«Дарё» «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида хорижда ўқиётган, меҳнат фаолиятини олиб бораётган юртдошларимиз ҳаётини ёритишда давом этади. Лойиҳанинг бу галги қаҳрамони — икки йилдан буён Франциянинг Париж шаҳрида яшаётган Ҳумоюн Мадаминов.
Ҳумоюн Мадаминов Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилган. Ҳозир 22 ёшда. Икки йилдан буён Парижда истиқомат қилмоқда. Бу йил Пантеон-Сорбонна университетининг сиёсат йўналишига қабул қилинган. Сентябрь ойидан ўқишни бошлайди.
Айни пайтда Париждаги McDonald’s шохобчасида ишлаб келмоқда.
Франция сари йўл
Бошқа тенгдошларим каби хорижга кетишимнинг асосий сабаби университетга кира олмаганим бўлган.«Дипломатия»дан йиқилганимдан сўнг, яна бир йил университетнинг ўзида ташкил этилган тайёрлов курсларига қатнамоқчи бўлганман. Бироқ маълум бир сабабларга кўра ҳамма режаларим ўзгариб кетган. Хорижга кетиш, у ердаги кучли университетларда ўқиш истаги пайдо бўлган.
Бироқ ўзим истаган олийгоҳларнинг аксарияти Америка ёки Англияда жойлашган бўлиб, ўқиш учун анчагина маблағ талаб қилинарди.
Ўша пайтлари ота-онамдан хорижга ўқишга кирсам, кетишимга рози бўласизларми, деб сўраганман. Улар бошида қароримни маъқуллашган.
Хуллас, излаб-излаб, охири Парижда жойлашган Пантеон-Сорбонна университетини топдим. У обрўси ва дипломининг кучи жиҳатидан дунёнинг энг кучли олийгоҳлари сафига кирарди. Энг муҳими, ўқиш текин эди (аммо ҳозир Франция давлат университетлари пуллик бўлган. Бир йил учун ўртача 2800 евро атрофида пул тўлаш керак).
Бу олийгоҳга кириш учун француз тилини мукаммал билишим керак эди.
Шундай қилиб, 2018 йил Тошкентга келиб, француз тилини ўргана бошладим. Бироқ орадан олти ой ўтиб, ўқишни тўхтатишимга тўғри келди. Сабаби репетиторим жуда қиммат эди. Интенсив ўтилгани учун соатига 8-9 доллар атрофида пул тўлардим. Кейин ўқитиш методикаси ёқмади. Хуллас, ўқув марказидан кетиб, ўзим мустақил тайёрланиб юрдим.
Бир куни ўқув марказидаги устозим Парижда хусусий мактаб борлиги, унга кириш учун ортиқча талаблар йўқлигини айтиб қолди. Пулини тўласангиз, ўқийвераркансиз. Ҳаттоки ҳеч қандай тил сертификати ҳам талаб қилинмас экан. Шу жойи менга роса манзур бўлиб, мактабга ҳужжатларимни топширдим.
Ўқиш нархи — 4900 евро. Олдиндан ярмини, кейинроқ қолган қисмини тўлаш мумкин экан.
Бошида ота-онам мени ҳазиллашяпти деб ўйлаган. Лекин қатъиятимни кўриб, охири рози бўлишди. Пулни ўтказганимиздан кейин улар виза учун керакли ҳужжатлар юборишди. Мен барчасини тайёрлаб, элчихонага топширдим. Бир ой деганда визам чиқди. Шундай қилиб, 1500 евро билан Ўзбекистондан чиқиб кетдим.
Виза олишда ҳеч қандай қийинчилик бўлмаган
Боиси мен Францияга талаба сифатида кетаётган эдим.Агар сиз талаба ёки сайёҳ бўлиб Франция ёки умуман Европа Иттифоқига кирувчи мамлакатларга келмоқчи бўлсангиз, виза олиш жараёнларида қийинчилик бўлмайди. Албатта, элчихона тарафидан сўраладиган ҳужжатларни тақдим эта олишингиз даркор. Яъни, сиз кирган олийгоҳдан буни тасдиқловчи ҳужжат ва банкдаги ҳисоб рақамингизда 9 минг евро атрофида маблағ борлигини элчихонага тақдим қилишингиз лозим.
Яна бир маълумот: Виза олиш харажатлари учун жами 150 доллар атрофида пул кетган.
Биласизми, кетишимдан олдин Қўқонда француз сайёҳларни кўриб қолганман. Улар билан танишиб, бирга айлангандик. Мен ҳам яқинда Францияга кетишимни айтганимда улар ўзлари кутиб олишларини айтган эди. Ростдан ҳам борганимда улар мени аэропортда кутиб олиб, меҳмонхонага жойлашишимга ёрдам берган.
Париждаги саргузаштларим ҳақида
Францияда мени ҳайратлантирган ҳолатлар кўп бўлган ва яна бу жараён ҳозир ҳам давом этмоқда. Агар сизга менинг бошимдан ўтган ажиб саргузаштларни ҳикоя қилиб бераман десам, бунга кўп вақт керак бўлади! Лекин имкон борича баъзилари ҳақида қисқача айтиб кетаман.Биласизми, мени энг ҳайратлантиргани Париждаги мусулмон муҳожирлар қароргоҳи бўлган. Сурия ва ҳар хил жойлардан келганларнинг чодирлари алоҳида қилиб қўйилган эди. Мана шунча мусулмон давлатлари туриб, Европа мамлакати уларга бошпана бергани мени қаттиқ ажаблантирган.
Қизиқ воқеаларга келсак, саргузаштлар бу ерга келганимнинг учинчи кунидан бошланган. Ўшанда тобим қочиб, ҳароратим кўтарилган. Лекин меҳмонхона нархи қимматлиги учун шу ҳолатда ҳам уй қидиришга мажбур бўлганман.
Охири бир квартирага жойлашганман. Уйнинг ҳар бир хонасида 12 нафар одам турар эди. Бироқ ҳар ненинг бир яхшилиги бўлади, дегандай ижарада турли қитъалардан келган илк хорижлик дўстларимни орттирганман.
Кейинроқ Париж марказидан уй чиқиб қолган. Ижаранинг нархи одатдагидан анча арзонлигини кўриб, ўйлаб ўтирмай квартирага етиб бордим.
Аммо уйнинг эгасини кўриб, хато қилганимни тушундим. Сабаби у ҳар хил қилиқлари қилар, айниқса, тишларини ғичир-ғичир қилиб, бир-бирига уриб кетарди. Бошида ҳазиллашяптими, деб ўйладим.
Бироқ мени яна ҳам қўрқитгани — хонанинг деворида эркакларнинг ҳар хил аъзолари, яъни нерв нуқталари кўрсатилган суратлар осилган эди. Яна хонанинг ўртасида худди шифохоналардаги каби битта каравот бор эди. Очиғини айтсам, дунё кўзимга тор кўриниб кетган.
Кейин пастга тушиб, қўшнилардан у ҳақида сўраганман. Улар уй эгасининг ақли носоғлом эканлигини, уйдан дарҳол кетишимни, у билан асло бирга турмаслигимни айтган.
Нима қилишимни билмай қолганман. Тасаввур қилинг, ҳеч кимингиз йўқ. Қаёққа, кимга мурожаат қилишни билмайсиз. Агар бирга турсак, уришиб қолсак, жаҳлда уни бирон нима қилиб қўйсам, нима бўлади, деб ўйлаб, бу уйда қолмасликка қарор қилганман.
Афсуски, унга нима деб баҳона айтишни билмасдим. Охири кийимларимни ювишга бериш учун дадам бу ерга келаётганини айтиб, уйдан юкларим билан чиқиб кетганман.
Пастга тушиб кетаётганимда у эшикни ёпишдан олдин «қайтиб келасиз-а?», деб сўраган. Мен «ҳа, албатта», деб қадамларимни тезлатганман.
Биласизми, бино тарихийлиги учун зинапоялари жудаям тор, айлана эди. Қанча тезлашганим сари худдики кимдир орқамдан қувиб келаётгандек бўлаверган. Ахийри, ундан қутулганман.
Кейинроқ яна бошқа жойдан яшашга уй топганман. Бир муддат арманистонлик йигит билан турганман. Унда ўзбекларга нисбатан қандайдир ёмон қараш бор эди. Табиийки, муносабатларда кўплаб муросасизликлар бўлган. У ердаги ҳаётим ҳақида китоб ёзсам арзийди.
Хуллас калом, бир йил давомида турли сабаблар билан беш марта кўчишимга тўғри келган.
Французлар эркинликни биринчи ўринга қўядиган халқ
Французлар чиқишувчан, одобли ва хушмуомала халқ. Одамларнинг бир-бирига муносабати, ҳурмати жуда кучли.Бирор ёқмайдиган ҳаракат қилсангиз ҳам, дарров сизга қўпол муомала қилмайди. Улар билан танишиш жуда осон. Менга французларнинг очиқлиги, дангаллиги ёқади.
Бу ерда намойишлар жуда кўп бўлади. Чунки французлар эркинликларини биринчи ўринга қўядиган ва буни қаттиқ талаб қиладиган миллат. Бирор нима бўлиб қолса ҳам, тезда тўпланиб намойиш ўтказаверади.
Келганимда «сариқ жилетли»лар томонидан иш ташлаш бошланган. Деярли икки ой давомида транспортлар ишламаган. Ундан кейин пандемия бошланди. Кўчага кўп чиқишга имкон бўлмади.
Французларнинг руслар, турклар ва хитойликларга нисбатан муносабати яхши эмас. Айниқса, хитойликларни ёмон кўришади. Чунки улар сал қўполроқ халқ.
Қолаверса, хитойликлар бу ерда кўп. Секин-секин даромадли соҳаларни эгаллаб олишяпти. Масалан, барларнинг аксарияти хитойликларга тегишли. Кейин Парижда China town деган жой бор. У ердаги ҳамма нарса, ҳатто дўконлардаги маҳсулотлар ҳам хитойча.
Францияда энг кўп ейиладиган нарса бу картошка фри ва сир. Сутли маҳсулотларни жуда яхши кўришади.
Об-ҳавосига келсак, ҳафтанинг беш куни ёмғир билан ўтади. Қолган икки кунида ҳам қуёш чиқмайди.
Деярли ҳар қадамингизда кутубхона мавжуд. Энг асосийси, улар китоблар ва ўқувчиларга тўла.
Ҳа айтганча, Францияда 6 миллион атрофида мусулмон истиқомат қилади. Дўконларда ҳалол маҳсулотлар учун алоҳида бўлимлар мавжуд. Шунингдек, ҳар қадамда ҳалол гўшт сотадиган қассобхоналар, турклар очган ресторанлар бор.
Франциядаги масжидлар сони икки мингтадан ошар экан. Уларнинг асосий қисмини мусулмонларнинг ўзлари қурган.
Мен яшайдиган жойнинг атрофида учта масжид бор. Маълумотларга қараганда, ҳозирда сўнгги можаролар туфайли уларнинг баъзиларини ёпиш ҳақида ёки маблағ келадиган жойларини тўсиб қўйиш бўйича ишлар олиб бориляпти.
Лекин афсуслар бўлсинки, бу ерда мусулмон маданиятига тўғри келмайдиган бошқа кўплаб муҳитлар ҳам бор.
Талабаларнинг ишлашига рухсат борми?
Талабаларнинг ишлашига рухсат бор. Мамлакат қонунларига кўра, ҳафтасига 20 соат дейилади, лекин 18 соатдан ортиқ ишлаш мумкин эмас.Бу ерда ишга таклифлар жуда кўп. Бунга оид махсус сайтларга кириб, иш таклифлари (қандай иш, неча соат, маоши) билан танишишингиз ёки ўзингиз эълон беришингиз мумкин.
Агар сиз иш берувчига тўғри келсангиз, суҳбатга чақириласиз. Унда асосан сиз юборган ҳужжатларингиз асосида саволлар берилади.
Ўзим мисолимда айтсам, Аллоҳга шукур, менда иш топиш қийин бўлмаган. Интернетдаги Studentjob Fr-Jobetudiant_Indeed-l’Etudiant сайтига резюме (CV) ва мотивацион хат (Lettre de motivation)ни жойлаштирганман.
Сайтга резюме жойлаштирганимдан сўнг, орадан икки ҳафталар ўтиб, McDonald’s’дан боғланиб, суҳбатга чақиришган. Суҳбатдан яхши ўтиб, 14 кундан сўнг иш бошлаганман.
Бу ерда ойига 70 соатлик шартнома асосида ишлайман. Ойлигим 800-900 еврога яқин. Аммо 300 еврога яқини солиқ ва суғурталарга чиқиб кетади. Ойликнинг қўлга тегиши 550-620 евро атрофида.
Аслини олганда, McDonald’s’га ўхшаган компаниялар айнан муҳожирларга мослашган ишхона бўлиб, асосан, четдан келганларни ишга олади ва ишга кириш учун француз тилини мукаммал билиш талаб қилинмайди.
McDonald’s’да иш жудаям қизғин. Биринчи кирган ходим ишни ошхонадан бошлайди. Мен ҳам бошида гамбургер тайёрлаганман. Орадан 4-5 ой ўтиб, ходим зерикиб қолмаслиги учун бошқа бўлимларга ўтказиб ишлатишади.
Кейин ишда катта-кичик, деган нарса йўқ. Қонунга қараб иш кўраверишади.
Франция университетларига кириш ҳақида
Авваламбор бир нарсани айтиб ўтишим лозим, ҳар бир олийгоҳга кириш жараёни ҳар хил кечади. Олийгоҳнинг нуфузи ортган сари унга кириш жараёни ҳам қийинлашиб бораверади.Менинг университетим Франциядаги энг кучли олийгоҳ ҳисобланади. Дунё миқёсида кучли 50 таликдан жой олган.
Кириш учун тил бўйича сертификат, мактабдаги баҳолар ва мотивацион хат каби ҳужжатлар сўралади.
Францияга боришнинг энг осон йўли
Бу ерга тил курсларига ҳеч қандай муаммоларсиз келиш имконияти бор. Аммо мен ёшларга бу йўлни тавсия қилмайман. Биринчидан, тил курсига келган одам ишлолмайди. Иккинчидан, тил курслари жуда қиммат — йилига 10 минг евро туради. Бундан ташқари, Франция — яшаш учун қиммат давлат. Бир ой яшашнинг ўзига 700-800 евродан кўп пул кетади. Ишламаган одам ўқиш пули, яшаш харажатлари билан ота-онасини қийнаб қўйиши мумкин.Келиш истагида бўлганлар мен каби хусусий бизнес мактабларига кириб келгани маъқул. Сабаби ҳам ишлаб, ҳам ўша хусусий мактаб ҳисобидан тил курсларига қатнасангиз бўлади.
Талабаларга ишлашни тавсия қилмайман
Чунки бизга ўхшаб, университетда ўқиш тўрт йил давом этмайди. Францияда хорижлик талабалар учун шундай система ишлаб чиқилган. Яъни ҳар ўқув йили якунида ҳукуматга бориб, баҳоларингизни кўрсатасиз ва улар сўраган ҳужжатларини тақдим этасиз.Бу уларни қониқтирса, сизга яна бир йилга визангизни янгилаб беради. Агар йилига иш соатингиз 900 соатдан ошиб кетса ёки ўқишга бормай имтиҳондан йиқилсангиз, баҳоларингиз паст бўлса, визадан айрилдим, деяверинг.
Шунинг учун талабаларга ишлашни тавсия қилмайман. Ортиқча муаммолар бўлмаслиги учун университетга кирдими, ўқиш керак!
Хорижликларга бериладиган ёрдам пуллари ҳақида
Франция ҳукумати талабаларга бундай талаблар қўйганига яраша хорижликларга моддий томондан ёрдамини аямайди. Масалан, Кафт номли ёрдам пуллари билан даромадингиз ва уйингизнинг ҳолатига қараб ижара ҳақининг 20-30 фоизи қоплаб беради.Мисол учун, бир ойга ижара ҳақи 600 евро бўлса, унинг 200-250 евроси тўлаб берилади. Агар у уй қимматроқ бўлса, пул миқдори яна ҳам ошади.
Яна бир қизиқ факт. Агар ишласангиз, ёрдам пули янаям кўп бўлади. Ишламасдан ёрдам сўрасангиз, аксинча кам беради.
Бундан ташқари, еб-ичишдан қийналаётган талабаларга ҳокимият томонидан ҳар ой текин талон берилади. У билан махсус бозорчаларга бориб, 80 еврогача маҳсулот ва озиқ-овқат сотиб олиш мумкин.
Сўраладиган ҳужжатлари ҳам оддий. Уй шартномаси, туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг французча таржимаси керак бўлади. Агар таржима варианти бўлмаса, Ўзбекистон элчихонасига борсангиз, 45 еврога тайёрлаб беришади.
Келаётганларга маслаҳатим, Ўзбекистондаёқ барча керакли ҳужжатларни французча таржимасини қилдириб келган маъқул. Ўзларига арзонроқ тушади.
Француз тилини қандай қилиб тез ўрганиш мумкин?
Очиғини айтсам, тилни ўрганиш мен учун осон бўлмаган. Репетиторга бормай қўйганимдан сўнг ўзим мустақил тайёрланишни бошлаганман.Доим даражамдаги китобларни ўқиб, таржима қилардим ва кунига 50 тадан сўз ёдлардим. Бир ҳикоя ўқисам, унинг аудиосини ҳам эшитиб, талаффузини ёдлардим.
Тўғри, анча пайтгача тушунмасдан жаҳлим чиқарди. Аммо ўзимни мажбурлаб ўқийверардим, роликлар кўраверардим.
Аксарият тил ўргатувчилар, қўшиқлар эшитишни тавсия қилади. Аммо тилни мустақил ўзлаштирган одам сифатида буни вақтни бекорга кетказиш, деган бўлардим. Чунки мусиқада ўрганадиган нарса йўқ. Унинг ўрнига ҳикоя эшитганингиз, ўқиганингиз фойдали.
Тилни энди ўрганишни бошлаган пайтларим ўқув марказига «дипломатия»дан талабалар келар эди. Айримлари 10 йилдан бери француз тилини ўрганаётганини айтарди. Аммо Б1 даражаси ҳам йўқ эди. Баъзилари тилга ихтисослашган мактабни битирса-да, имтиҳонлардан ўтолмасди.
Мен ўрганаётганимга 1,5 йил бўлди. Лекин Аллоҳга шукр, тил даражам — C1.
Назаримда тинмай китоб ўқийверганим ва энг муҳими, ўша муҳитда яшаганим менга катта фойда берган.
Қайси тил бўлишидан қатъи назар, агар одам нима учун ўрганаётганини, билганлари унинг ҳаётига қанчалик кераклигини тўлиқ англай олса, тилни жуда тез ўзлаштиради.
Қолаверса, ишонч билан айта оламанки, ҳозирги пайтда интернет қулайликларидан фойдаланиб мураббийсиз ҳам бемалол тилни ўрганиш мумкин.
Мақсадим — БМТда ишлаш
Мақсадим Францияда бакалаврни тамомлаб, Парижда жойлашган ЮНЕСКО қароргоҳида бир муддат тажриба орттириш. Кейин магистратурани Англияда давом эттирмоқчиман. Насиб бўлса, ўқишни битириб, Америкада Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ишлашни ният қилганман.Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди.
Мавзуга доир:
- «Грант ютиш учун Эйнштейн бўлиш шарт эмас». 100 минг доллар грант ютиб, Европанинг 3 университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба ҳикояси
- «Таълим тизимидаги адолатсизликлар сабаб Ўзбекистондан кетганман». Ҳиндистонда яшаётган ва Болливудда рол ўйнаган қашқадарёлик йигит ҳикояси
- «Чет элда фақат бойларнинг боласи ўқийди дейишарди». Европанинг ярмини кезган ва Польшада дастурчиликка ўқиётган ўзбекистонлик талаба ҳикояси
- «Агар ўзбеклар Иордания ҳақида билганидами, жон деб келган бўларди». Амманда таҳсил олаётган ўзбекистонлик Фадрийя Фарҳод ҳикояси
- Барчага бағрини очган Швеция нега ўзбекистонликларни қабул қилмаяпти? Швецияда саккиз йилдан бери яшаётган Аиша Алиева ҳикояси«
- Ҳаётимизни яхшилаш учун Португалияга келганмиз». Португалияда ўз бизнесини йўлга қўйган ўзбекистонлик аёл ҳикояси
- «Бир йилда ўртача 15 дақиқа электр ўчиши мумкин». Данияда яшаётган ўзбекистонлик аёл билан суҳбат
- Россияга ўқишга борган талабани қандай ҳаёт кутмоқда? Ўзбекистонлик Зарнигор Омониллаева ҳикояси
- Google’да ишлаётган ўзбек йигити нима учун Ўзбекистонга қайтмоқчи эмас?
Изоҳ (0)