Андижонда ҳомиладор аёл уйида босқинчилик қилиб, унинг тақинчоқларини зўрлик билан ўғирлаб кетган шахс қўлга олинди, дея хабар қилмоқда Тергов департаменти.
Қайд этилишича, 2021 йилнинг 2 март куни соат 10:00 ларда номаълум шахс юзларига ниқоб тақиб олиб, электрошокер билан қуролланган ҳолда Марҳамат тумани «Турон» маҳалласида яшовчи, ҳомиладор бўлган 28 ёшли Н.Т.нинг хонадонига ғайриқонуний равишда киради.
Босқинчи Н.Т.дан тақиб олган тилла тақинчоқларини беришини талаб қилиб, унга электрошокер билан ҳужум қилади. У аёлнинг тақинчоқларини зўрлик ишлатиб олиб, девор ошиш йўли орқали уйдан чиқиб қочиб кетаётган вақтида маҳаллада яшовчи фуқаролар томонидан ушланади.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни 26 ёшли М.М. содир этганлиги аниқланиб, тилла тақинчоқлар ва электрошокер мосламаси ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Марҳамат тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан М.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «в» банди (уй-жойга ғайриқонуний равишда кирган ҳолда босқинчилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.
Таъкидланишича, Жиноят кодексининг нормаларига кўра, мазкур жиноятни содир этган шахс 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Бундан аввал Россияда 23 йилни қамоқда ўтказган ўзбекистонлик Тошкентга қайтиши билан яна озодликдан маҳрум қилингани, Янгийўлда ҳомиладор аёлни боғлаб қўйиб, босқинчилик уюштирган 5 киши қўлга олингани ҳамда Андижонда 28 ёшли аёлнинг уйига бостириб кириб, пул талаб қилган фуқароларга суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)