Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

АҚШ коронавирус пандемиясининг тўртинчи тўлқинини бошдан кечирмоқда. Бу ҳақда мамлакат президенти Жо Байденнинг коронавирус бўйича маслаҳат қўмитаси аъзоси, эпидемиолог Майкл Остерхольм Fox News телеканалида маълум қилди, деб ёзади «РБК».

Фото: Reuters

Фото: Reuters

Эпидемиолог ўз фикрини сўнгги ойларда мамлакатда коронавируснинг жиддий хавф туғдирадиган бир нечта янги штаммлари пайдо бўлгани билан изоҳлади. «Фикримча, қайсидир маънода биз янги пандемияни деярли бошдан ўтказяпмиз. Шу билан бирга, яхши янгилик шундаки, мавжуд вакциналар вируснинг янги турларига, шу жумладан, «британча» штаммга қарши самарали таъсир кўрсатмоқда» — деди Остерхольм.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, АҚШда пандемия бошидан бери 30,7 миллиондан ортиқ одам коронавирус билан касалланган. Касалланганлар сонининг кўплиги бўйича мамлакат дунёда биринчи ўринда туради. Мамлакатда 554 мингдан ортиқ одам инфекция қурбони бўлган.

Жо Байден президентлик лавозимига киришган пайт биринчи 100 кун ичида 100 миллион америкаликни эмлашни мақсад қилган эди. Байден президентлигининг 37 куни мобайнида 50 миллион киши COVID-19’га қарши эмланди.

Март ойининг охирида Жо Байден президентлигининг дастлабки 100 кунининг охиригача, 200 миллион америкаликнинг коронавирусга қарши эмланишини ваъда қилди. Айни пайтда Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказининг (СВС) маълумотларига кўра, умумий ҳисобда мамлакатда 106 миллион киши (32%) эмланган, 61 миллион (18%) киши иккита дозани қабул қилган.

Аввалроқ Байден мамлакатда COVID-19 билан боғлиқ фавқулодда ҳолат режими узайтирилганини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 23 февраль куни Қўшма Штатларда коронавирус қурбонлари сони 500 минг кишидан ошди. Шу муносабат билан Байден вафот этганлар учун мотам белгиси сифатида бутун мамлакат бўйлаб беш кунга байроқларни туширишни буюрди.

АҚШда коронавирусдан вафот этганлар сони Биринчи ва Иккинчи жаҳон уруши ҳамда Вьетнам уруши пайтида ҳалок бўлганларнинг умумий сонидан ошиб кетган. The New York Times 21 февраль кунги сонининг биринчи саҳифасида коронавирус қурбонлари сонини англатувчи 500 мингта нуқтадан иборат график тасвирини чоп этди. Тасвир қурбонлар сонининг ўсиш «тезлигини» акс эттиради.

Изоҳ
Асосий янгиликлар