Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Илон Маскнинг SpaceX компаниясига тегишли Starship космик кемаси прототипи синов парвози чоғида қўниш пайтида яна портлаб кетди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар бермоқда.

Ўн биринчи серияли Starship SN11 синов қурилмаси компаниянинг Техас штатидаги Бока-Чика аҳоли пунктидаги полигонидан учирилди. Тўғридан-тўғри трансляция SpaceX’нинг Twitter’даги саҳифаси орқали олиб борилди.

Кема 10 километр баландликка чиқиб, двигателнинг ўчирилиши, аэродинамик тормозланиш ва вертикал ҳолатга қайтиш учун двигателларни қайтадан ишга туширишни муваффақиятли машқ қилди. Сўнг Ерга тушиб, қўнишдан бир дақиқа аввал портлаб кетди. SpaceX ҳозирча ҳодиса сабабини маълум қилгани йўқ.

Бу ракеталарнинг суборбитал баландликка парвоз қилиш билан боғлиқ тўртинчи муваффақиятсиз синовидир.

Starship’нинг саккизинчи ва тўққизинчи прототиплари 2020 йил декабрида ва 2021 йил февралида синов парвозлари чоғида қўниш пайтида портлаб кетган эди.

Starship SN10 (ўнинчи серияли синов қурилмаси) эса 4 март куни учирилди. Ўшанда SpaceX парвоз синовлари пайтида биринчи марта Starship прототипини қўндиришга муваффақ бўлди. Лекин у қўнганидан кейин 7 дақиқа ўтиб портлаб кетди.

Starship космик кемаси ва ўта оғир ракетаси Ерга яқин орбита, Ой ва Марсга экипаж ва юкларни олиб чиқишга мўлжалланган. Starship Ерга яқин орбитага 100 тоннадан ортиқ юкни етказишга қодир бўлган тарихдаги энг кучли ташувчи ракета бўлиши кутилмоқда.

Изоҳ
Асосий янгиликлар