Президент Шавкат Мирзиёевнинг Москвага ташрифи давомида Ўзбекистонда ва Россия ўртасида 30 га яқин ҳужжатни имзолаш режалаштирилган, деб хабар беради Россия ТИВ матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Ўзбекистон — Россиянинг Марказий Осиёдаги стратегик шериги ва иттифоқдоши. Россия—Ўзбекистон муносабатлари интенсив ва ишончли сиёсий мулоқот билан ажралиб туради, турли соҳаларда изчил ривожланиб бораётган анъанавий дўстона характерга эга», — дейилади вазирлик хабарида.

Россия Ўзбекистоннинг ташқи савдо шериклари ўртасида етакчи ўринни эгаллайди. 2017—2020 йилларда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлашнинг юқори ўсиш суръатлари бу борадаги кўрсаткичларни икки баравар ошириш имконини берди. 2020 йил якунларига кўра, товар айланмаси ҳажми 5,9 миллиард долларни ташкил этган (2016 йилда — 2,7 миллиард доллар), Россия экспорти 2019 йилга нисбатан 19,2 фоизга, (4,7 миллиард доллар), Ўзбекистон маҳсулотларининг импорти эса 3,7 фоиз ошган (1,2 миллиард доллар).

Россия томонидан Ўзбекистонга етказиб бериладиган асосий товарлар: машиналар, ускуналар ва транспорт воситалари (25 фоиз, 1,65 миллиард доллар), металл ва улардан тайёрланган буюмлар (24,2 фоиз, 1,13 миллиард доллар), озиқ-овқат маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги хом ашёси (14,6 фоиз, 0,7 миллиард доллар), ёғоч ва целлюлоза-қоғоз маҳсулотлари (12 фоиз, 0,6 миллиард доллар), кимё саноати маҳсулотлари, каучук (11 фоиз, 0,5 миллиард доллар), минерал маҳсулотлар (9,4 фоиз, 0,4 миллиард доллар).

Ўзбекистон импортининг асосий қисмини тўқимачилик, ундан тайёрланган маҳсулотлар ва оёқ кийимлар (57 фоиз, 0,7 миллиард доллар), озиқ-овқат маҳсулотлари ва уларнинг хом ашёси (27,6 фоиз, 0,34 миллиард доллар) ва кимё саноати маҳсулотлари, каучук (6,5 фоиз, 0,08 миллиард доллар) ташкил этмоқда. Россияда ўзбек капитали иштирокидаги 600 дан ортиқ корхона фаолият юритяпти.

«Икки мамлакат раҳбарияти ўзаро савдо ҳажмини ўрта муддатли истиқболда 10 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйган», — дейилади Россия ТИВ хабарида.

«Икки томонлама ҳамкорлигимизнинг ‘флагман’ йўналиши дея Ўзбекистонда Марказий Осиё минтақасидаги биринчи атом электростанциясининг қурилишини айтиб ўтиш мумкин. Бугунги кунда АЭС қурилиши бўйича асосий ишларни амалга ошириш учун ‘йўл харитаси’ имзоланган. Ўзбекистоннинг атом саноати учун малакали кадрларни тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Россия ОТМларида атом энергетикаси бўйича 62 нафар ўзбекистонлик талаба ўқияпти. 2019 йилнинг сентябрида Тошкентда ‘Москва муҳандислик-физика институти’ миллий тадқиқот ядро университетининг биринчи хорижий филиали очилган эди», — дея қайд этилади хабарда.

Шунингдек, Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий ҳамда ҳарбий-техник ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Россия ва Ўзбекистон ўртасида 2016 йилнинг ноябридан бери амалда бўлган ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги шартнома Ўзбекистоннинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш манфаатлари йўлида стратегик ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратмоқда, бу айниқса, ортиб бораётган янги таҳдид ва чақириқлар фонида муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Қуролли кучлари жамоалари Халқаро армия ўйинларида иштирок этмоқда, ўзбекистонлик экспертлар мусобақаларда кузатувчи сифатида қатнашяпти.

Таъкидланишича, Россия ўзбекистонлик ёшлар Россия ОТМларида олий таълимни олиши учун кенг имкониятларни бундан кейин ҳам тақдим этишга тайёр. Ўзбекистонда Россиянинг 12 та олий таълим муассасасининг филиаллари фаолият юритмоқда. Россиянинг ўзида эса 35 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси олий таълим даргоҳларида ўқияпти, уларнинг 8,5 минги — бюджет асосида.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2021 йилда Россияга давлат ташрифи билан бориши ҳақида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг 21 декабрь куни россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан учрашувида айтиб ўтган эди. Ўзбекистон Президенти Россияда охирги марта 2020 йилнинг июнь ойида амалий ташриф билан бўлган эди.