Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Самарқанд давлат университетида декан ўринбосари 500 доллар пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда ИИВ Тергов департаменти хабар берди.

Фото: ИИВ Тергов департаменти

Фото: ИИВ Тергов департаменти

Маълум қилинишича, 30 март куни вилоят ИИБ ЖҚБ коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ва ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳар педагогика коллежи биносининг кириш қисмида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида СамДУнинг санъатшунослик факультети декани ўринбосари лавозимида ишловчи 35 ёшли Ш.П. ўзининг хизмат вазифасидан фойдаланиб, ушбу факультетнинг 1-босқич талабаси бўлган Ш.И.нинг психология фанидан оралиқ назорати имтиҳонини ижобий ҳал қилиши ва уни якуний имтиҳонга киритиши эвазига 500 долларни тадбир иштирокчиси Б.Б.дан олган вақтида ушланган.

Тезкор тадбир давомида декан ўринбосаридан олинган 500 доллар пул ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ш.П.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди (хизмат мавқейидан фойдаланиб фирибгарлик содир этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қўқон давлат педагогика институтига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 3 минг доллар олган деканга суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берилган эди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар