Марғилон шаҳрида жуда кўп миқдордаги солиқларни тўламаган корхона раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Маълум қилинишича, Департаментнинг Марғилон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувида Н.К. исмли шахс ўзи ва бошқа фуқаролар номига жами 11 та хўжалик юритувчи субъектларини ташкил этган. У қисқа вақт ичида 22,8 миллиард сўм товар айланмасини амалга ошириб, 1,4 миллиард сўм солиқ тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаган.
Шунингдек, аниқланишича, Н.К. 10,3 миллиард сўмлик маҳсулотлар сотувидан тушган нақд пулларни банкдаги ҳисоб рақамига топширмаган, фаолияти давомида Malibu-2, Nexia-3 ва Spark русумли автотранспорт воситаларини харид қилиб, жиноий фаолиятдан олинган даромадларини легаллаштирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 184-моддаси (солиқларни тўлашдан бўйин товлаш), 189-моддаси (савдо қоидаларини бузиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Самарқанддаги корхона мансабдор шахслари салкам 12,5 млрд сўмни талон-торож қилгани маълум бўлгани, Андижонда 470 млн сўм кредит маблағини талон-торож қилган банк ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, Самарқанд вилоятидаги қурилиш-таъмирлаш ишларида 7 млрд сўм талон-торож қилингани тўғрисида хабар берилганди.