Samsung компанияси ўз маълумотларининг хавфсизлигидан хавотирланадиган инсонлар учун ўзининг янги смартфонини тақдим этди, деб хабар беради Hi-Tech.Mail.ru.
Galaxy Quantum 2 бошқа моделлардан махсус QRNG квант чипининг борлиги билан ажралиб туради. У қурилманинг платасига қотирилган бўлиб, шифрлашдаги тасодифий сонлар генерациясининг тўлиқ ишлашига жавоб беради — бу смартфонлардаги маълумотларни жиддий ҳимоялашни таъминлайди. Ўзгалар бирор усул билан смартфонни қўлга киритганда ҳам улар шифрлаш калитини барибир топа олмайди.
Миш-мишларга кўра, Galaxy Quantum 2 асосини ҳали эълон қилинмаган Galaxy А82 модели ташкил этади. Смартфонга Full HD+ сифатни қўллаб-қувватлайдиган ва 120 герц янгиланиш частотасига эга AMOLED-дисплей ўрнатилган, процессори — Snapdragon 855+, аккумулятор сиғими эса 4500 мА/соатни ташкил этади.
Квант смартфонининг биринчи версияси каби Galaxy Quantum 2 ҳам фақат Жанубий Кореяда сотувга чиқади. Унинг нархи 600 АҚШ долларини ташкил этади.
Афтидан, компания ҳозирча квант ҳимояни тажрибадан ўтказмоқда ва унинг ўртача статистик харидорга керак ёки керакмаслигини текширяпти. Кейинроқ уни қолган моделларда ҳам жорий этиш бўйича қарор қабул қилиши мумкин.
Изоҳ (0)