Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусга расмий ташрифи доирасида имзоланган Ўзбекистон ҳукумати билан Беларусь ҳукумати ўртасидаги минтақалараро ҳамкорлик тўғрисида битим 2021 йил 18 февралдан кучга кирди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Битим икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш соҳаларида алоқаларни ривожлантириш ва фаоллаштиришга хизмат қилади.
Таъкидланишича, ҳужжатда икки давлат минтақалари ўртасида бевосита турист алмашинувини ташкил қилиш, минтақалар жозибадорлигини оширишга қаратилган туризм соҳасидаги қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш келишуви акс эттирилган.
Мазкур ҳукуматлараро битимни амалга ошириш учун Ўзбекистон томонидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги масъул этиб белгиланган.
Бундан аввал Путин ва Лукашенко Сочида музокаралар ўтказгандан кейин улар чанғи ва қор мотоциклларида бирга сайр қилгани, Лукашенко смартфонлардан воз кечишга чақиргани ҳамда Европарламент Беларусь АЭСнинг ишга туширилишини тўхтатишни талаб қилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)