Ўзбекистон Хитой билан ҳаммуаллифликда яратилган коронавирусга қарши ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасининг 1 миллиондан ортиқ дозасини харид қилиш бўйича келишувга эришди. Вакцинани етказиб бериш ишлари март ўрталарида бошланади. Бу ҳақда инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Sinxua агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

«Кўнгиллиларда ўтказилган синовлар коронавирусга қарши Хитой вакцинаси хавфсиз ва самарали эканлигини кўрсатди. Ўзбекистонда Хитой вакцинасининг учинчи босқич синовлари ўтган йилнинг декабрида бошланган эди. Айни вақтда 7 мингдан ортиқ кўнгилли тадқиқотда иштирок этди», — дейди у.

Вазирнинг таъкидлашича, синовлар яхши натижа кўрсатган, эмланган кўнгиллиларнинг аксариятида ножўя таъсирлар кузатилмаган.

«Беморларнинг жуда кам қисмида аллергик реакциялар ва тана ҳароратининг кўтарилиши кузатилди. Ушбу белгилар назорат остида олинди ва уч-тўрт ҳафта ичида эмланган барча инсонлар ўзини яхши ҳис қилган, оддий ҳаётга қайтган», — дейди Абдураҳмонов.

Шунингдек, вазир ҳозирда Ўзбекистон Хитой томони билан 1 миллион дозадан ортиқ вакцинани харид қилиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилган.

«Ушбу вакциналар Ўзбекистонга етказиб берилгач, тахминан, март ойининг ўрталарида мамлакат аҳолисини оммавий эмлаш бошланади», — дейди у.

Аввалроқ Ўзбекистонда ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси биринчи бўлиб фойдаланиш учун рўйхатдан ўтказилгани тўғрисида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Махсус комиссия қарорига кўра, Ўзбекистонда Россиянинг Гамалея илмий-тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган «Спутник V» вакцинасини қўллашга ҳам рухсат берилганди. Коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина учун 3 триллион сўм ажратиш режалаштирилган.