Тошкент транспорт университетининг 3-босқич талабасида коронавирус аниқланди, дея хабар бермоқда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати.

Маълум қилинишича, Тошкент транспорт университетининг Авиация транспорти муҳандислиги факультети 3-курс талабасида COVID-19 вируси аниқланган. Шу сабабли ушбу факультет талабалари икки ҳафталик масофавий таълимга ўтказилган.

Қайд этилишича, факультет жойлашган ўқув биносидаги барча ходимлар ва талабалардан ПЗР тести олинган.

Бундан аввал Тошкентдаги Инҳа университети талабасида коронавирус аниқлангани сабаб икки ҳафта карантинга ёпилгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, пойтахтда коронавирусга чалиниш ҳолатлари, асосан, ўқувчилар, талабалар ва ташкилот ходимлари орасида кўпайган. Хусусан, Тошкентдаги 77 та мактабда ўқувчилар орасида коронавирус инфекцияси аниқланган, 117-сонли боғчада икки нафар тарбиячи ва болаларда коронавирус аниқлангани сабаб мазкур боғча вақтинча ёпилган.