Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 5 март, жума куни Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари этиб тайинланган, элчи Шарлотта Адрианни қабул қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар қилди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Элчи вазирга ишонч ёрлиқлари нусхасини топширди.

Абдулазиз Комилов Европа Иттифоқи делегацияси раҳбарини мазкур тайинлов билан табриклади, унга Ўзбекистон ва Евроиттифоқ ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашда муваффақиятлар тилади.

Суҳбат давомида Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистон ва Евроиттифоқ ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича музокаралар жараёнини ижобий баҳолади.

Бўлажак қўшма тадбирлар, жумладан, Ўзбекистон—Европа Иттифоқи ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши, Европа Иттифоқи—Марказий Осиё сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича юқори даражадаги мулоқотининг навбатдаги даврасини ўтказиш жадвали, кун тартиби ва ташкилий масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистонга GSP+ мақоми 2021 йил март ойининг охирига қадар берилишига умид билдирилди, бу эса Ўзбекистон ва ЕИ мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни оширишга ёрдам беради.

ЕИ билан таълим соҳасида, хусусан, янги Erasmus дастури орқали яқин ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирилди.

Учрашувда умумий кун тартибининг бошқа масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Бундан аввал Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифи санасига аниқлик киритилгани, Ўзбекистон ва Россия ТИВ раҳбарлари Шавкат Мирзиёевнинг Москвага кутилаётган ташрифига тайёргарликни муҳокама қилгани ҳамда Абдулазиз Комилов Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашиб, унга Шавкат Мирзиёев мактубини топширгани ҳақида хабар қилинганди.