уйида сиёсатчи Папен билан учрашуви Учинчи Рейхни яратишга қўйилган биринчи қадам эди. Гитлер фон Папенга вице-канцлер лавозимини ва Германия Халқ партиясига асосий вазирликларни таклиф қилди. Фон Папен ва Гинденбургнинг Гитлер билан иттифоқи Шлейхер ҳукуматини ажратиб қўйди. 1933 йил 28 январда Шлейхер истеъфога чиқди. Айни пайтда Гитлер, Папен ва Гинденбург ҳукумат таркибини келишиб олдилар.
Гитлер – давлат раҳбари
1933 йил 30 январда Гинденбург Шлейхернинг истеъфосини қабул қилди ва Гитлерни канцлер этиб тайинлади.
Ушбу тайинлов Гитлерга ҳали мамлакат устидан тўлиқ ҳукмронликни тақдим этмаган эди. Биринчидан, Германиядаги ҳар қандай қонун Рейхстаг томонидан қабул қилиниши мумкин эди ва Гитлер партияси унда етарлича овозга эга бўлмаган. Иккинчидан, партиянинг ўзида ички бўлиниш юз берди. Эрнст Рём бошчилигидаги бир гуруҳ Гитлерга қаршилик кўрсата бошлади. Учинчидан, Рейхканцлер фақат кабинет раҳбари ҳисобланарди. Бироқ атиги бир ярим йил ичида Гитлер барча тўсиқларни олиб ташлади ва чексиз диктаторга айланди.
Ички сиёсат
Гитлер даврида ишсизлик даражаси кескин камайди. Муҳтож аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича кенг кўламли тадбирлар бошланди. Оммавий маданий ва спорт тадбирлари рағбатлантирилди. Гитлер тузуми сиёсатининг асосини Биринчи Жаҳон уруши учун қасос олишга тайёргарлик ташкил этди. Шу мақсадда саноат қайта қурилди, йирик қурилиш ишлари бошланди ва стратегик захиралар яратилди.Мамлакатда аввал коммунистик, кейин социал-демократик партиялар тақиқланди. Бир қатор партиялар ўз-ўзини тарқатиб юборишларини эълон қилишга мажбур бўлдилар. Касаба уюшмалари тугатилди, уларнинг мулки ишчилар фронтига ўтказилди. Янги ҳукуматнинг мухолифлари суд ва терговсиз концентрацион лагерларга жўнатилди.
Антисемитизм Гитлер ички сиёсатининг муҳим қисми эди. Яҳудийларни оммавий таъқиб қилиш бошланди. 1935 йил 15 сентябрда яҳудийлар фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум қилинди. 1938 йилнинг кузида бутун немис яҳудийлари қатлиоми ташкил этилди. Ушбу сиёсатнинг чўққиси бутун яҳудий жамиятини жисмонан йўқ қилишга қаратилган «эндлёзунг» (яҳудийлар масаласининг якуний ечими) операцияси бўлди. Гитлер биринчи марта 1919 йилда эълон қилган бу сиёсат яҳудийлар геноциди билан якунланди.
Ҳудудий кенгайишнинг бошланиши
Ҳокимият тепасига келганидан кўп ўтмай, Гитлер Германиянинг Версал шартномасининг ҳарбий бандларидан чиқишини эълон қилди. Танк қўшинлари яратилди ва ҳарбий авиация тикланди. Демилитаризация қилинган Рейн зонасининг мақоми бекор қилинди.1936-1939 йилларда Германия Гитлер бошчилигида Испания фуқаролар уруши франкистларига катта ёрдам кўрсатди. Бу вақтда Гитлер ўзининг оғир касаллигига ва тез орада вафот этишига ишонган ва режаларини амалга оширишга шошилган. У 1937 йил 5 ноябрда сиёсий, 1938 йил 2 майда шахсий васиятномасини ёзди.
«Time» журнали 1939 йил 2 январь сонида Гитлерни «Йил одами-1938» деб атаган. «Йил одами»га бағишланган мақолада қуйидаги сўзлар янграйди: «Немис халқининг фюрери, Германия армияси, флоти ва ҳаво кучлари бош қўмондони, Учинчи рейхнинг канцлери Гитлер».
1939 йил март ойида Чехиянинг қолган қисми ишғол қилинди, Литвага қарашли Клайпеда (Мемел вилояти) қўшиб олинди. Шундан сўнг Гитлер Польшага ҳудудий даъволар билан мурожаат қилди. Гитлер ўзининг сўнгги талаби Польшанинг иттифоқчилари – Буюк Британия ва Франция билан можаролар учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини ҳисобга олмади.
Иккинчи жаҳон уруши
1939 йил 23 августда Гитлер Совет Иттифоқи билан ўзаро ҳужум қилмаслик тўғрисидаги шартномани имзолади. 1 сентябрдаги Польшага ҳужум Иккинчи Жаҳон урушини бошлаб берди. Сентябрь ойида Польшани мағлубиятга учратган Германия 1940 йил апрель май ойларида Норвегия, Дания, Голландия, Люксембург ва Бельгияни босиб олиб, Францияга бостириб кирди. Июнь ойида Франция таслим бўлди. 1941 йил баҳорида Германия Гитлер бошчилигида Греция ва Югославияни эгаллаб олди ва 22 июнда СССРга ҳужум қилди.Бироқ 1942 йил охиридан бошлаб немис қўшинлари СССРда ва Мисрда катта мағлубиятларга учрашни бошлади. 1944 йилда деярли бутун Совет ҳудуди озод қилинди, Қизил Армия Польша ва Болқонга кириб келди. Бир вақтнинг ўзида Англия-Америка кучлари Франциянинг катта қисмини озод қилди. 1944 йил октябрь ойининг охирида жанглар Рейх ҳудудига кўчди.
Гитлерни ўлдиришга уринишлар
Адолф Гитлер ҳаётига қасд қилишга қаратилган биринчи муваффақиятсиз уриниш 1930 йилда «Каисерҳоф» меҳмонхонасида содир бўлган. Гитлер ўз тарафдорлари олдида нутқ сўзлаганидан сўнг минбардан тушаётганида номаълум кимса югуриб келиб, унинг юзига заҳар сепмоқчи бўлган. Аммо Гитлернинг қўриқчилари ҳужумчини вақтида пайқаб, уни зарарсизлантирган.1932 йил 1 мартда Мюнхен атрофида тўрт кишилик номаълум шахслар гуруҳи Гитлер ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилиш учун кетаётган поездга қарата ўқ узадилар. Гитлер ҳеч қандай зарар кўрмайди.
1932 йил 2 июнда бир гуруҳ номаълум шахслар Штралзунд шаҳри яқинидаги йўлда пистирмадан Гитлер машинасини ўққа тутадилар. Гитлер яна жароҳат олмайди.
1932 йил 4 июлда номаълум шахслар Нюрнбергда Гитлер ўтирган машинага ўқ уздилар. Гитлер қўлидан кичик жароҳат олди.
1933-1938 йиллар давомида Гитлернинг ҳаётига яна 16 марта муваффақиятсиз суиқасд қилинди.
1938 йил 9 ноябрда «Пиво исёни»нинг 15 йиллигига бағишланган байрам парадида яна бир суиқасд бесамар кетди.
1939 йил 5 октябрда Варшавада Гитлер кортежи йўлига 500 килограмм портловчи модда жойлаштирдилар, аммо номаълум сабабларга кўра бомба портламади.
1939 йил 8 ноябрда Гитлер ҳар йили NSDAP фахрийлари билан учрашадиган Мюнхендаги пивохонага қўлбола портловчи мослама ўрнатилди. Портлаш натижасида 8 киши ҳалок бўлди ва 63 киши яраланди, аммо қурбонлар орасида яна Гитлер йўқ эди.
1942 йил 15 майда Польшада бир гуруҳ одамлар Гитлер кетаётган поездга ҳужум қилди.
1943 йил 13 мартда Гитлер Смоленскка ташриф буюрганида унинг самолётига совға сифатида коняк қутисида бомба жойлаштирган, бомба яна портламаган.
1943 йил 21 мартда Гитлер Берлинда асирга олинган совет ҳарбий техникаси кўргазмасига ташриф буюрганида полковник Рудолф фон Герсдорфф ўзини Гитлер билан бирга портлатиши керак эди. Бироқ фюрер кўргазмани муддатидан олдин тарк этди ва Герсдорфф детонаторни зарарсизлантиришга зўрға улгуриб қолди.
1944 йил 14 июлда инглиз махфий хизматлари Гитлерни жисмоний йўқ қилишга қаратилган «Фоксли» операциясини ўтказмоқчи эдилар. Режа тасдиқланмай қолди ва амалга ошмади.
1944 йил 20 июлда Гитлерни ўлдириш ва иттифоқчи кучлар билан тинчлик ўрнатиш мақсадида уюштирилган суиқасдда бомба портлаши натижасида 4 киши ҳалок бўлди, бироқ Гитлер омон қолди. Шундай бўлишига қарамай, ушбу воқеа унинг соғлиғига жиддий путур етказди: ўнг қўли жиддий шикастланди, бошининг орқа қисмидаги сочлар куйиб кетди ва ўнг қулоқ пардалари йиртилиб кетди.Фюрернинг ўлими
Иттифоқчилар ва СССР контрразведка идоралари ва тегишли хизматлар томонидан сўроқ қилинган гувоҳларнинг кўрсатмаларига кўра, 1945 йил 30 апрелда Берлинда Совет қўшинлари қуршовида Гитлер рафиқаси Ева Браун билан бирга ўз жонига қасд қилди. Совет тарихшунослигида Гитлер заҳар билан ўз жонига қасд қилган деб ҳисобланади. Бироқ гувоҳларнинг сўзларига кўра, у ўзини отиб ташлаган. Шунингдек, Гитлер заҳар ампуласини тишлаб, бир вақтнинг ўзида ўзини тўппончадан отиб ўлдирган деган версия ҳам мавжуд. Гитлерга хизмат кўрсатувчи ходимларнинг гувоҳликларига кўра, 30 апрель куни тушликдан сўнг Гитлер яқинлари билан хайрлашган ва улар билан қўл бериб хайрлашиб, рафиқаси Ева Браун билан бирга ўз квартирасига йўл олади, тез орада у ердан ўқ овози эшитилади. Гитлернинг хизматкори Ҳайнц Линге фюрернинг адютанти Отто Гюнше, Геббелс, Борманн ва Ахман ҳамроҳлигида Фюрернинг квартирасига киради. Улар диванда ётган Гитлернинг жасадини аскар адёлига ўраб, Рейхканцлерлари боғига олиб боришади. Жасадлар ёқиб юборилади.
1945 йил 5 майда жасадлар тасодифан топиб олинади. Тиббий полковник Ф. I. Шкаравский қолдиқларни ўрганиш бўйича экспертлар комиссиясига бошчилик қилади. Қолдиқлар Гитлернинг танаси эканлиги Гитлернинг тиш шифокори Кете Ҳойзерман ёрдамида тасдиқланган. У жасаднинг протезлари Гитлерники билан ўхшашлигини тасдиқлади. Бироқ совет лагерларидан қайтиб келгач, у ўз кўрсатмаларидан воз кечди. 1946 йил февраль ойида тергов бўлими Гитлер ва Ева Браунларнинг жасадлари сифатида аниқланган қолдиқларни НКВД базаларидан бирида кўмди. Ушбу базанинг ҳудуди ГДРга ўтказилиши керак бўлганда Андроповнинг таклифига биноан қолдиқлар қазиб олиниб, ёқиб юборилиб, кули Элбага ташланган. Фақат протезлар ва Гитлернинг бош суягининг ўқ еган қисми сақланиб қолган бўлиб, улар Россия архивларида Гитлер ўз жонига қасд қилган диван билан бирга қон излари билан сақланади. ФСБ архиви раҳбари ўз интервьюсида протезнинг ҳақиқийлиги бир қатор халқаро экспертизалар билан исботланганлигини айтади. Бироқ Гитлернинг биографи Вернер Мазер ушбу бош суягининг бир қисми ҳақиқатан ҳам Гитлерга тегишли эканлигини рад қилади. 2009 йил сентябрь ойида Коннектикут университети тадқиқотчилари ДНК таҳлиллари натижаларига кўра бош суяги 40 ёшга тўлмаган аёлга тегишли эканлигини таъкидладилар. ФСБ вакиллари ушбу баёнотни рад этди.
2017 йил июль ойида ФСБ рухсати билан Версал-Сен-Квентин-эн-Ивелин университети олимлари гуруҳи Адолф Гитлернинг тиш парчалари устида тадқиқот олиб бориш ҳуқуқига эга бўлди. Жамоа раҳбари, профессор Филипп Шарленинг айтишича, тишлар ҳақиқатан ҳам Гитлерга тегишли. «Europeан Жоурнал оф Medicine» илмий журналида чоп этилган мақола Гитлернинг 1945 йил 30 апрелда вафот этганлиги ҳақидаги умумий қабул қилинган назарияни тасдиқлайди. Гитлернинг тишларидан порох излари топилмаган – демак у оғзига эмас, пешонасига ёки бўйнига ўқ узган, деган хулосага келишди олимлар. Мақола муаллифларининг фикрига кўра, бу тадқиқотлар Гитлер урушдан кейин тирик қолган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги барча афсоналарни яна бир бор йўқ қилди.
Адолф Гитлер ҳақида баъзи бир қарашлар
Кўпгина биографларнинг фикрига кўра, Гитлер 1931 йилдан то вафотигача вегетариан бўлган. У чекишга ҳам салбий муносабатда бўлган, шу сабабдан ҳам фашистлар Германиясида бу одат билан кураш бошланган.У чет тилидаги сўзларни ишлатишни яхши кўрган. Гитлернинг шахсий шифокори Фон Хасселбахнинг сўзларига кўра, у ҳар куни камида битта китоб ўқиган.
1936 йилда Гитлер канцлерлиги даврида Германия IV қишки Олимпия ўйинлари ва XI ёзги Олимпия ўйинларига мезбонлик қилган. Гитлер Олимпия ўйинларини икки марта очиб берган дунёдаги биринчи сиёсатчи эди.
Гитлернинг ҳаётлигида олинган ҳозиргача маълум бўлган сўнгги фотосурат 1945 йил 20 апрелда – унинг туғилган кунидан сал олдин олинган.
Гитлер образи кўплаб бадиий фильмларда акс этган. Улардан баъзиларида Гитлер шахси бош қаҳрамон ролида келади: «Гитлер: Сўнгги ўн кунлик», «Бункер», «Гитлер: Иблиснинг кўтарилиши», «Менинг курашим» ва бошқалар.
«У жангчи, бутун инсоният учун курашган курашчи, умумбашарий адолат воизи эди. Гитлер улкан ислоҳотчи бўлган, аммо унинг тарихий тақдири шундай бўлганки, у мисли кўрилмаган ваҳшийликлар даврида яшаган ва бу уни йиқитган» дейди норвегиялик ёзувчи, «Нобель» мукофоти лауреати Кнут Гамсун.
Дилбар Исматуллаева тайёрлади
Изоҳ (0)