Америкада 48 ёшли Жозеф Дэвис исмли эркак 2015 йилдан буён учрашиб келган суюклисининг узугини ўғирлаб, унинг ёрдамида бошқа бир қизнинг қўлини сўради. Бу ҳақда Флорида штатидаги Волуша округи полициясига таяниб, Esquire хабар берди.
Ҳуқуқ-тартибот идорасига иккала қиз ҳам мурожаат қилган. Биринчи қизнинг сўзларига кўра, унинг суйгани ўзини Жо Браун дея таништирган. Facebook орқали у ўзи кўнгил қўйган эркак бошқа бир аёл билан унаштирилганидан хабар топган. Бундан ташқари, у суратдаги номаълум аёлнинг қўлида ўзининг олдинги турмушидан қолган узукка ўхшаш узукни пайқаб қолган.
Шунда аёл ғаладонига қараб, у ерда узук ва бошқа бир қатор қимматбаҳо буюмлар йўқолганини кўриб қолган. Ўғирланган буюмларнинг умумий қиймати 6270 долларни ташкил этган.
Севгиси рад этилган америкалик барчаси ҳақида Брауннинг орландолик «севгилиси»га айтиб берган ва у ҳам эркак билан ажрашган. У суюклиси ноқонуний йўл билан қўлга киритган қимматбаҳо буюмларининг бир қанчасини жабрланувчига қайтариб берган. Иккинчи аёлнинг сўзларига кўра, эркак унга ўзини Маркус Браун деб таништирган ва улар 2016 йилдан буён учрашиб келган.
Иккинчи жабрланувчининг маълум қилишича, унинг севгани муносабатларига якун етгач ноутбук ва қимматбаҳо буюмларини ўғирлаб кетган. Шунингдек, аниқланишича, ҳозирча Оранж-Ситида истиқомат қилувчи аёл (биринчи) уйида бўлмаган вақтда эркак у ерда иккинчи рақамли қизни олиб келган ва унинг уйига кўчиб ўтиш таклифини билдирган. Келин буюмларини йиғиштириб, кўчишга рози бўлган бир пайтда эркак фикридан қайтиб қолган.
Полициянинг аниқлашича, фирибгарнинг асл исми — Жозеф Луи Дэвис. Иккала қиз билан ҳам у OKCupid танишув сайти орқали танишган. Эркак бир неча бор судланган. Полиция ҳозирда уни қидирмоқда.
Изоҳ (0)