Президент Шавкат Мирзиёев 25 февраль куни янги таҳрирдаги «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги қонунни имзолади, деб хабар беради «Халқ сўзи online». Ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 10 ноябрь куни қабул қилинган ва 5 февраль куни Сенат томонидан маъқулланган. Қонун уч ойдан сўнг кучга киради.
Қонун муҳокамаси вақтида сенаторлар томонидан қайд этилишича, бу борадаги амалда бўлган қонун 2000 йилда қабул қилинган. Ислоҳотлар туфайли сўнгги йилларда аудит бозорида рўй берган ўзгаришлар унинг тўғридан-тўғри амал қилиш сифатларини пасайтириб, самарасиз, бугунги талабларга тўлиқ жавоб бермайдиган ҳолга келтирган.
Ушбу қонун халқаро принциплар ва илғор хорижий тажрибалар асосида аудиторлик фаолиятини тартибга солишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмини яратиш мақсадида ишлаб чиқилган. Мазкур ҳужжат бозор иқтисодиёти талабларига жавоб берадиган аудиторлик хизматини ташкил этиш, иш сифати ва аудиторлик касбининг нуфузини оширишни ҳам назарда тутади.
Қонуннинг муҳим жиҳатларидан яна бири – аудиторлик фаолиятининг лицензияланадиган фаолият турлари таркибидан чиқарилишининг белгиланаётгани ҳамдир.
Қонун билан аудиторлик фаолияти фақат Аудитнинг халқаро стандартлари асосида амалга оширишга ўтказилмоқда. Мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши зарур бўлган ижтимоий аҳамиятга эга ташкилотлар рўйхати ҳам шакллантирилмоқда.
Шунингдек, аудиторлик ташкилотларига қулайлик ва енгилликлар яратиш мақсадида уларнинг устав капитали миқдорига бўлган талаб бекор қилинмоқда ҳамда улардаги аудиторларнинг энг кам сони камида тўрт нафар бўлиши ҳам назарда тутилмоқда.
Халқаро амалиётдан келиб чиққан ҳолда айнан битта хўжалик юритувчи субъектда аудиторлик текширувини кетма-кет етти йилгача ўтказишга рухсат берилмоқда.
«Таваккалчилик-таҳлили» асосида аудиторлик ташкилотлари иши сифатини ташқи назоратдан ўтказиш ва унинг натижаларини ваколатли давлат органи ва аудиторлар республика жамоат бирлашмаларининг расмий веб-сайтида эълон қилиш назарда тутилмоқда.
Мавзуга доир: Лицензиялар бекор бўляпти: бу бизга нима беради?