Электрон қурилмаларни ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Xiaomi компанияси ўзининг биринчи автомобилини тақдим этди — у ғилдираклар устидаги уй. Иккита слайтдан иборат тақдимот уч соатли трансляцияга айланган, унинг давомида Хитой компанияси ўзининг янгилиги ҳақида сўзлаб берган, деб хабар беради Motor.
Xiaomi Group бош директори Лей Цзюнь кемпер ҳақида батафсил маълумотларни ошкор қилмаган. Унинг сўзларига кўра, машина марка ихлосмандларидан бири учун ягона нусхада йиғилган. У Янги йилга дунё бўйлаб саёҳат қилиш мумкин бўлган Xiaomi’нинг «ақлли уй»и учун мўлжалланган қурилмалари билан тўлдирилган автомобилга эга бўлишни хоҳлаган.
Xiaomi муҳандислари жамоаси машинани яратиш устида уч ой ишлаган. Цзюнь автомобиль базасини нима ташкил этишига аниқлик киритмаган, кўринишидан у SAIC компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган Maxus V90 микроавтобусига ўхшайди. Оригинал V90 161 от кучини тақдим этишга қодир икки литрли дизель мотор билан жиҳозланган.
«Xiaomi яратадиган биринчи автомобили ғилдираклар устидаги уй бўлади деб ҳеч қачон ўйламагандим», — дейди Лей Цзюнь.
Автомобильнинг яшаш учун мўлжалланган модули турли электроника воситалари, жумладан, Xiaomi томонидан «ақлли уй» учун яратилган кўплаб гаджетлар билан бойитилган. Улар орасида кондиционер, ҳаво тозалагич, қаҳва қайнатгич, чойнак, шунингдек, кенг форматли телевизор ва ноутбук ҳам бор.
Xiaomi ғилдираклар устидаги «ақлли уй»ни серияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш-қўймаслиги номаълум.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг апрелида Xiaomi корпорацияси ўз автомобилини яратгани тўғрисида хабар берилганди. Бироқ шунча кутилганига қарамай, бу тўлақонли машина эмас, балки Suzuki Jimny моделининг 1:16 масштабда кичрайтирилган ўйинчоқ модели бўлиб чиққанди. 2021 йилнинг мартида Xiaomi ўз автомобилини яратиш устида иш бошлагани ва бунга масъул этиб компания вице-президенти Ван Чуан тайинлангани маълум бўлган эди.
Изоҳ (0)