Япония ҳукумати Токиода бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларини чет эллик мухлисларсиз ўтказишга қарор қилди. Бу ҳақда Kyodo News нашрига таяниб «Интерфакс» хабар берди.
Япония ҳукуматининг бундай чора кўриши коронавирус тарқалиши хавфи билан боғлиқ.
Хабарларга кўра, март ойи охирида ҳукумат, Токио—2020 ташкилий қўмитаси Халқаро Олимпия қўмитаси билан масофавий мажлис ўтказади ва натижаларга кўра якуний қарор қабул қилинади. Апрель ойида мусобақага ташриф буюриши мумкин бўлган мухлислар сони эълон қилинади.
Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинлари 2020 йил ёзида бўлиб ўтиши керак эди, лекин коронавирус пандемияси туфайли улар 2021 йилга қолдирилди. Энди Олимпиада 23 июлдан 8 августгача, Паралимпия ўйинлари 24 августдан 5 сентябргача бўлиб ўтади.
Аввалроқ Япония компанияларининг ярмидан кўпи 2021 йилги Олимпиада ўйинларига қарши эканини билдирган эди.
Изоҳ (0)