Наманган вилоятининг Чортоқ туманида илк замонавий ёпиқ сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Ёпиқ бассейнлар ҳозиргача вилоят маркази, Поп, Чуст, Наманган ва Янгиқўрғон туманларида фаолият кўрсатган бўлса, энди чортоқлик спортчилар учун ҳам шундай имконият яратилди.
Туманнинг «Дўстлик» маҳалласи ҳудудида барпо этилган ҳавза учун 6,2 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Чортоқ болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ихтиёрига берилган мазкур иншоотда 11×25 метр ўлчамдаги сузиш ҳавзаси, мураббийлар ва шуғулланувчилар учун ювиниш, кийиниш, тиббиёт ва дезинфекция хоналари ҳамда 120 томошабинга мўлжалланган ўриндиқлар мавжуд.
Ёпиқ сузиш ҳавзасининг очилиш маросимида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этди. Маросим иштирокчилари ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишларини кузатди.
Изоҳ (0)