Америка Қўшма Штатлари Россияга қарши янги санкцияларни тайёрлади. Чекловлар расман 15 апрелда эълон қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда Америка оммавий ахборот воситаларига таяниб, Meduza хабар берди.
Bloomberg маълумотларига кўра, санкциялар 10 га яқин жисмоний шахсга хусусан, Россия ҳукумати ва махсус хизматларига алоқадор кишиларга ва 20 га яқин компанияга таъсир қилади. Reuters ёзишича, 30 та компания чекловлар остига тушади.
Шунингдек, АҚШ Россиянинг 10 га яқин расмий вакилини мамлакатдан чиқариб юборишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Bloomberg. Аввалроқ агентлик дипломат ниқоби остида иш олиб бораётган Россия разведка хизмати ходимларини АҚШдан чиқариб юборилиши ҳақида ёзган эди.
Бундан ташқари, Америка расмийлари Россиянинг суверен қарзларига чекловлар қўймоқчи. The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, 14 июндан кейин АҚШ молия институтлари Россия Марказий банки, Россия Молия вазирлиги ва Миллий фаровонлик фондидан давлат заёмларини сотиб ололмайди.
ОАВ хабар беришича, янги санкциялар Россиянинг АҚШдаги 2020 йилги президентлик сайловларига аралашиши, АҚШ ҳукумат идораларига қилинган киберҳужум ва Россиянинг Афғонистондаги америкаликларга қарши «Толибон» жангарилари билан тил бириктиргани билан боғлиқ. Оқ уй февраль ойида Россиянинг ушбу ҳаракатлар учун АҚШ расмийлари унга қарши санкциялар режалаштираётганини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 2 март куни эса Евроиттифоқ ва АҚШ сиёсатчи Алексей Навальний билан боғлиқ вазият туфайли россиялик амалдорларга қарши санкциялар киритди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Евроиттифоқ ва АҚШнинг янги санкцияларини «Россияга қарши душманларча ҳамла» деб атади.
Изоҳ (0)