23 март ҳолатига кўра, Россия таълим муассасаларида ўқиётган Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу мамлакатга кириш билан боғлиқ чекловлар сақланиб қолмоқда. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси матбуот хизматининг маълум қилишича, Россия Фан ва олий таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган чет эллик талабаларнинг ушбу мамлакатга кириб келиш тартибига кўра, фақат «Роспотребнадзор» томонидан хавфсиз эпидемиологик вазиятга эришган мамлакат сифатида тавсия этилган мамлакатлар фуқаролари кириши мумкин.
Айни пайтда 25 та мамлакатдан келадиган талабаларнинг Россияга киришига рухсат берилган. Ушбу рўйхатга Ўзбекистон киритилмаган.
Элчихона хабарида таъкидланишича, талабалари Россияга киришга рухсат этилувчи давлатларнинг рўйхати «Роспотребнадзор» томонидан мунтазам равишда янгиланиб туради ва университетлар томонидан талабаларга, шу жумладан, университет веб-сайтларидаги шахсий аккаунтлари орқали, шунингдек, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги расмий саҳифалар орқали етказилади.
«Дунё»нинг дипломатик ваколатхонага таяниб ёзишича, 2020 йил охирида эълон қилинган статистик маълумотларга кўра, Россия таълим муассасаларида Ўзбекистоннинг 35 мингга яқин фуқароси таҳсил олади. Айни пайтда уларнинг 7 мингга яқини Россияга кира олмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, 16 февраль куни «Роспотребнадзор» авиақатнов тикланган мамлакатлардан келаётган хорижлик талабалар учун айрим талаблар эвазига ўқишига рухсат берган эди. Ўзбекистон ТИВ Россия Ўзбекистон фуқароларининг кириб келишлари, жумладан, ўқиш мақсадида келишлари учун ўрнатилган чекловларни бекор қилмаганини маълум қилганди.
Изоҳ (0)