Республикачилар тарихининг бошланиши
XIX асрнинг 60 йилларида аболуционистлар ҳаракати кучаяр экан, бу ўз навбатида демократлар ва виглар ўртасида турли низоларга сабаб бўла бошлади. АҚШ жамияти икки блокка бўлинди ва оқибатда қулдорликни ёқловчи – жануб ва қулларга эркинлик берилишини талаб қилувчи – шимолга бўлинди. Бундай сиёсий можаро АҚШ бошига фуқаролар урушини олиб келишини муқаррар қилиб қўйди. Қулдорлик тизимига қарши курашнинг ўзаги сифатида 1854 йилнинг 20 март санасида шимоли-ғарбий штатларда ташкил этилган янги республикачилар партияси тобора жамиятда ўзларининг илғор қарашлари билан халқ орасида обрў қозонарди. Шимолий штатлардаги об-ҳаво, жуғрофий муҳитнинг ўзига хослиги аграр соҳанинг оқсоқланишига сабаб бўларди, шу сабабдан шимоли-ғарбий штатлар АҚШдаги қулдорлик тизими ислоҳ қилинишидан манфаатдор эди. Биргина йўл эса АҚШдаги қулдорлик тизимини ислоҳ қилиш ва керак бўлса, бу тизимни бекор қилишга эришиш эди.
XIX асрнинг 40–50 йиллари шимолдаги саноатлашган буржуазия ва жанубдаги қулдорлик тузуми тарафдорлари ўртасида кескин сиёсий кураш кечган давр бўлди. 1845 йилда Техаснинг қўшиб олиниши ва 1846–1848 йилларда Мексика билан кечган урушлар асносида қулчилик тизими масаласи давлатнинг бош муаммосига айланди. Бу масалада икки сиёсий тараф ҳам ён беришни истамасди. Демократ вигларнинг ҳар икки қаноти ҳам шимолий штатлар буржуазияси ва жанубий штатлардаги мавқега эга бўлган сиёсий элитанинг қарашларини мувозанатга келтирган ҳолда мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий сиёсатини таъминлашни назарда тутарди. Шу боисдан демократлар ҳам, виглар ҳам қулдорлик масаласи чуқурлашмасдан ижобий ечим топилиши тарафдори эди. Аммо мамлакатдаги сиёсий вазият икки партиявийликка асосланган тизимнинг инқирозини яқинлаштириб борарди. Айрим тарихчилар назарида айни шу жиҳат АҚШ тарихида туб бурилиш ясаган воқеалардан бирига айланади ҳамда келажакда АҚШ тарихидаги энг қонли кечган фуқаролар урушини ҳам юзага келишига сабаб бўлади.
1854 йилда Канзас Небраска қонуни қабул қилинади. Бу қонунга кўра, шимолий штатларда 36-параллелдан шимолда жойлашган ҳудудларда қулдорлик бекор қилингани эълон қилинади. Президент Франклин Пирс мазкур қонунни қабул қилар экан, АҚШ ғарбидаги янги ерларни ўзлаштириш, темир йўл ётқизиш орқали мамлакатнинг саноатини ривожлантиришни ва қулдорлик тузумига барҳам беришни кўзлаган эди. Унинг назарида, штатлар саноатлашадиган бўлса, ёлланма ишчиларнинг кўпайиши, қуллар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйилиши керак эди. Аммо мазкур қонун келажакда жануб ва шимолий штатлар ўртасида юзага келадиган фуқаролар урушини инобатга олмаганди.
1861 йилда республикачи шимолликлар ва жанубликлар ўртасида фуқаролик уруши бошланиб кетади. Авраам Линколннинг ғалабасидан сўнг деярли 50 йил мобайнида АҚШни республикачилар бошқаради. Республикачиларнинг ҳокимиятда етакчилик даври 1912 йилда АҚШ президенти этиб сайланган Вудро Вилсон даврига келиб барҳам топади. 1912 йилдан то 1968 йилга қадар демократлар АҚШ сиёсатини белгиловчи кучга айланди ва вақти-вақти билан сайловларда республикачиларнинг, жумладан, Калвин Кулиж, Герберт Гувер, Дуайт Эйзенхауэрларнинг президент бўлиши билан сиёсий саҳнадан вақтинчалик чекиниб туради.
Республикачилар дастлаб қулдорлик борасида демократик ислоҳотларни қўллаб қувватлаб турган бўлса-да, аммо ХХ асрнинг 1940–1960 йилларига келиб республикачилар афроамерикаликларнинг озодлик учун курашлари даврида ўз сиёсий платформасига эга бўлади. Шу даврдан бошлаб республикачилар ва демократларнинг ўрни алмашди. Республикачилар партияси афроамерикаликларнинг норозилик чиқишларига ва уларнинг ўз ҳуқуқларига эга бўлишларига қарши чиқа бошлайди.
Совуқ уруш даврида эса республикачилар партияси ташқи сиёсатда коммунизмга қарши агрессив сиёсати билан тилга тушади. Тадқиқотчи Расс Белант изланишларига кўра, республикачилар президент Никсон даврида Гитлер Германияси билан ҳамкорлик қилган Шарқий Европадаги миллатчиларни АҚШга кўчиб келишига ҳам кўмак берганлигини эътироф этади.
1970 йилнинг ўрталарига келиб республикачилар партиясида инқироз бошланади. Ричард Никсон даврида вице-президент бўлган Спиро Агню коррупцион низолар ва солиқдан қочиш низоларига ўралашиб қолиши оқибатида истеъфо беради. Кейинроқ эса Никсон ҳам «Уотергейт» иши доирасидаги машмашалардан зарар кўради ва ҳукуматдан кетишга мажбур бўлади.
1970 йилларнинг охирларига келиб Роналд Рейган даврида республикачилар ўтмишдаги, хусусан, «Уотергейт» можаросида орттирган қора доғларидан халос бўла бошлайди ва Рейган даврида ҳокимият тепасига келган амалдорлар 2009 йилга қадар АҚШнинг «истеблишмент» вакиллари сифатида қолади.
Демократлар ва республикачилар ўртасидаги асосий фарқлар
Республикачилар партиясиДастлаб республикачилар партияси шимолдаги саноат буржуазияси (янкилар)нинг манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда, жанубдаги қулдорлик тузумини сақлаб қолишга интилган демократларнинг сиёсий интилишларига қарши куч сифатида юзага келади. Республикачилар қулдорликни бекор қилиш ва ерларни мулк эгасига бепул тақсимлаб бериш тарафдори бўладилар. Республикачилар 1861–1865 йиллардаги Фуқаролар урушидан кейин АҚШнинг ташқи сиёсатини белгилаб берувчи асосий ҳукмрон партияга айланади ва бу ҳолат ХХ асрнинг 30 йилларига қадар давом этади.
Вақт ўтган сари республикачилар партияси ташқи сиёсатда изоляционизм, давлатнинг иқтисодий ҳаётда иштирокини минималлаштириш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш борасидаги тадбирларга қарши турувчи куч сифатида намоён бўла бошлайди.
1950 йилларнинг ўрталарига келиб республикачилик ғоялари янгилангандай бўлади ва партия давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги мавқейи етакчи бўлишига урғу бера бошлайди. 1970 йилларнинг охирига келиб эса партия федерал ҳукуматнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги мавқейини камайтиришга, солиқларни камайтириш орқали ҳарбий харажатларга сармояни кўпайтириш тадоригига тушади ва коммунизмга қарши кураш шиори остида кўплаб тарафдорларининг овозига эга бўлади.
2000 йиллардан бошлаб республикачилар партияси давлатни ижтимоий сиёсат борасида жавобгарлигини чеклашни тақозо этувчи иқтисодий сиёсатга урғу бериб келяпти ва эркин бозор иқтисодиётини қўллаб-қувватлаган ҳолда мамлакатнинг миллий мудофаа тизимини юксалтириш ва энергетик хавфсизлик борасида мустақил бўлишга уринмоқда. Ижтимоий ҳаётда абортларга қарши кучларнинг ёнини олар экан, ноқонуний мигрантларга қарши кескин кураш сиёсатини ҳам эълон қилган.
Демократлар партияси
Дастлаб қулдорлик тузумини сақлаб қолиш ва штатлар ҳокимиятини федерал ҳокимиятдан устунлигига эриш учун кураш олиб боради. 1828–1860 йиллардаги сайловларда АҚШ сиёсий ҳаётида устун бўлган партия сифатида эътироф этилади.
Фуқаролар уруши натижасида демократлар партиясида икки оқим юзага келади. Жанубий штатлар демократлари қулдорлик тузумини сақлаб қолиш учун курашишини билдирса, шимолий штат демократлари қулдорлик масаласини ҳар бир штат ўз шароитидан келиб чиққан ҳолда ҳал қилиши кераклигини иддао қилади. Натижада демократлар орасида сиёсий бўлиниш юзага келиб, республикачиларнинг жамиятдаги мавқейи мустаҳкамланади.
Демократлар партиясининг катта сиёсий саҳнага қайтишини президент Франклин Рузвельт ва унинг «Янги курс» сиёсий дастури билан боғлашади. Франклин Рузвельтнинг «Янги курс» сиёсати бутун АҚШни қамраб олган «Буюк бўҳрон»дан олиб чиқиш ва давлатнинг иқтисодий ва ижтимоий сиёсатдаги муаммоларни бартараф қилишга қаратилган сиёсат бўлди.
Бугун партия барча соҳаларда давлатнинг етакчи бўлишига алоҳида урғу қаратмоқда. Демократлар партияси асосан Буюк кўллар жойлашган штатларда, шимоли-шарқий ва Тинч океани қирғоқларига туташ штатларда юқори мавқега эга. АҚШнинг йирик шаҳарларида ҳам демократик партиянинг нуфузи юқори.
Ҳар икки партия ҳам партия аъзоларининг, ижтимоий ташкилотлар ва компанияларнинг бадаллари ҳисобига молиялаштирилади. 1974 йилги қонунга биноан жисмоний шахснинг партия ҳисобига ўтказадиган маблағлари йилига 25 минг доллардан ошмаслиги ва партияларни миллий банклар ва корпорациялар молияламаслиги федерал сайлов кампаниялари борасидаги қонунчилик билан тақиқлаб қўйилган.
Айни пайтда АҚШда демократик партия номзоди кичик Жозеф Робинет Байден президентлик қилмоқда. Жозеф Байден 2009–2017 йиллар мобайнида президент Барак Обама даврида АҚШ вице-президенти сифатида фаолият юритган. Вице-президент бўлгунига қадар эса 1973 йилдан то 2009 йилга қадар АҚШ Конгрессига сайланган Делавер штатилик сенатор сифатида фаолият юритган.
Муаллиф фикри таҳририят фикрини англатмайди.
Изоҳ (0)