Германиянинг Альтернатива популистик ўнглар партияси 2021 йилнинг сентябрь ойига режалаштирилган Бундестаг сайловларида қатнашиш дастурини қабул қилди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Партия қурултойида делегатлар раҳбарият тақдим этган дастур лойиҳасининг айрим шартларини сезиларли даражада қатъийлаштирди. Қурултой иштирокчиларининг кўпчилик қисми Германиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши тарафдори эканини билдирган.
«Биз Германиянинг Европа Иттифоқидан чиқишини, шунингдек, янги Европа иқтисодий ҳамжамияти ва манфаатлар бўйича ҳамжамиятни ташкил этиш зарур деб ҳисоблаймиз», — дейилади дастурда.
Радикал сиёсий кучлар томонидан қўллаб-қувватланган партиянинг яна бир кескин талаби қочқинлар оиласининг бирлаштирилишига қўйилган тақиқ бўлди. Бундан ташқари, дастур Германия чегараларидаги назоратни ва «жисмоний тўсиқлар»ни қайта тиклашни, шунингдек, умуммиллий референдум, евродан воз кечиш, минораларнинг тақиқланиши ва анъанавий оилаларнинг қўллаб-қувватланишини ўз ичига олади.
Шу билан бирга ўнг қанот популистлари резолюцияда COVID-19’га қарши кураш сиёсати тўғрисидаги қарорда локдауннинг тугашини талаб қилиб, Германия ҳукуматини «қўрқитиш сиёсати»ни олиб борганликда айбламоқда. Радикаллар вакцина олишга ва коронавирус тестини топширишга «билвосита» мажбурлашни ҳамда ниқоб тақиш тартибини рад этмоқда.
Изоҳ (0)