Нидерландиянинг Мерссен ҳудуди осмонида Boeing 747-400 юк самолётининг двигатели ёниб кетди. Унинг парчалари аҳоли яшаш пунктига тушди ва бир аёлни жароҳатлади. Бу ҳақда NL Times хабар берди.

Фото: Wikipedia

Маълумот берилишича, самолёт Маастрихтдан Нью-Йоркка қараб йўл олган, лекин парвоз вақтида унинг двигатели ёниб кетган. Шундан кейин самолётнинг баъзи қисмлари ерга тушган. Деталлардан бири ўша ерда яшовчи аёлга тегиб, жароҳат етказган. Шунингдек, бир нечта автомобилга ҳам шикаст етган.

Шу сабабли самолёт Бельгиянинг Льеж шаҳрига фавқулодда қўнишга мажбур бўлди.

Таъкидланишича, бу вазиятда самолётнинг ўзи хавф остида бўлмаган, чунки унинг тўртта двигатели бўлиб, самолёт уларнинг биттаси билан ҳам учиши мумкин эди.

Аввалроқ АҚШда самолёт двигатели билан боғлиқ ҳодисадан кейин Boeing компаниясига 777 лайнерлар парвозини тўхтатиш тавсия қилингани ва мамлакатда Boeing йўловчи самолётининг ёнган двигатели қопламаси аҳоли яшайдиган ҳудудга тушгани ҳақида хабар берилган эди.