Қиролича Елизавета II нинг расмий самолётлар парки мудофаа харажатларини қисқартириш доирасида сотилади. Шундай қилиб, қиролича ва қироллик оиласининг бошқа аъзолари шахсий самолётларсиз қолади, деб ёзади «РБК » The Telegraph’га таяниб.
Қайд этилишича, келаси йилда тўртта BАE-146 самолёти Ҳарбий ҳаво кучлари таркибидан чиқарилади. Қиролича ўз ҳукмронлиги даврида биринчи марта шахсий самолётсиз қолади. Катта эҳтимол билан Елизавета II бош вазир Борис Жонсоннинг яқинда модернизация қилинган RАF Voyager самолётидан фойдаланади.
Аввалроқ ушбу самолёт ҳавода ёнилғи қуядиган самолёт сифатида ишлатилган бўлса, 2016 йилда модернизация қилингандан сўнг мамлакат раҳбарияти томонидан фойдаланишга топширилган. Хусусан, бортда офис жиҳозланган, 60 га яқин бизнес-класс ўриндиқлари, шунингдек, 100 та эконом-класс ўриндиқлари ўрнатилган. Бундан ташқари, самолёт ракетага қарши тизим билан жиҳозланган.
Daily Mail’нинг ёзишича, BАE-146 Лондон ғарбида жойлашган Буюк Британия ҳарбий ҳаво кучларининг 32-эскадрилясига бириктирилган. Авиапаркда, шунингдек, қиролича фойдаланишда давом этадиган АW-109 вертолёти мавжуд.
The Telegraph’да қайд этилишича, BАE-146 самолётлари қироллик оиласи томонидан 1990 йилларнинг ўрталаридан бери фойдаланиб келинган. Ушбу турдаги самолётлар Британиянинг British Aerospace компанияси томонидан 2001 йилгача ишлаб чиқарилган.
Изоҳ (0)