«Роскосмос» Россия космик станциясининг биринчи модулини қуришни бошлади. Бу ҳақда давлат корпорациясининг бош директори Дмитрий Рогозин Twitter орқали маълум қилди, деб ёзади «РБК».
«Россия янги орбитал хизмат станциясининг биринчи базавий модули устида аллақачон иш бошланди. ‘Энергия’ ракета ва космик корпорацияси олдига модулнинг 2025 йилда мақсадли орбитага чиқишга тайёрлигини таъминлаш вазифаси қўйилган», — деб ёзган Рогозин.
https://twitter.com/Rogozin/status/1384407554881695750
«Роскосмос» раҳбари ўз хабарига видео ҳам илова қилган. Унда модулдаги «Энергия» корпорацияси томонидан ишлаб чиқилаётган илмий ва энергетик модулнинг герметик бўлмасини билдирувчи ёрлиқни кўриш мумкин. 2019 йилда бўлманинг ресурс синовлари якунланган, модулни Халқаро Космик Станция (ХКС) таркибида 2023 йилда ишга тушириш режалаштирилган эди. Бироқ кейинчалик ишга тушириш вақти 2024 йилга қолдирилди. Шу билан бирга, Рогозин томонидан жойлаштирилган видеода «Макет» сўзи ёзилган белги ҳам кўринади.
Аввалроқ Россия ўз орбитал станциясини яратиш ва 2025 йилдан Халқаро космик станция (ХКС) лойиҳасидан чиқиб кетиш ниятида экани маълум бўлганди. Бош вазир ёрдамчисининг сўзларига кўра, Россия расмийлари бу ҳақда ХКСдаги шерикларини «очиқ-ойдин огоҳлантиради».
«ХКСда 2024 йилгача фаолият олиб бориш тўғрисида ҳамкорларимиз билан келишувимиз бор. Ушбу муддат тугагандан сўнг, қарор қабул қилиш муддати, асосан, ўз иш фаолиятини тугатган станция модулларининг техник ҳолати, шунингдек, янги авлод орбитал хизмат кўрсатиш станциясини жойлаштириш бўйича режаларимиз асосида амалга оширилади » —дейилади «Роскосмос» хабарида.
Изоҳ (0)